Багаж ташиш
Багаж - ташувчи билан шартномага мувофиқ ҳаво кемасида ташиладиган йўловчиларнинг ва экипажнинг шахсий ашёлари.
Багаж белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганидан сўнг, ташишга қабул қилинади.
Багаж сифатида ташиладиган буюмлар, багажни бут сақлашни таъминлайдиган махсус ўрамга ўралиб, ташиш учун қулай бўлган ушлагичга эга бўлиши керак.
Йўловчиларнинг буюмлари рўйхатдан ўтказилган багаж ёки қўл юки сифатида ташилади. Ташувчи рўйхатдан ўтказилган багаж учун йўловчига рақам ёзилган багаж биркасини идентификация (таниб олиш) қилиш учун берилади.
Барча багаж вазни бўйича ўлчовдан ўтказилиши шарт.
Йўловчи самолётга хизмат кўрсатиш тоифасидан келиб чиққан ҳолда ташувчи томонидан белгиланган вазн (килограмм), миқдори (дона) ва ҳажми(узунлиги, қалинлиги ва баландлиги йиғиндиси) келиб чиққан ҳолда расмийлаштирилган юкларни бепул ташиш ҳуқуқига эга.
Ташувчи томонидан белгиланган бепул ташиш меъёридан ортиқ бўлган багажлар ҳамда махсус тоифадаги багажлар (ҳайвонлар ва қушлар, спорт анжомлари, оғир вазндаги ва ҳажми катта багажлар ҳамда бошқалар) учун ҳақ олинади.