Меҳнат дафтарчаси

Лозим даражада тасдиқланган қоғоз ёки электрон шаклидаги меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи ва жисмоний шахснинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги верификация қилинган маълумотларни ўз ичига олган асосий ҳужжатдир.
Электрон шаклдаги меҳнат дафтарчаси меҳнат шартномасини рўйхатга олиш, тузиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уни бекор қилиш чоғида автоматик режимда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида шакллантирилади.
Ишга қабул қилиш, бажариладиган иш, бошқа ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига оладиган, ходимнинг меҳнат фаолияти ва меҳнат стажи ҳақидаги ахборот меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлардир.
- Иш берувчи (бундан жисмоний шахслар бўлган иш берувчилар мустасно) ташкилотда беш кундан ортиқ ишлаган барча ходимлар учун меҳнат дафтарчаларини юритиши шарт.
- Иш берувчи ишга қабул қилиш, бошқа ишга доимий ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни меҳнат дафтарчасига ҳамда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиши шарт. Ходимнинг ёзма аризасига кўра асосий иш жойидаги иш берувчи меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосида ишлаган ва вақтинча бошқа иш берувчига хизмат сафарига юборилган даврлар ҳақидаги ёзувларни киритади.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари (сабаблари) меҳнат дафтарчасига ёзилмайди.
Электрон меҳнат дафтарчасини шакллантириш ва ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни верификация қилиш тартиби қонунчиликда белгиланади.
- 2020 йил 1 январдан бошлаб меҳнат дафтарчалари Ягона миллий меҳнат тизими орқали электрон шаклда юритилади.