Хоразм вилоятида энергия самарадорлигини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди
2026-03-04 17:00:00 / Янгиликлар

Энергия самарадорлиги миллий агентлиги мутахассислари томонидан Хоразм вилоятининг Боғот, Хазорасп ва Тупроққалъа туманлари, шунингдек Урганч шаҳри ва Урганч тумани ҳоким ёрдамчилари иштирокида семинар ташкил этилди. Тадбирда камбағалликни қисқартириш, хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, фуқароларнинг даромад манбаларини кенгайтириш ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги вакиллари томонидан энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадор технологияларни жорий этиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида энергия истеъмоли маданиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, аҳоли хонадонларида энергия самарадор тизимларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан берилаётган имтиёз ва субсидиялар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, аҳоли турар жойларида энергия аудитини ўтказиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши, қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар қийматининг 20 фоизи субсидия сифатида ажратилиши, иссиқлик насослари харажатларининг 40 фоизигача давлат томонидан қопланиши ҳамда "Яшил таъмир" кредитлари бўйича фоиз ставкасининг 19 фоиздан ортиқ қисми субсидия қилиниши таъкидланди.
Семинар давомида хонадонларни энергия самарадор технологиялар билан жиҳозлашнинг афзалликлари, хусусан, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, харажатларни камайтириш ва уй-жойларнинг энергия самарадорлигини ошириш имкониятлари амалий мисоллар орқали ёритиб берилди. Олиб борилаётган ислоҳотларни самарали ташкил этиш, амалий натижадорликни ошириш ҳамда аҳоли билан манзилли ишлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.



