Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ва IFC ўртасида "Яшил бинолар" йўналишида ҳамкорлик битими имзоланди
2026-02-04 08:50:00 / Янгиликлар

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ҳамда Халқаро молия корпорацияси (IFC) ўртасида ҳамкорлик битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда энергия тежамкор ва экологик барқарор қурилиш амалиётларини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, унинг доирасида Агентлик ва IFC ҳамкорлигида "Яшил бинолар" лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида "яшил" биноларни қуриш ва модернизация қилишни қўллаб-қувватлашга қаратилган молиявий ҳамда номолиявий рағбатлантириш пакетини ишлаб чиқиш ва жорий этиш кўзда тутилган.
Ҳамкорлик битими Ўзбекистонда "яшил" қурилиш амалиётларини жадал жорий этиш учун кенг қамровли рағбатлантириш чоралари мажмуасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни назарда тутади. Ушбу жараёнда вазирликлар ва давлат идоралари ўртасида тармоқлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, тариф ислоҳотлари, имтиёзли кредит механизмлари ҳамда бошқа қўллаб-қувватловчи инструментларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.
Ҳамкорлик доирасида "яшил" бинолар учун рағбатлантириш чораларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилиши белгиланди. Ушбу ишчи гуруҳ таркибига Марказий банк, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги ваколатли ташкилотлар, "Ўзстандарт" агентлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар жалб этилади.
Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши "яшил" бинолар учун норматив ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни қамраб олади. Хусусан, «яшил» биноларни сертификатлаш тизимини жорий этиш, рағбатлантириш механизмлари, тартиб-таомиллар ва институционал тузилмаларни шакллантириш режалаштирилган.
Шунингдек, "Яшил маҳаллалар" концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу концепцияни тасдиқлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарорини қабул қилиш жараёнида IFC томонидан консалтинг хизматлари кўрсатилади. Ушбу концепция аҳоли яшаш муҳитининг энергия самарадорлигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олиб, Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ва IFC ўртасида тегишли шартнома имзоланди. Мазкур ҳамкорлик мамлакатда "яшил" иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш, энергия истеъмоли самарадорлигини ошириш ҳамда халқаро илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.


