2026-2028 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш Дастури тасдиқланди
2026-01-07 17:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги қарори билан 2026—2028 йилларда мамлакатнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган янги Дастур тасдиқланди. Ушбу қарор “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш, атроф-муҳитни асраш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда “яшил” иқтисодиёт тамойилларини ҳудудларда кенг жорий этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қарорга мувофиқ, Дастурнинг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида қурилиш объектларини лойиҳалашда “яшил” технологияларни кенг қўллаш, энергия самарадорлиги стандартларига тўлиқ риоя этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш белгилаб қўйилди.
Шунингдек, қарорда иссиқлик таъминоти объектларининг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида замонавий энергия тежамкор ускуналар ўрнатиш ишларига 70 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши назарда тутилган. Мазкур чора-тадбирлар аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор ҳамда сифатли иссиқлик билан таъминлаш, шу орқали энергия сарфини камайтириш имконини беради.
Қарорга кўра, Дастур доирасида янгидан бошланадиган объектларни лойиҳалаштириш жараёнида қурилишнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, замонавий энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини жорий этиш, экологик тоза ҳамда энергия самарадорлиги юқори бўлган қурилиш материалларидан фойдаланиш мажбурий талаб сифатида белгиланди. Ушбу талаблар инобатга олинмаган лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилишига йўл қўйилмайди.
Ушбу қарор ижроси натижасида мамлакат ҳудудларида, айниқса маҳаллаларда замонавий, энергия самарадор ва экологик барқарор инфратузилма шакллантирилиши, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай муҳит яратилиши кутилмоқда. Бу эса “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим қадам ҳисобланади.
