Суд экспертизаси

Суд экспертизаси — фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий суд ишларини юритишда иш ҳолатларини аниқлашга қаратилган ҳамда суд эксперти томонидан фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимлар асосида суд-эксперт текширишларини ўтказиш ва хулоса беришдан иборат бўлган процессуал ҳаракат.
- Суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши:
- Суд-экспертлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунларида назарда тутилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
- Шахснинг эркинлигини вақтинча чеклашни ёки унинг шахсий дахлсизлиги бузилишини талаб этувчи суд-эксперт текширишлари (бундан буён матнда текширишлар деб юритилади) фақат қонунда белгиланган асослар ва тартибда ўтказилади.
- Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилот (бундан буён матнда бошқа ташкилот деб юритилади) томонидан суд экспертизаси ўтказилиши муносабати билан қабул қилинган қарорлар, суд экспертининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ўз ҳуқуқ ва эркинликларининг чекланишига олиб келди деб ҳисоблаган шахс мазкур қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.
- Суд экспертининг мустақиллиги:
- Суд эксперти суд экспертизасини ўтказишда суд экспертизасини тайинлаган органдан (шахсдан), тарафлардан ва ишнинг натижасидан манфаатдор бўлган бошқа шахслардан мустақилдир.
- Суд эксперти ўзининг фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасидаги махсус билимларига (бундан буён матнда махсус билимлар деб юритилади) мувофиқ ўтказилган текширишлар натижаларига асосланиб хулоса беради.
- Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс), шунингдек бошқа давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан тарафлардан бирортасининг ёки ишнинг натижасидан манфаатдор бўлган бошқа шахсларнинг фойдасини кўзлаб хулоса олиш мақсадида суд экспертига таъсир кўрсатилишига йўл қўйилмайди.
Хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги ҳужжат
Агар суд эксперти қўйилган саволларни унинг махсус билимлари асосида ҳал қилиш мумкин бўлмаслигига ёки унга тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлигига ёки хулоса бериш учун етарли эмаслигига ва уларни тўлдириб бўлмаслигига ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган ҳужжат тузади ҳамда уни суд экспертизасини тайинлаган органга (шахсга) юборади.