Бошқарма ҳақида
Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасининг (кейинги ўринларда — Бошқарма деб, юритилади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш тартиби, шунингдек, раҳбарларининг ҳуқуқлари, функционал вазифалари ва жавобгарлигини белгилайди.
2. Бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига (кейинги ўринларда — Вазирлик деб, юритилади) ҳамда тегишлилиги бўйича вилоят ҳокимлигига бўйсунади.
3. Бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг буйруқлари, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг фармойиши, қарорлари, ушбу Низом ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига амал қилади.
4. Бошқарма юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига эга бўлади.
5. Бошқарманинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, қисқартирилгани — Бандлик бошқармаси;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Управление по сокрашению бедности и занятости города Ташкента, қисқартирилгани — Управление занятости.
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Tashkent City Department for Poverty Reduction and Employment, қисқартирилгани — Employment Department.
2-боб. Бошқарма тузилмаси
7. Бошқарма тизимига қуйидагилар киради:
Бошқарма аппарати;
Туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари;
Касбий кўникмалар марказлари.
Бошқарма ҳамда туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари Вазирликка ва тегишли равишда шаҳар ҳамда туман ҳокимликларига бўйсунади ва ҳисоб беради.
8. Бошқарма ўз вазифалари ва функцияларини бажаришда хўжалик бошқаруви ва давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
3-боб. Бошқарма ва туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларининг вазифалари ва функциялари
9. Қуйидагилар Бошқарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш;
камбағаллик даражасини қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ва улар ваколатига кирадиган бошқа масалаларга доир қонунчилик ҳужжатларига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш юзасидан мониторинг ва назоратни амалга ошириш;
туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари (кейинги ўринларда – туман (шаҳар) бўлимлари деб, юитилади) ва тизимга кирадиган ташкилотлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
бандликка кўмаклашиш, ўқитиш ва малака ошириш, малакани баҳолаш хизматлари учун давлат буюртмасини шакллантириш бўйича туман (шаҳар) бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда таҳлил қилиш;
туман (шаҳар) бўлимлари ва тизимга кирадиган ташкилотларда молиявий назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш;
аҳоли томорқаси ва деҳқон хўжаликлари ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш.
10. Бошқарма ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
Бошқарма фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди ҳамда унга раҳбарлик қилади;
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда Вазирлик буйруқларининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда тизимга кирадиган ташкилотлар томонидан бажарилишини тизимли назорат қилади;
Туман (шаҳар) бўлимлари, тизимга кирадиган ташкилотлар томонидан киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишини, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизаси ўтказилишини ташкил этади;
туман (шаҳар) бўлимлари, тизимга кирадиган ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилади, уларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади;
камбағалликни қисқартириш, аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича фаолият юритувчи юридик шахслар билан ҳамкорлик қилади;
туман (шаҳар) бўлимлари ва тизимга кирадиган ташкилотларда молиявий назоратни ташкил этади ва амалга оширади;
камбағаллик даражасини қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастурлари бажарилиши мониторингини юритиш, банд бўлмаган аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш, меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича туман (шаҳар) бўлимлари, тизимга кирадиган ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради;
аҳоли бандлигини таъминлаш, касбга ўқитиш хизматларига бўлган давлат буюртмасини шакллантириш, молиялаштириш ва амалга ошириш, кейинчалик тегишли равишда ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишга ҳақ тўлаш бўйича туман (шаҳар) бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштиради;
туман (шаҳар) бўлимлари ва тизимга кирадиган ташкилотларнинг моддий-техник таъминотини ташкил этади;
туман (шаҳар) бўлимлари ва тизимга кирадиган ташкилотлар бинолари ва иншоотларидан жорий фойдаланиш бўйича ишлар мониторингини ўтказади ва мувофиқлаштиради;
жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан боғлиқ ишларни ташкил этади;
оператив, ташкилий, кадрлар, молиявий, ишлаб чиқариш ва ўз ваколатига кирадиган бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади;
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга оширади.
4-боб. Тошкент шаҳaр Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасининг инспекцияси (кейинги ўринларда Ҳудудий инспекция деб юритилади)
11. Ҳудудий инспекцияларга Вазирнинг буйруғига асосан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган инспекция бошлиғи раҳбарлик қилади.
12. Ҳудудий инспекция бошлиғи ўринбосари Вазирнинг буйруғига асосан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
13. Ҳудудий инспекция бошлиғи ва унинг ўринбосари лавозимига олий юридик ёки олий муҳандис-техник маълумотга эга бўлган, меҳнат ёки меҳнатни муҳофаза қилиш тизимида камида уч йиллик иш стажига эга шахс тайинланади.
14. Ҳудудий инспекция бошлиғи лавозимига олий юридик маълумотга эга бўлган шахс тайинланганда, унинг ўринбосари лавозимига олий муҳандис-техник маълумотга эга шахс тайинланади.
15. Ҳудудий инспекция бошлиғи лавозимига олий муҳандис-техник маълумотга эга бўлган шахс тайинланганда, унинг ўринбосари лавозимига олий юридик маълумотга эга шахс тайинланади.
16. Ҳудудий инспекция бошлиғи ўз фаолиятида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Бошқарма бошлиғига бўйсунади ҳамда ҳисобот беради.
17. Ҳудудий инспекциялар бошлиқлари тегишли ҳудудлар доирасида:
ҳудудий инспекцияга раҳбарлик қилади, ҳудудий инспекциянинг мансабдор шахслари фаолиятини мувофиқлаштиради;
ҳудудий инспекциянинг мансабдор шахсларининг аввал берилган кўрсатмалари, тақдимномалари ва қарорларини кўриб чиқиш, уларни ўзгартириш ва лозим бўлганда бекор қилиш ҳуқуқига эга;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Бошқарма бошлиғининг инспекция фаолиятига оид буйруқларини ва кўрсатмалари, Вазирлик Инспекциясининг кўрсатмаларининг тегишли равишда ижро этилишини таъминлайди;
ўз ваколатлари доирасида ҳудудий инспекция ходимларига кўрсатма ва топшириқлар беради;
ҳудудий инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига ва юқори турувчи органларнинг қарорларига мувофиқ инспекция фаолияти билан боғлиқ бошқа ваколатларни бажаради.
18. Ҳудудий инспекциялар ўз фаолияти тўғрисида Вазирлик Инспекциясига ҳар ойнинг 5-санасидан кечикмай, белгиланган тартибда ойлик, чораклик ва йиллик ҳисоботлар тақдим этади.
19. Ҳудудий инспекцияларнинг давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторлари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспекторлари, меҳнат шароитлари бўйича экспертлари ва қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат меҳнат инспекторлари Вазирлик Инспекциясининг ёзма розилигига асосан Бошқарма бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
20. Ҳудудий инспекция ходимлари Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона намунадаги гувоҳномаларга эга бўлади.
21. Ҳудудий инспекция бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларига хизмат гувоҳномалари Вазир томонидан берилади.
22. Ҳудудий инспекцияларнинг мансабдор шахсларига хизмат гувоҳномалари бошқарма бошлиғи томонидан берилади.
23. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга рухсат бериш тўғрисидаги тегишли намунадаги гувоҳномалар ҳудудий инспекциянинг мансабдор шахслари ҳамда туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторларига Бошқарма томонидан аттестация натижаларига кўра берилади.
24. Инспекцияга биринчи марта ишга кирган шахсларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ уч ойгача синов муддати белгиланади, бундан ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайдиган шахслар мустасно.
25. Коррупция ва бошқа суиистеъмолликларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик, ходимнинг шахсий ва иш юзасидан фазилатларини, унинг фаолияти самарадорлигини ўрганиш, шунингдек, Инспекция фаолиятининг турли йўналишларида малака ва иш тажрибасига эга кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида ианспекторлар ротацияси амалга оширилиши мумкин, бундан қонунчиликка мувофиқ ротация қилинмайдиган шахслар мустасно.
26. Ходимлар ротацияси, қоида тариқасида, Инспекция бошлиғининг тақдимномасига биноан эгаллаб турган лавозимида уч йил ишлаганидан кейин амалга оширилиши мумкин.
27. Ҳудудий инспекциялар ўз расмий бланкасига эга бўлади.
28. Ҳудудий инспекциялар ходимлари назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказиладиган текширувларга (текширув гуруҳларига) мутахассис хулосасини олиш зарурати юзага келганда жалб қилиниши мумкин.
29. Бунда ҳудудий инспекциялар ходимлари бир ойда ўн иш кунидан ортиқ бўлган муддатга текширувларга (текшириш гуруҳларига) жалб қилиниши мумкин эмас.
5-боб. Туман (шаҳар) бўлимларининг вазифалари ва функциялари
30. Қуйидагилар туман (шаҳар) бўлимларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Вазирлик ҳамда Бошқармага юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилишини таъминлашда иштирок этиш;
камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлиги, меҳнат муносабатлари, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ва ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларга доир ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;
меҳнат ва аҳолининг бандлиги соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ва назоратни амалга ошириш;
ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш хизматларига бўлган давлат буюртмасини молиялаштириш;
аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахсларни қўллаб-қувватлаш;
аҳоли томорқаси ва деҳқон хўжаликлари ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш.
32. Туман (шаҳар) бўлимлари ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
туман (шаҳар) бўлимлари фаолиятини ташкилий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди ҳамда уларга раҳбарлик қилади;
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда Вазирлик, Бошқарма буйруқлари бажарилишини таъминлайди;
камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари томонидан туманлар ҳокимликларига киритиладиган ҳужжатларнинг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишини, уларнинг иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий экспертизаси ўтказилишини ташкил этади;
меҳнат органларига мурожаат қилган ишсизларнинг ишга жойлаштирилишига кўмаклашади;
фуқароларга мос иш танлашда, зарур, малакали ходимларни танлашда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бошқа иш берувчиларга кўмаклашади;
меҳнат органларига мурожаат қилган фуқаролар ва иш берувчиларни ишга олиш ва ишчи кучи билан таъминлаш имкониятлари, ходимларга қўйиладиган талаблар тўғрисида ва бандликни таъминлаш билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан маслаҳат беради;
ишламайдиган фуқароларни касбга ўқитиш, қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида ўқув муассасалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан шартномалар тузади;
ишсизларнинг рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди ва уларга ёрдам беради, шу жумладан, нафақалар тайинлайди ва тўлайди;
меҳнат бозорининг ҳолатини ва уни ривожлантириш истиқболларини баҳолайди, унинг мониторингини ташкил этади ва ўтказади;
иш излаб мурожаат қилган фуқаролар, шунингдек, тегишли ҳудуддаги бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) ҳисобини юритади;
аҳолини иш билан таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларига киритилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган ахборот, шунингдек, Миллий статистика қўмитасининг маълумотлари асосида мазкур дастурлар бажарилиши мониторингини юритади;
меҳнат органларига мурожаат қилган фуқароларни ўз касбий тайёргарлиги ва малака даражасига кўра ишга жойлаштириш учун корхоналарга, муассасаларга ва ташкилотларга, агар уларда бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) бўлса, юборади;
ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ишга қабул қилиш учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга энг кам иш ўринлари сонини белгилаш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш учун киритади, шунингдек, мазкур фуқароларни ишга жойлаштириш учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга юборади;
Бандлик жамғармасининг маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этади;
фуқароларга ишсизлик нафақасини белгиланган тартибда тайинлайди;
меҳнат ва аҳоли бандлиги соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига, меҳнат муносабатларини, моддий рағбатлантириш ва меҳнатни муҳофаза қилиш механизмларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларга риоя этилишини назорат қилади;
камбағалликни қисқартириш, аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича фаолият юритувчи юридик шахслар билан ҳамкорлик қилади;
ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш бўйича хизматларга бўлган давлат буюртмасини молиялаштиради, кейинчалик тегишли равишда хусусий бандлик агентликларига, ишсизларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишга ҳақ тўлайди;
иш билан таъминлаш давлат дастурлари бажарилиши юзасидан мониторинг юритади;
жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан боғлиқ ишларни ташкил этади;
оператив, ташкилий, кадрлар, молиявий, ишлаб чиқариш, хўжалик, туман (шаҳар) бўлимларининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади;
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга оширади.
6-боб. Бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимларининг ҳуқуқлари ва мажбурияти
33. Бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимлари ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
камбағалликни қисқартириш, меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштиришни амалга ошириш;
Бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимлари ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан белгиланган тартибда ахборот сўраш ва олиш;
давлат статистика органларидан Бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимлари ваколатига кирадиган масалаларга доир зарур статистик ахборотни бепул олиш;
ташкилотларда меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, меҳнат хавфсизлиги стандартларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларнинг қоидалари ва талабларига риоя этилишини белгиланган тартибда ўрганиш ва текшириш;
меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳамда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар, шунингдек фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича ишларни бажарувчи (хизматлар кўрсатувчи) шахслар соғлиғига меҳнат вазифаларини бажариши вақтида етказилган зарарларнинг бошқа омилларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда махсус текшириш ёки текширишда иштирок этиш;
меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун мансабдор шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жазолар бериш;
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб бермайдиган ва ходимлар соғлиғи ёки ҳаётига хавф туғдирадиган ташкилотлар фаолиятини ёки корхоналар маблағларидан фойдаланишни ўз ваколатлари доирасида ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиш;
тизимдаги жамғармалар маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этиш ҳамда улардан мақсадли фойдаланиш юзасидан назоратни таъминлаш ишларини ташкил этиш;
Бошқарма ва туман (шаҳар) бўлимлари давлат мол-мулкини беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида бир бўлинмадан бошқа бўлинмага, ўз ташкилий тузилмаси доирасида балансдан балансга белгиланган тартибда ўтказиш, штат жадвалларини мувофиқлаштириш, идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар молия-хўжалик фаолияти баланслари ва ҳисоботларини кўриб чиқиш;
Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари томонидан марказлашган капитал маблағлардан самарали фойдаланиш юзасидан назоратни таъминлаш, Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларидаги объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича истиқболли дастурлар ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқиш;
Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича улар томонидан параметрлар бажарилишини ҳисобга олган ҳолда уларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби, ҳажми ва шартларини белгилаш;
иш берувчилар ўртасида жавобгарликни оширишга ҳамда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини ишга жойлаштириш бўйича самарали фаолиятни кенгайтиришга рағбатлантиришни кучайтиришга қаратилган танловларни белгиланган тартибда Вазирлик билан биргаликда ўтказиш;
камбағалликни қисқартириш, меҳнат, аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ижтимоий реклама маҳсулотларига буюртмалар бериш, шунингдек, уларни давлат оммавий ахборот воситаларида, стендларда, баннерларда ва аҳоли кенг танишиши мумкин бўлган бошқа усулларда бепул жойлаштириш;
биноларга хизмат кўрсатиш, инвентар ва хўжалик асбобларини, автотранспортни, алоқа воситаларини, ҳисоблаш, компютер ва офис техникасини таъминлаб туриш ва улардан фойдаланиш, дастурий таъминот харид қилиш, шу жумладан аутсорсинг шартлари асосида харид қилиш бўйича ишларни бажариш учун белгиланган тартибда шартномалар тузиш;
камбағалликни қисқартириш, меҳнат, аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузган ҳолда қабул қилинган ҳудудий ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида белгиланган тартибда кўрсатмалар киритиш;
интернет жаҳон ахборот тармоғида ва ижтимоий тармоқларда белгиланган тартибда расмий веб-сайтлар яратиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, ёзма мурожаатлари асосида махсус ваколатли органлар билан дастлабки келишувсиз ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъий назар ташкилотларнинг бандлик, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишини режадан ташқари қисқа муддатли текширувлар ўтказиш;
кам фойдаланилаётган ёки реконструкция ёхуд капитал таъмирлашни (қайта жиҳозлашни) талаб қилувчи мавжуд бинолар, хоналарни ўрнатилган тартибда ижарага бериш;
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларини, Вазирлик буйруқларини бажариш бўйича Бошқарма ҳамда унинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалари фаолиятини белгиланган тартибда хизмат ўрганиши ва хизмат текширишларни ўтказиш;
Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ бўлган ҳамда тезкор ҳал этишни талаб қиладиган масалалар юзасидан Бошқарма унинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалар раҳбарларига белгиланган тартибда топшириқ (ёзма кўрсатма)лар бериш.
34. Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
7-боб. Бошқарма раҳбарларининг асосий функционал вазифалари
35. Қуйидагилар Бошқарма бошлиғининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;
Бошқарманинг фаолиятини умумий бошқаришни амалга ошириш ва раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан Бошқармага юклатилган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Бошқарма фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича танқидий ва чуқур таҳлилларни ўтказиш;
Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли таркибий бўлинмалари ва Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, тегишли республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан Вазирлик фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларнинг кўриб чиқилишида иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари (маслаҳатчиси), шунингдек, Вазирликнинг топшириқларини бажариш;
ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Бошқарманинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, Бошқарма фаолиятининг маълум бир соҳаларини бошқаришда ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;
Бошқарманинг фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, даврий иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, Бошқарма фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича қарорларига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун идоравий бўйсунувидаги тузилмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимларининг тизимли равишда малакасини оширишни ташкил этиш;
Бошқарма тизимида ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун зарур шароитларни яратиш, Бошқарма тизимининг кадрлар захирасини шакллантириш;
Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига ишга қабул қилинадиган бошқа кадрларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий иш тажрибаси, юқори ишчанлик даражаси ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига тегишли масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, зарур ҳолларда, бошқа идоралар билан ҳамкорликда тегишли қарорлар қабул қилиш;
Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимларининг хизмат сафарларини қонунчилик талабларига тўла мувофиқ равишда ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарларига ажратиладиган маблағлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш;
ўринбосарлари, Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини доимий танқидий таҳлил қилиш, Бошқарманинг ҳайъат йиғилишларида уларнинг шахсий ҳисоботларини тинглаш, муҳокама якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;
Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларни, ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирлашга тақдим этиш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш юзасидан тизимли чораларни амалга ошириш;
Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари томонидан Бошқарма одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;
коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни содир этишга имкон яратувчи омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш, сабаб ва шароитларини бартараф этиш;
Бошқарма ва унинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалари ходимлари томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш, шу жумладан, улар томонидан лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслик чораларини кўриш;
Бошқарма ва унинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалари ишини ташкил этишнинг илғор шаклларини жорий этишни таъминлаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ишларини қонунчиликка мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсан қабул қилишни мунтазам равишда ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб қабул қилишни белгиланган муддатларда ва тартибда амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, Бошқарма ва унинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалар раҳбарлари ва ходимларининг улар фаолиятида фаол иштирок этишини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;
давлат сирлари билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя этиш;
Бошқарма штат жадвали ва харажатлар сметасини, шунингдек, Бошқарманинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалари низомлари ҳамда уставларини тасдиқлаш;
Бошқарма ходимлари, идоравий бўйсунувидаги тузилмалар раҳбарларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш;
Бошқарма ва унинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалар мансабдор шахслари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар ишлаб чиқиш ва топшириқлар бериш, шунингдек, уларнинг ижросини ўрнатилган тартибда назорат қилиш;
Бошқарма ва унинг идоравий бўйсунувидаги тузилмаларнинг тасдиқланган тузилмалари ва штатлар жадвалига ходимларнинг чекланган сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш;
олий, ўрта махсус ва профессионал таълим, илм-фан ва инновациялар бўйича халқаро ва ҳукуматлараро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш бўйича халқаро тадбирларда иштирок этиш.
36. Бошқарма бошлиғи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
37. Қуйидагилар Бошқарма бошлиғи ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан Бошқармага юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш, тегишли таркибий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Бошқарма фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва чора-тадбирларнинг ижросини таъминлаш;
Бошқарма бошлиғи вақтинча бўлмаганда, тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;
Бошқарманинг таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш ҳамда шахсий жавобгарлигини белгилаш;
Бошқарма ва унинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалари, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришиш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва раҳбариятга тақдим этиш;
Вазирлар Маҳкамасида, Вазирлик ва идораларда бўлиб ўтадиган мажлисларда ваколат доирасида иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ҳамда Вазирликнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажариш;
Бошқарманинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалари фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, таркибий ва бўйсунувчи бўлинмалар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар бажарилишини назорат қилиш, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун топшириқлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
давлат сирлари билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилиш.
38. Бошқарма бошлиғи ўринбосарлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
39. Қуйидагилар Бошқарма аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;
тегишли таркибий бўлинмалар ва Бошқарма тизимидаги ташкилотлар фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштириш;
прогноз кўрсаткичларнинг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда таркибий бўлинмалар ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича вазир ёки унинг мутасаддилик қиладиган ўринбосарларига таклифлар киритиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Бошқарма таркибий бўлинмалари ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, топшириқлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
Бошқарма бошлиғи буйруқлари ҳамда топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
таркибий бўлинмаларнинг ҳар чораклик иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, кўрсатилган вазифалар ва тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, Бошқарма ва унинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалари фаолиятига амалий ва методик ёрдам кўрсатиш;
таркибий бўлинмалар фаолиятига оид масалалар юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Бошқарма раҳбариятига киритиш;
таркибий бўлинмаларда кадрларнинг профессионал даражасини, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлигининг кафолатини таъминлаш, касб малакасини ошириш чораларини кўриш, кадрлар захирасини шакллантириш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг таркибий бўлинмалар томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Бошқарманинг таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кейинчалик Бошқарма раҳбарияти томонидан кўриб чиқиш, имзолаш (виза қўйиш), уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Вазирликка ўз вақтида киритилишини таъминлаш, Бошқарма раҳбариятининг топшириғи бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирликда ишлаб чиқишда иштирок этиш;
Вазирликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий экспертиза ва бошқа экспертизадан пухта ўтказиш;
таркибий бўлинмалар ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;
таркибий бўлинмалар ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишини таъминлаш;
давлат сирлари билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилиш.
40. Бошқарма аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
41. Қуйидагилар Бошқарманинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалар раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Бошқарманинг ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалар фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек Бошқарма буйруқлари билан уларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;
Бошқарманинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалар фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматининг ижро интизомини мустаҳкамлаш юзасидан қарорларига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун Бошқарманинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
Бошқарма бошлиғининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
Бошқарманинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалар ваколати доирасидаги масалалар юзасидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;
ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, бошқа мансабдор шахслар ваколатларини, фаолиятнинг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлик даражасини белгилаш;
Бошқарманинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалар фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, ўз ўринбосарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;
Бошқарманинг идоравий бўйсунувидаги тузилмаларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, кадрлар захирасини шакллантириш;
бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионал даражасини амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлигининг кафолатини таъминлаш;
ходимларни, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, шу жумладан, улар эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш, шахсий масъулиятини ошириш бўйича мунтазам чора-тадбирлар кўриш;
ходимлар томонидан одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;
ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонунчиликни такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали тизимида қонунчилик талабларига мувофиқ коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;
прогноз кўрсаткичларнинг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишни таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Бошқарма бошлиғининг мутасаддилик қиладиган ўринбосарларига таклифлар киритиш;
ходимлар фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;
фаолиятига оид масалалар бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек, давлат хизматлари самарадорлиги, сифатини ва улардан эркин фойдаланишни ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни Бошқарма раҳбариятига киритиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, қонунчилик билан белгиланган муддатларда ва тартибда аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини мунтазам равишда шахсан, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасига тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;
ходимларнинг лавозим маошига мукофотлар, устамалар тўлаш, уларга моддий ёрдам бериш, мукофотлаш, рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий чора қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиш, давлат мукофотлари ва идоравий мукофотлар билан тақдирлаш тўғрисида Бошқармага таклифлар киритиш;
давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш.
42. Бошқарманинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалар раҳбарлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
8-боб. Бошқарма раҳбарларининг жавобгарлиги
43. Бошқарма бошлиғи (кейинги ўринларда – бошлиқ деб, юритилади) Бошқармага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
44. Бошлиқ ўринбосарлари:
Бошқарма назоратидаги таркибий бўлинмаларда Бошқармага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;
ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.
45. Бошқарма аппаратнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари:
тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун;
ўз функционал мажбуриятлари сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
46. Бошқарманинг идоравий бўйсунувидаги тузилмалари раҳбарлари:
бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;
ўз функционал мажбуриятларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.
9-боб. Бошқарма фаолиятини ташкил этиш
47. Бошқармага Тошкент шаҳар ҳокими тавсияномасига биноан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири (кейинги ўринларда – Вазир деб, юритилади) томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Бошлиқ раҳбарлик қилади.
48. Бошлиқнинг Вазир томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бир нафар биринчи ўринбосари ҳамда ўринбосари бўлади.
49. Бошлиқ бўлмаган даврда унинг ваколатлари Вазирнинг буйруғига биноан Бошлиқнинг ўринбосари томонидан амалга оширилади.
50. Бошлиқ:
Бошқарма фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарлик қилади ва Бошқармага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Бошқарма фаолиятининг алоҳида йўналишлари ва участкаларига раҳбарлик қилиш ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар фаолияти учун Бошлиқнинг ўринбосарлари ва Бошқарманинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;
ўз ваколати доирасида Бошқарма тизими ходимлари томонидан ижро этилиши шарт бўлган буйруқлар чиқаради ва топшириқ (ёзма кўрсатма)лар беради;
ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида Бошқарма аппарат харажатлар сметасини ва штат жадвалини тасдиқлайди;
Бошқарма ва унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги низомлари ва уставларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
Бошқарма тизимида белгиланган тартибда молиявий ишларни ташкил этади, тизимга кирадиган ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларни, шунингдек, мазкур соҳадаги илмий тадқиқотларни молиявий жиҳатдан таъминлайди;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
51. Туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари тегишли туманлар ҳокимлари томонидан Бошқарма бошлиғи билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
52. Туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари тегишли тартибда туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари томонидан Бошқарма бошлиғининг розилиги асосида лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
53. Бошқарма ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ишга қабул қилинган ходимлар мажбурий тартибда бир ҳафталик киришиш-мослашиш курсларидан, меҳнат органлари ходимлари эса мунтазам равишда Вазирлик ходимларининг малакасини ошириш марказида ҳар уч йилда камида бир марта малака ошириш курсларидан ўтайдилар.
54. Бошқарма тўғрисидаги Низоми Вазирнинг буйруғи билан тасдиқланади.
55. Туман (шаҳар) бўлимлари тўғрисидаги Низомлари туманлар ҳокимлари билан келишилган ҳолда Бошқарма бошлиғининг буйруғи билан тасдиқланади.
10-боб. Бошқарма тизими ходимларини моддий-техник таъминлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари
56. Бошқарма тизими ходимларини моддий рағбатлантириш ва меҳнатига ҳақ тўлаш бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари манбалар маблағлари ҳисобидан ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
