Ҳудудларда энергия самарадорлигини оширишга бағишланган семинарлар ўтказилмоқда
2026-03-04 13:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан ҳудудларда энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва аҳолининг энергия истеъмоли маданиятини юксалтиришга қаратилган қатор семинарлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида Агентлик ходимлари ҳамда туман ҳокими иштирокида семинар ўтказилди. Тадбирда ҳудудда энергия самарадорлигини ошириш, қуёш панеллари, гелиоколлекторлар ва бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинар давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 673-сонли "Энергия сервис хизматлари бозорини шакллантириш ҳамда аҳоли уй-жойларининг энергия самарадорлиги оширилишини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Иштирокчиларга аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун яратилган субсидиялаш имкониятлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, уй-жойларни энергия аудитидан ўтказиш харажатларининг 100 фоизигача қоплаб берилиши, қуёш панеллари, гелиоколлекторлар ва энергия тежовчи қурилмалар қийматининг 20 фоизи субсидия сифатида ажратилиши ҳамда иссиқлик насосларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг 40 фоизигача (БҲМнинг 50 бараваригача) давлат томонидан қопланиши таъкидланди.
Шунингдек, тўқимачилик корхоналарига қуёш панеллари ўрнатиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг 10 фоиз бандигача қисми компенсация қилиниши ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, Агентлик томонидан Термиз шаҳридаги Бўстон МФЙ ҳудудида аҳоли ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида семинар ташкил этилиб, энергия самарадор технологиялардан фойдаланишнинг афзалликлари ҳамда субсидиялардан фойдаланиш тартиби юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Семинарлар ҳудудларда энергия самарадорлигини ошириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.


