Зомин тумани ҳокими А.Абдуғаниевнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги
2026-03-08 15:10:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар!
Ҳурматли опа-сингиллар!
Мунис ва лобар қизлар!
Аввало, сиз азизларни, Сизларнинг тимсолингизда бутун юртимиз аёлларини
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Инсон ҳаёти ва жамият ривожида муқаддас Она зоти, мунис аёлларимизнинг беқиёс ўрнини оддий сўзлар билан ифода этиш ниҳоятда қийин вазифа.
Бу ёруғ дунёни қуёшсиз, еру-осмонсиз тасаввур этиб бўлмаганидек, ҳаётимизни ҳам мўътабар оналаримиз, меҳрибон аёлларимиздан айри ҳолда тасаввур этолмаймиз.
Бугун Сизлар – олима, намунали раҳбар, фидойи шифокор, меҳрибон устоз, ташаббускор тадбиркор, қўли гул ҳунарманд сифатида жамиятимизнинг барча соҳаларида фидокорона меҳнатингиз ҳисобидан мамлакатимизнинг қудрати ва салоҳияти, халқаро обрў-эътибори тобора ортиб боришига ҳисса қўшмоқдасиз.
Азиз аёллар!
Ватанимиз тараққиёти, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизларимизнинг ўрни ва роли кундан-кунга ошиб бормоқда. 183 мингдан ортиқ аҳолига эга Зомин туманининг 89 минг 705 нафарини аёллар ташкил этади.
Улар ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида самарали меҳнат қилиб келишмоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбирлари билан айтганда “Халқимизни рози қилишдек олий мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бирига айланди”.
Бугунги кунда хотин-қизлар муаммосини, уларнинг ютуқ ва муваффақиятларини оила, маҳалла кесимида ўрганиш, изчиллик билан таҳлил этиб бориш, умуман, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш муҳим ҳаётий зарурат сифатида қаралмоқда.
Туманимизда ҳам ушбу йўналишда
опа - сингилларимизни қийнаётган муаммоларни “хонадонбай” ўрганиш босқичма-босқич тарзда амалга ошириб борилаяпти.
Эҳтиёжманд аёлларнинг болалари учун ота-оналар бадал пуллари тўлаб берилиши, эҳтиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга субъсидиялар ажратиш, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган аёлларга имтиёзли кредитлар ажратиш, олий таълим муассасасида таълим олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг тўлов контрактларининг тўлаб берилиши каби қатор ишлар тизимли равишда йўлга қўйилган.
Қадрли меҳмонлар!
Бугунги кунда Зомин туманида 41 минг 394 нафар ишга лаёқатли аёлларнинг 1 минг 945 нафари мактабгача ва мактаб таълими, 1 270 нафари тиббиёт, 772 нафари тадбиркорлик соҳасида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бундан ташқари, мунтазам спорт билан шуғулланувчи хотин-қизларимиз сони ҳам тобора ортиб, қўлга киритилаётган натижаларимиз ҳам йил сайин яхшиланмоқда.
Жумладан, юртимизда илк бор ташкил этилган “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақалари доирасида Зомин тумани спорт мактаби спортчилари Қўшбоқова Бахорой бокс бўйича 1-ўринни, шунингдек, Яхёева Эсма, Абдухалилова Одина ҳамда Шарофова Хусниялар Таэквондо ВТ спорт тури бўйича 2-ўринни эгаллаб, туманимиз шарафини муносиб химоя қилдилар.
Албатта, ушбу спортчи қизларимизнинг қўлга киритган натижалари сабабли, вилоят миқиёсида 1-ўринни эгаллаганимиз – бу жуда қувонарли ҳолатдир.
Бундан ташқари, туманимиз спорт мактаби спортчи қизларидан 5 нафари таэквондо бўйича, 1 нафари бокс бўйича миллий терма жамоамиз сафида Ватанимиз байроғини жаҳонда баланд кўтариб келмоқдалар.
Шу ўринда, таълим соҳасида ҳам туманимизнинг яна бир истеъдодли ўқувчи қизларидан 8-мактаб ўқувчиси Сайдуллаева Вазира география фанидан бўлиб ўтган олимпиаданинг вилоят босқичида 1-ўринни қўлга киритганган бўлса, туманимизнинг яна бир истеъдодли ўқувчи қизларидан 60-мактаб Жўрабоева Дилновоз география фанидан бўлиб ўтган олимпиаданинг вилоят босқичида
2-ўринни қўлга киритган ҳолда, республика босқичи иштирокчиларига айланди.
Шу каби, туманимиздаги 1-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Бахтиёрова Дилнура “Солиқ билимдони” кўрик танловининг туман ва вилоят босқичи ғолиблигини қўлга киритди. Фурсатдан фойдаланиб, туман ҳокимлиги, туман фаоллари ва шахсан ўзим номимдан мукофот ва ютуқларга эришган, китобсеварлиги билан тенгдошлари орасида тенгсиз деб эътироф этилган ёшларимизни табриклаб, уларни тарбиялаган, вояга етказган ота-онаси ва устозларига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
Мўтабар ва муниса онахонлар,
опа-сингиллар!
Шу ўринда, Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ижтимоий-ҳимояга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Аёллар дафтари” бўйича ишлар алоҳида тартибда йўлга қўйилганлигини айтиб ўтмоқчиман. Биз, туман мутасаддилари ушбу дафтарга киритилган хотин-қизларимизнинг ҳар бири билан юзма-юз учрашган ҳолда муаммоларини бартараф этмоқдамиз.
Хусусан, тумандаги 37 минг 980 нафар хотин-қизлар билан инвидуал хатлов асосида суҳбатлар ўтказилган ва унинг якунлари бўйича 5 600 нафари “Аёллар дафтари”га киритилган.
Бугунги кунга қадар 772 нафар хотин-қизларимизга ўз тадбиркорликларини ривожлантиришлари учун 1 млрд 675 млн. сўм миқдорида банк кредитлари ажратилди, 2 минг 967 нафар нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 512 нафар ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди,
76 нафар ишсиз хотин-қизларга томорқасидан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашилди, 612 нафар боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож 461 нафар I ва II-гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз хотин-қизларга моддий ёрдамлар берилди, 56 нафар I-гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг уй-жойи таъмирланди.
Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида ўқиётган боқувчиси бўлмаган, отаси ёки онасидан айрилган 15 нафар хотин-қизларнинг котракт тўловлари тўлаб берилди, 596 нафардан зиёд эҳтиёжманд хотин-қизларга тиббий ёрдам кўрсатилди.
Бу албатта, аёлларимизнинг яшаш шароитларини яхшилаш, ҳаётда ўз муносиб ўринларини топишлари йўлида мавжуд муаммоларни йўқотиш борасидаги арзимас кўрсатгичлар ҳисобланади. Шу сабали, биз 2026 йилда ҳам хотин-қизлар масласига алоҳида ёндошган ҳолда, олдимизга улкан мақсадларни қўйганмиз.
Жумладан, жорий йил якунига қадар “Аёллар дафтари”га киритилган 5 минг 600 нафар хотин-қизлар билан манзилли ишлаб, шу асосда 1 минг 732 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланади. Шу билан бирга, уларнинг 185 нафарига томорқасидан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш ва 38 нафарининг уй-жойларини таъмирлаш, 12 нафар хотин-қизларга турар-жой ижара компенсациясини тўлаб бериш, “Аёллар дафтари”га киритиладиган барча хотин-қизларга тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, Кооперация усулидаги тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлашни мақсад қилганмиз.
Ҳурматли онахонлар, опа-сингиллар, лобар қизлар!
Сўзимнинг сўнгида барчангизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Менинг тилагим ва ниятим битта – оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинг! Чунки аёлларимизнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир.
Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман. Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин! Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз аёллар!
Эътиборингиз учун раҳмат!
