Энергия аудит соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди
2026-01-25 09:55:00 / Янгиликлар

2026 йил 24 январь куни Тошкент шаҳрида Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ташаббуси билан “Энергия аудит соҳасидаги долзарб масалалар” мавзусида республика семинари бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Энергетика вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ўзенергоинспекция вакиллари, халқаро ташкилотлар, энергия аудиторлари ва менежерларини тайёрловчи таълим муассасалари, Энергетиклар уюшмаси, энергия аудит ташкилотлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад энергия аудит соҳасида мавжуд муаммоларни атрофлича муҳокама қилиш, амалдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, энергия аудит хизматлари сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган амалий таклифларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Тадбир давомида энергия аудитини ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича жорий этилган Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси — esma.uzex.uz имкониятлари муҳокама қилинди. Мазкур платформа орқали энергия аудитни ўтказиш, аудиторларни танлаш, ҳисоботларни шакллантириш ҳамда хизматлар шаффофлигини таъминлаш механизмлари кўриб чиқилди. Платформа оператори Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси ҳисобланади.
Семинарда энергия аудиторларини сертификатлаш жараёнлари ҳам алоҳида муҳокама этилди. Таъкидланганидек, сертификатлаш икки йўналишда — бино-иншоотлар ва саноат йўналишлари бўйича амалга оширилади. Ўқув модуллари бино-иншоотлар йўналишида 48 соатни, саноат йўналишида эса 144 соатни ташкил этади.
Энергия аудиторларининг ягона реестрини юритиш, уларнинг малака тоифаларини аниқлаш, рейтинг тизимини жорий этиш ҳамда реестр орқали давлат ва хусусий сектор объектларида энергия аудитини ўтказиш амалиётини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда платформада энергия аудиторларининг ягона реестрини юритиш модули ишга туширилган.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзенергоинспекция ҳамда JICA (Япония) ва DENA (Германия) ташкилотлари билан ҳамкорликда 10 та таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида энергия аудиторларини тайёрлаш ва уларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилди.
Шунингдек, аҳоли уй-жойлари учун энергия аудитини ташкил этиш, энергия самарадор қурилмаларни ўрнатишга қаратилган рағбатлантириш чоралари юзасидан семинар иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 октябрдаги 673-сон қарорига мувофиқ, аҳоли уй-жойларини энергия аудитидан ўтказиш харажатларининг 100 фоизи, қуёш панеллари, гелиоколлекторлар, маиший иситиш қозонлари ва бошқа энергия самарадор қурилмаларни харид қилиш ҳамда ўрнатиш харажатларининг 20 фоизи, иссиқлик насосларини харид қилиш ва ўрнатиш харажатларининг 40 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши белгиланган.
2025 йил давомида Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали фуқароларга энергия аудити ҳамда энергия самарадор қурилмалар хариди ва уларни ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича жами 1 224,1 млн сўм миқдорида субсидия ажратилди. Ушбу маблағларнинг 1 111,3 млн сўм (90,8%) қисми энергия самарадор қурилмалар, 112,8 млн сўм (9,2%) эса энергия аудит харажатларини қоплаб беришга йўналтирилган.
Семинар якунида энергия аудит соҳасини янада ривожлантириш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда энергия аудит хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича қатор муҳим таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Билдирилган фикр-мулоҳазалар ва илгари сурилган ташаббуслар энергия аудитни ташкил этиш механизмларини такомиллаштириш, Энергия самарадорлигини ошириш рақамли платформаси орқали соҳада шаффофлик ва рақобатни кучайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.






