Ҳокимият ҳақида

Бектемир тумани — Тошкент шаҳридаги маъмурий-ҳудудий бирлик. Ҳудуднинг номи туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Бектемир канали номи билан боғлиқ.
1960–1973 йилларда Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани таркибидаги Бектемир шаҳарчаси, 1973–1990 йилларда эса шаҳар мақомида бўлган. 1981–1990 йилларда давлат ва жамоат арбоби Наримон Наримонов (1870–1925) номи билан аталган.
Бектемир тумани 1990 йил 27 февралда мустақил туман сифатида ташкил этилган.
Туман Тошкент шаҳрининг жануби-шарқий қисмида, Катта ҳалқа йўлининг ташқарисида, асосан Чирчиқ дарёсининг чап соҳилида жойлашган.
Туманнинг умумий майдони 3 494,2 гектарни (34,9 км²) ташкил этади. Аҳоли сони 68,5 минг нафар бўлиб, шундан 11 456 нафари ёшлар ва 34,9 минг нафари аёллардир.
Туманда 23 974 та оила истиқомат қилади. Ҳозирги кунда туман ҳудудида 18 та маҳалла фаолият юритмоқда.
Кўчаларнинг умумий сони 106 тани ташкил этади. Шундан 14 таси асосий кўчалар, 66 таси кичик тор кўчалар ва 26 таси берк кўчалардир. Асосий кўчалар қаторига Бектемир, Оҳангарон, Ҳусайн Бойқаро, Олтинтопган ва бошқа кўчалар киради.
