Андижон ва Беларусь олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
2026-07-13 16:00:00 / Yangiliklar

Андижон ва Беларусь олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
Айни кунларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Беларусь Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Сафар доирасида ўтказилаётган учрашув ва музокаралар чоғида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш билан бир қаторда, олий таълим соҳасидаги алоқаларни ҳам кенгайтиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди.
Эришилган келишувларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш мақсадида Андижон вилоятидаги олий таълим муассасалари ректорлари П.М. Машеров номидаги Витебск давлат университетида бўлдилар.
Ташриф доирасида университет раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, таълим жараёнини ташкил этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар академик мобиллигини йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурлари ҳамда илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Томонлар мазкур ҳамкорлик икки давлат олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши, таълим сифати ва илмий салоҳиятни янада оширишга хизмат қилишини таъкидладилар.






