ОНА ТИЛИМ — ФАХРИМ, ҒУРУРИМ!
2026-10-21 11:50:00 / Yangiliklar

Тошлоқ туманида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллиги муносабати билан «Она тилим — фахрим, ғурурим!» мавзусида маънавий-маърифий ва маданий тадбир ташкил этилди.
Тумандаги 22-сонли мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган тадбирда ҳокимлик масъуллари, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, таълим муассасалари раҳбарлари, педагоглар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбирни туман ҳокими ўринбосари Элмуродхон Мадаминов очиб берди. У ўз сўзида ўзбек тилининг халқимиз тарихи, миллий ўзлигимиз ва маънавий қадриятларимизни ифода этишдаги беқиёс аҳамиятини таъкидлаб, йиғилганларни қутлуғ сана билан муборакбод этди.
Байрам дастури давомида маданият ходимлари ва иқтидорли ўқувчилар томонидан она тилимиз, Ватанимиз ва миллий қадриятларимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ҳамда бадиий чиқишлар намойиш этилди. Ижодий чиқишлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлаб, уларнинг қалбида она тилига бўлган меҳр ва эҳтиромни янада мустаҳкамлади.
Дарҳақиқат, тил — миллатнинг маънавий қиёфаси, тарихи ва маданиятини ўзида мужассам этган бебаҳо бойлик. Уни асраб-авайлаш, ривожлантириш ва келажак авлодларга соф ҳолда етказиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.




