Ангор тумани прокурори Аббос Разиковнинг пластик карталардан пул ўғирланишининг олдини олиш бўйича туманимиз аҳолисига йўллаган МУРОЖААТИ
2025-05-16 17:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли тумандошлар!
Ангор туманида криминоген вазиятни яхшилаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни содир этилишининг олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилаётганидан яхши хабардорсиз.
Бу долзарб вазифаларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ҳамкорлик масалаларига ҳам боғлиқ. Шу боис сиз азизларга мурожаат қилмоқчиман.
Хабарингиз бор, кейинги пайтларда туманимизда номаълум шахслар томонидан банк пластик карталардан пул ечиб олиш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Бу ҳақида https://t.me/angormatbuot телеграм канали ва “Ангор ёғдуси” газетасида батафсил маълумот бериб боряпмиз!
Шундай бўлсада, кибержиноятларни содир этишнинг қуйидаги усулларидан огоҳ бўлишингиз кераклигини яна бир бор эслатиб ўтишни лозим топдик.
Биринчидан, телефонингизга нотаниш ёки яширин рақамлардан қўнғироқ қилиб, ўзини “банк ходими” ёки бошқа бир молия ташкилот ходими сифатида таништириб, сизга ҳомийлик сифатида пул ажратилиши, фондлардан пул ажратилиши, нафақага чиқиш даврига аниқлик киритиш каби пул берилиши билан боғлиқ хабарларни айтса, асло ишонманг!
Бундай вазиятларда соддалик қилиб, шахсингизга оид маълумотлар, паспорт рақамингиз, юз тасвирингизни телеграмдаги профилингиз юборманг!
Чунки, айни усулда фирибгарлар алдов йўли билан пластик картангиздаги маблағларингизни ўзлаштириб олади.
Иккинчидан, телеграмдаги профилингиз орқали нотаниш аккаунтлардан бир-икки дақиқа вақтингизни ажратишингизни, молиявий ўйинларда иштирок этиб, кўпроқ пул олиш, инвестисия компанияларига пул тикиб даромадга эга бўлишингиз, мижозларга жамоатчилик хизматини ошириш, ҳеч нима иш қилмасдан кунига пул маблағни олиш каби текинга пул бериш билан боғлиқ ёлғон хабарларни билдириш орқали, шахсингизга оид маълумотлар, паспорт рақамингиз, юз тасвирингизни алдов йўли билан олишга эришиши мумкин.
Учинчидан, фирибгарлар турли ташкилот, корхона, компанияларга тегишли бўлган телефон рақамларни сохталаштиришга имкон берувчи дастурлардан фойдаланиб, текинга пул бериш билан боғлиқ ёлғон хабарларни билдириш орқали, шахсингизга оид маълумотлар, паспорт рақамингиз, юз тасвирингизни алдов йўли билан олишга қўлга киритишга ҳаракат қилади.
Мазкур ҳолатлар телефонингизга уланган банк пластик картангизга кибержиноятларнинг яширин равишда ва тезкорлик билан кириб, ундаги пулларни ўғирлаш орқали ёки номингизга хусусий молиявий корхоналардан кредитлар расмийлаштириш орқали пулларни ўзлаштириб, қарздор бўлишингизга сабаб бўлади!
🔴 Шу боис, пластик карта рақамингиз, паспорт рақамингиз ва бошқа шахсий маълумотларингизни ҳеч қачон ҳеч кимга берманг ва бу таклифларга рози бўлманг!
❔Бундай мурожаат ёки таклиф бўлса нима қилиш кераклиги учун қуйидаги тавсияларга амал қилинг!
Аввало, суҳбатни дарҳол тўхтатиб, бу тўғрисида зудлик билан Ички ишлар органларидаги
102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг!
Ички ишлар органларида тезкор-суриштирув ишлари ўтказилиши, мурожаат қилган ташкилот ёки фуқаронинг фирибгар ёки ишончли экани текширилиб берилиши таъминланади.
❗️Шуни ёдда тутинг, “Текин пишлоқ қопқонда” бўлади, деганларидек фирибгарларга алданиб қолманг!
