«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига киритилган қўшимча ва ўзгартиришларнинг мазмун моҳияти ҳақида
2025-04-21 16:25:00 / Ҳуқуқий маслаҳатлар

Кейинги йилларда мамлакатимизда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишга, иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун зарур бўлган энергиянинг ҳосил қилиниши ва сарфланишини барқарорлаштиришга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини аккредитация қилишни соддалаштиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бироқ, энергия ресурслари истеъмолчилари томонидан тўлов интизоми даражасининг пастлиги иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчиларнинг молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар томонидан истеъмолчиларга энергия ресурслари барқарор етказиб берилишини ҳамда сифатли хизматлар кўрсатилишини таъминлаш учун етказиб берилган энергия учун тўлов бўйича қарзларни ўз вақтида ундириш зарурияти юзага келмоқда эди.
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги ЎРҚ-1032-сонли Қонуни 2025 йил 20 февралда қабул қилинди.
Ушбу Қонун билан «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишинча иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш юзасидан хизматлар учун тўловлар бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат қилинганда иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар давлат божини тўлашдан озод этилишини, шунингдек уларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда мазкур давлат божини ушбу етказиб берувчилардан ундириш имкониятини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Шунингдек, «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида чет эл тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини аккредитация қилганлик учун давлат божи тўланиши назарда тутилмоқда. Шу билан бирга аккредитациянинг қайси даври учун давлат божи тўланиши аниқлаштирилди.
Мазкур нормалар Қонуннинг 8, 9-моддалари ва иловасига ўз аксини топган.
Термиз туманлараро иқтисодий
судининг судьяси Ж.Ачилов
