Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш

Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда фарзандларга ва ушбу шахсларга пенсия улар боқувчининг қарамоғида турган-турмаганидан қатъи назар тайинланади.
- Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
- Таълим ташкилотларининг ўқувчилари ва талабалари ўқишнинг бутун даври давомида, бироқ 23 ёшга тўлгунига қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга.
- Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган фарзандлар, улар фарзандликка олинганларида ҳам бу ҳуқуқни сақлаб қоладилар.
- Ўгай ўғил ва ўгай қиз, агар улар ота-оналаридан алимент олмаган бўлсалар, ҳақиқий фарзандлар сингари пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар.
- Ўгай ота ва ўгай она, агар вафот этган ўгай ўғилни (қизни) 18 ёшга тўлгунга қадар камида 5 йил тарбиялаган ёки боққан бўлсалар, ҳақиқий ота ва она сингари пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Ушбу тартиб вафот этганлар оилаларига тааллуқли ҳамма қоидалари бедарак йўқолганларнинг оилаларига ҳам, агар боқувчининг бедарак йўқолганлиги белгиланган тартибда тасдиқланган бўлса, тегишли равишда жорий қилинади.
Пенсия тайинлаш ҳақида мурожаат қилиш
- Пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан унинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.
- Ходимга ва унинг оила аъзоларига боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган тақдирда пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза ходимнинг ёки вафот этган боқувчининг охирги иш жойи бўйича ташкилотнинг маъмурияти орқали ариза берувчининг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилиши мумкин.
- Пенсия тайинланадиган шахс балоғатга етмаган ёки ҳуқуқий муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, ариза унинг ота-онаси ёки васийси томонидан уларнинг яшаш жойи орқали берилади.
- Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1140" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.
- Ўзбекистон Республикаси Халқ банкига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки "1106" ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.