"Маҳалла еттилиги" тавсияси асосида уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитини ажратиш тартиби

«Маҳалла еттилиги» — маҳалла фуқаролари йигини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим, солиқ инспекторидан иборат жамоа.
«Маҳалла еттилиги» тавсияси — Дастурга киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахснинг ижтимоий шарт-шароитини ўрганишдан сўнг унга якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш учун ипотека кредитини ажратиш мақсадга мувофиқлигини ифодаловчи «маҳалла еттилиги» томонидан имзоланадиган ҳужжат.
Қарорга кўра, қуйидагилар белгиланди:
- якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун асосий ставкадан 4 фоиз бандга юқори ставкада 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга ипотека кредитларини ажратиш;
- ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун кредит муддатининг биринчи 5 йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўлаб бериш;
- ипотека кредитлари ва улар бўйича субсидияларни расмийлаштириш ҳамда ажратиш тартиби.
Ушбу ипотека кредитини олиш мумкин бўлган шахслар online-mahalla.uz платформаси орқали ариза юборишлари мумкин.
Шунингдек:
- камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда кадастр паспортини расмийлаштириш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ тўловлар қиймати 50 фоизга камайтирилади;
- якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар "subsidyplatform.mf.uz" тўлов платформаси орқали ажратилади.