Бектемир туманида замонавий болалар ўйингоҳи ва спорт майдончалари фойдаланишга топширилди
2026-04-02 20:05:00 / Янгиликлар

Бектемир тумани “Олтинтопган” маҳалласи аҳолиси учун муҳим ижтимоий аҳамиятга эга яна бир лойиҳа амалга оширилди. Маҳалла марказида замонавий болалар ўйингоҳи ҳамда “Олимпия умидлари” спорт майдончалари тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида туман раҳбарияти, маҳалла аҳли, фаоллар ва нуронийлар иштирок этди. Тадбир давомида мазкур мажмуанинг ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли, айниқса ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Янги мажмуа болалар ўйингоҳи, футбол ва баскетбол майдончалари, спорт билан шуғулланиш учун воркаут зонаси, аҳоли дам олиши учун ўриндиқлар, пиёдалар йўлаклари ҳамда югуриш йўлакларини ўз ичига олади. Мазкур инфратузилма маҳалла аҳолисига қулай ва замонавий шароитлар яратади.
Тадбир давомида куй-қўшиқлар янграб, байрамона муҳит ҳукм сурди. Очилиш маросимидан сўнг маҳалла аҳли ҳамжиҳатликда ош ва сумалак тайёрлаб, ушбу қувончли воқеани кенг нишонладилар.
Мазкур лойиҳа ҳудудда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ҳамда аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга хизмат қилади.









