Жамоа келишувлари

Жамоа келишуви якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, ходимлар учун ҳудудий, тармоқ ва республика даражаларида тарафларнинг меҳнат шароитларини, бандликни ҳамда ижтимоий кафолатларни белгилашга доир мажбуриятларини ўз ичига олган, ходимлар ва иш берувчиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини келишиб олиш мақсадида тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.
Жамоа келишувлари ёзма шаклда тузилади.
Тартибга солинадиган муносабатлар соҳасига қараб ҳудудий, тармоқ ва бош жамоа келишувлари тузилиши мумкин.
Тарафлар томонидан имзоланган жамоа келишуви, унинг иловалари 7 кунлик муддатда ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия томонидан жамоа келишуви тарафларига, шунингдек хабардор қилиш тартибида рўйхатга олиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекциясига юборилади.
- Жамоа келишувининг кучга кириши уни хабардор қилиш тартибида рўйхатга олиш фактига боғлиқ бўлмайди.
- Жамоа келишувининг амал қилиши вакиллари ушбу келишувни тузган ходимлар ва иш берувчиларга нисбатан татбиқ этилади.
Жамоа келишуви у имзоланган кундан эътиборан ёки жамоа келишувида белгиланган кундан эътиборан кучга киради ҳамда ушбу келишувда назарда тутилган муддат ичида, бироқ кўпи билан 3 йил амал қилади. Кўрсатилган муддат тугагач, жамоа келишуви тарафлар янгисини тузгунига ёки амалдаги жамоа келишувига ўзгартиш ва қўшимчалар киритгунига қадар бўлган даврда амал қилади. Жамоа келишувининг амал қилиш муддати тугагунига қадар тарафлар уни узайтириши мумкин.
Жамоа келишувлари имзоланган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай оммавий ахборот воситаларида ёки улар тарафларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши лозим.