Urgut tumani prokurori I.Mustanovning tuman aholisiga profilaktik-ogohlantiruv murojati.
2026-04-10 11:30:00 / Yangiliklar

Ассалому алайкум, Азиз Ургутликлар ҳамда
туманимиз меҳмонлари !
Туман ҳудудида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш
ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича жорий йилнинг ўтган даврида муайян ишлар амалга оширилди.
Натижада, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлардан қотиллик 100 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 50 фоизга оилавий зўравонлик 50 фоизга, безорилик 100 фоизга, енгил тан жароҳати етказиш 40 фоизга ҳамда ўлим билан тугаган ЙТҲлар ҳам 50 фоизга камайишига эришилган.
Шунингдек, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 50 фоизга, аёллар томонидан
50 фоизга, ёшлар томонидан 66,7 фоизга ҳамда гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳам 80 фоизга камайиб, маст ҳолатдаги шахслар ва муқаддам судланганлар томонидан жиноят содир этилмади.
Ёки, тумандаги 116 та маҳаллалардан 33 тасида жиноят содир этилиб, жами маҳаллаларнинг 19 таси “сариқ” ҳамда 92 таси “яшил” тоифада қолди.
Ўтган йил давомида қизил тоифада бўлган 12 та маҳаллаларда олиб борилган профилактик чоралар натижасида “яшил” тоифага ўтиб, маҳаллаларнинг криминоген вазияти яхшиланди.
Бироқ, амалга оширилган профилактик чора тадбирларга қарамасдан туман ҳудудида жорий йилнинг ўтган даври давомида содир этилган жами жиноятлар 182,6 фоизга, аниқланадиган жиноятлар
106,2 фоизга ошиб, содир қилинган жиноятлар 100 минг аҳолига нисбатан 66,8 фоизни ташкил қилди.
Бундан ташқари, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир қилинган жиноятлар 789,5 фоизга ошиб, бу турдаги жиноятларни содир этилишида кундан-кунга янги усуллар қўлланилмоқда.
Шу сабабли, ҳурматли фуқаролар телеграм, ватсап ва бошқа интернет тармоқлари орқали турли кўринишларда, мисол учун “Осони билан даромад”, “ютуқ”, “кредит расмийлаштириш” каби шубҳали таклифларга ишонманг, таклифнома, табрикнома, мобил қурилма дастури ва шу каби “.apk” форматида келган файлларни зинҳор оча кўрманг.
Шунингдек, Сизни пулларингизни осонгина кўпайтириб бериш ҳақидаги таклифлар келиб тушганда, билингки бу Сизнинг пул маблағларингизни ўзлаштириш учун қўйилган тузоқдир, зеро ҳеч ким Сизга бирон бир ҳаракатсиз пулларингизни кўпайтириб бермайди.
Бундан ташқари, Сиздан номаълум шахсларга шахсий маълумотларингизни (банк картаси рақами, SMS-кодлар, паспорт маълумотлари) бермасликни, интернет орқали савдо ва хизматлардан фойдаланганда фақат ишончли манбаларни танлашингизни ҳамда шубҳали қўнғироқ ёки хабарлар келиб тушганда зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишингизни сўрайман.
Ҳурматли фуқаролар !!!
Эътиборингизни оғриқли нуқтага қаратмоқчиман.
Жорий йилнинг ўтган даврида туман ҳудудида ўғрилик, фирибгарлик ҳамда гиёвандлик воситалари муомаласи билан боғлиқ жиноятлар кескин авж олиб, жамиятимиз хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Хусусан, жорий йил бошидан бугунги кунга қадар жами 47 та
ўғрилик жиноятлари содир этилиб, жами ўғрилик жиноятлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 213 фоизга ошган.
Содир қилинган ўғрилик жиноятларини таҳлил қилганимизда,
11 таси хонадон, 12 таси савдо шахобчаларида, 8 таси ҳайвон ўғрилиги,
8 таси автотранспорт воситасидаги ўғрилик, 4 таси телефон ўғриликларни ташкил этади.
Жиноят сабаблари ўрганилганида фуқароларнинг уй-жойидаги моддий қимматликлар, уй-жиҳозлари очиқ ҳолда сақланиши, чорва молларини очиқ дала майдонларига ташлаб келишини олдини олиш чоралари кўрилмаганлиги, бу борада тушунтириш ишлари олиб борилмаганлиги оқибатида ушбу жиноятларнинг содир қилинишига шароит яратилганлиги аниқланди.
Негаки, ҳозирда туманимиз фуқаролари ўзининг мол-мулкларини яъни, уй-ҳайвонларини қаровсиз қолдириши оқибатида ўғрилик жинояти ҳам кўпайиб бормоқда.
Шу сабабли, ўғриликларининг олдини олиш учун Сиздан уйингизни мустаҳкам қулф ва замонавий хавфсизлик тизимлари билан жиҳозлашни, узоқ муддатга сафарга кетаётганда, қўшниларингизни хабардор қилишингизни, ижтимоий тармоқларда уйда йўқлигингизни ошкор этмаслигингизни, номаълум шахсларни уйингизга киритишда ҳушёр бўлишингизни, яшаш жойларингизни Қўриқлаш хизматига техник қўриқловга топшириш, видеокузатув воситалари ўрнатиш ҳамда уй-ҳайвонларингизни далаларда қаровсиз қолдирмасликларингизни сўрайман.
Шу каби, туманимиз ҳудудида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кўпайиб, бу каби жиноятлар ёшларимиз келажаги, фуқароларнинг соғлиги ҳамда жамиятимиз фаровонлигига жиддий раҳна бўлмоқда.
Шу боис, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш мақсадида гиёҳвандлик воситаларнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қарши туришни, фарзандларингизнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар билан доимий мулоқотда бўлиш, шубҳали шахслар ёки ҳолатлар ҳақида тегишли идораларга хабар бериш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишингизни барчангиздан сўрайман.
Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш – нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси, балки ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Зеро, ҳар бир фуқаро огоҳ ва масъулиятли бўлса, жамиятимизда тинчлик ва хавфсизлик таъминланади.
Азиз ҳамтуманлар, туман ҳудудида содир этилаётган жиноятларни олдини олишда олиб борилаётган профилактик ишларга беэътибор бўлманг, ушбу тадбирларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга яқиндан ёрдамингизни аяманг, қонунларга риоя қилинг.
