Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлашитириш

Ер участкаси — қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилмаган ёки ушбу мақсадлар учун мўлжалланмаган ер участкаси.
Ер участкасини хусусийлаштириш — оммавий мулк бўлган ер участкасини Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар мулкига ўтказиш.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириш субъектларидир.
Чет эллик фуқаролар ва Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари бўлмайди.
Ариза ер участкаси жойлашган ердаги туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.
- Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия ариза олинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида уни кўриб чиқади ва Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофиқ ўз ижобий ёки салбий хулосасини тузади.
- Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг хулосаси туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ёки уларни хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги тегишли қарорини қабул қилиш учун асос бўлади.
Ер участкаларини хусусийлаштиришни бошқа сабабларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди.