Коррупцияга қарши кураш – барқарор тараққиёт кафолати
2025-04-17 16:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда туман Кенгаши раиси У.Каримов сўзга чиқиб, жорий йилнинг 5 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий Кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида илгари сурилган ташаббус ва вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди. Ушбу йиғилишда коррупция иллатига қарши курашиш борасидаги янги ёндашувлар, ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ва жамиятда соғлом фикрни қарор топтиришга қаратилган чора-тадбирлар алоҳида таъкидлангани қайд этилди.
Давра суҳбати давомида коррупциянинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётига етказадиган салбий таъсири, унинг барча соҳаларда юзага келтириши мумкин бўлган оқибатлари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Иштирокчилар коррупцияга қарши курашда ҳар бир фуқаронинг масъулияти, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашдилар.
Шу билан бирга, дунёдаги долзарб ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва уларнинг коррупцияга қарши курашдаги ўрни ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Тадбир иштирокчилари ўзаро мулоқотда фаол иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда ҳуқуқий билимларини янада бойитдилар.
Бундай тадбирлар ёш авлод онгида ҳалоллик, адолат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлашда, шунингдек, фуқароларнинг фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.


