Энергия самарадорлиги миллий агентлиги “Ноль энергия сарфли бинолар” концепциясини ишлаб чиқади
2026-02-18 17:05:00 / Янгиликлар

2026 йил 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-22-сонли “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш ҳамда ички бозорда талабни рағбатлантириш бўйича саноатда меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлигини икки карра ошириш вазифаси белгиланди.
Фармон доирасида саноатда меҳнат унумдорлиги кўрсаткичини ошириш, жумладан, корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, ходимлар малакасини ошириш, замонавий технологиялар трансфертини қўллаб-қувватлаш чоралари кўзда тутилган. Шу билан бирга:
- энергия аудитини ўтказиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир корхона учун 100 миллион сўмдан ошмаган миқдорда субсидия ажратилади;
- энергия самарадорлиги тадбирлари учун ажратиладиган кредитлар бўйича 18 фоиздан юқори қисми, аммо 6 фоизлик банддан ошмаган қисми тижорат банкларига қоплаб берилади.
Дастурда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 34,8 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда:
- қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган корхона ва ташкилотлар, аҳоли турар-жойларида манбанинг ишлаш самарадорлигини ва эришилган натижаларни доимий мониторинг қилинади;
- кўп квартирали уйларнинг ички иссиқлик тизимини янада такомиллаштириш ва уларда “яшил” энергия манбалардан фойдаланишни кенгайтириш йўналишида иссиқлик тизимини энергия тежамкор технологиялар асосида модернизaция қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилади;
- 2026 йил иккинчи ярмида қуёш панеллари ва геотермал қувватдан фойдаланиш пилот лойиҳалар амалга оширилади;
- йил якунига келиб жорий этилган тизимларда энергия тежаш самарадорлиги баҳоланади.
Шунингдек, кўп квартирали уй-жойларнинг энергия самарадорлигини ошириш ва энергия йўқотишларини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар, “яшил энергия” технологияларини кенг жорий қилиш доирасида насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 6 400 миллиард кВт/соатга етказиш чоралари белгиланган.
2026 йилда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги томонидан “Ноль энергия сарфли бинолар” концепцияси ишлаб чиқилади. Мазкур концепция асосида ижтимоий соҳа объектлари ва давлат муассасалари биноларини босқичма-босқич модернизация қилиш ҳамда энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, мамлакатнинг Энергия самарадорлигини ошириш миллий стратегиясини ишлаб чиқиши белгиланмоқда.
Ушбу Фармон мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Белгиланган вазифалар ижроси саноат рақобатбардошлигини кучайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
