Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг вилоятимиз аҳли ва меҳмонларига Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан байрам табриги
2025-08-29 19:30:00 / Yangiliklar

Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг вилоятимиз аҳли ва меҳмонларига Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан байрам табриги
Ассалому алайкум, Азиз Сирдарёликлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Юртимиз бўйлаб Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллик байрами туманларда, шаҳарларда ва маҳаллаларда кенг нишонланмоқда.
Барчангизни энг улуғ, энг азиз айём – ЮРТИМИЗ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ўттиз тўрт йиллик байрами билан самимий табриклайман.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Янги Ўзбекистонда тамомила янгича қиёфа касб этаётган вилоятимизда бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг биз Сирдарёликларга бўлган доимий эътиборлари натижасида вилоятимиз аҳолисининг турмуш тарзи кундан-кунга яхшиланиб бормоқда.
Жорий йилнинг 6 март куни қабул қилинган “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-93-сон ва 9 июнда қабул қилинган “Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасини янги ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-198-сон қарорлар вилоятимизда янги бир ривожланиш босқичини бошлаб берди.
Фурсатдан фойдаланиб, Муҳтарам Президентимизга бугун Сирдарёликларга бераётган эътибори ва ғамхўрликлари учун Сизларнинг ва сизларнинг тимсолингизда бутун Сирдарёликлар номидан ташаккур билдиришга рухсат бергайсизлар!
Азиз дўстлар!
Вилоятимизда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга ошириладиган умумий қиймати 2 миллиард 77 миллион долларлик 762 та лойиҳалар пакети шакллантирилган.
Шундан, қиймати 1 миллиард 462 миллион долларлик
66 та лойиҳа хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар ҳисобланади.
Жорий йилнинг ўтган даврида 170 миллион долларлик
296 та лойиҳалар ишга туширилди.
Қолган 1 миллиард 907,7 миллион долларлик 465 та лойиҳаларда лойиҳалаштириш ва қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Йил якунига қадар 730,6 миллион долларлик 756 та лойиҳалар ишга туширилади. Бунинг натижасида ушбу дастур доирасида жами 19 минг та янги иш ўринлари яратилади.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Кеча ва бугун Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган “Сирдарёда бизнес қилинг” халқаро инвестиция форуми ҳам вилоятимиз келажаги учун муҳим қадам бўлди десам адашмаган бўламан.
Ушбу форумда 20 дан ортиқ мамлакатларнинг 200 дан ортиқ хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар қатнашганлиги ва форум доирасида 1 миллиард 872 миллион долларлик 114 та янги келишувларга эришилгани юқоридаги фикримизни ёрқин далилидир.
2025 йилнинг ўтган 8 ойлиги Сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз билан вилоятимиз учун баракали келди деб айтишим мумкин.
Жорий йилда вилоятимизда барча манбалар жумладан, Давлат дастурлари, халқаро молия институтлари ҳисобидан жами 5,1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди ва ўтган давр мобайнида ушбу маблағларнинг 73 фоизи ўзлаштирилди (3,7 триллион сўм).
Вилоятимизнинг маркази бўлган Гулистон шаҳрида ичимлик суви таъминоти вақтбайдан, узлуксиз сув таъминотига ўтказилаётганлиги ва бу ишлар учун марказий бюджетдан 60 миллиард. сўмга яқин маблағ ажратилиб,
1 октябрга қадар якунланиши шаҳар аҳолиси учун муҳим воқелик деб ҳисоблайман.
Шу билан бирга, инвестиция дастуридан ташқари Давлатимиз раҳбари томонидан қўшимча 1 триллион
300 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 47 та мактаб, 45 та боғча, 38 та тиббиёт ва бошқа кўплаб инфратузилмавий объектларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан Янгиер шаҳри ва Сирдарё, Гулистон, Сайхунобод туманларида ичимлик сув билан таъминлаш бўйича 473 км тармоқ тортиш, 239 та сув иншоотларини қуриш
ва реконструкция қилиш ишлари белгиланган.
Булардан ташқари, Гулистон шаҳридаги Шимолий сув иншоотидан Янгиер шаҳри ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун диаметри 630 мм 33 км узунликда ичимлик сув тармоғи қуриш ишлари амалга оширилмоқда.
Боёвут, Гулистон, Оқолтин, Сардоба ва Сирдарё туманлари марказларида оқова сув таъминотини яхшилаш учун 232,2 км тармоқ тортилади, 21 та насос станцияси
ва қуввати 16,7 минг метр куб бўлган 5 та оқова сув тозалаш иншоотлари янгидан қурилади.
Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларида оқова сув (канализация) тизимларини яхшилаш мақсадида қуввати
41 минг метр куб суткага тенг бўлган 3 та тозалаш иншооти
ва 22 та насос станцияси янгитдан қурилди ҳамда 112,7 км тармоқлар тортилиб, фойдаланишга топширилди. Гулистон шаҳридаги 51 та кўп қаватли уйлардаги 1 173 та хонадонлар оқова сув тармоғига уланди.
Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Гулистон, Янгиер шаҳарлари ва Оқолтин, Сайхунобод туманларидаги 81 та кўп қаватли уйларни ертўла қисмидаги оқова сув (канализация) тизимлари янгиланиб, тармоққа уланмоқда.
Сўнгги йилларда аҳолининг кенг норозиликларига сабаб бўлаётган умумфойдаланувдаги ва ички йўлларни тўғрилаш мақсадида 144 миллиард сўм маблағ ҳисобига жами 7 км умум-фойдаланувдаги йўллар ва 215 км ички йўлларга илк бор асфальт ётқизилди, 36 км ички йўллар шағаллаштирилди ҳамда 1 дона кўприк таъмирланди.
Натижада, 78 та маҳаллада 300 мингдан ортиқ аҳолини турмуш шароити яхшиланди.
Йил якунига қадар 376 километр йўллар, жумладан, 356 километр ички йўллар ва 3 та кўприклар таъмирланади.
Бугун биз асосий эътиборимизни таълимни қўллаб-қувватлашга қаратяпмиз.
2024-2025 ўқув йилида 1 минг 917 нафар (битирувчига нисбатан 17,6 фоиз) битирувчилар Халқаро ва миллий сертификатларни қўлга киритди.
Хусусан, уларнинг 70 нафари маҳаллий олийгоҳларга 100 фоиз грант асосида ҳамда 38 нафари хорижий олий таълим муассасаларига грантни қўлга киритди.
Халқаро фан олимпиадаларида вилоятимиз ўқувчилари
2025 йилда 11 та совринли ўринларни қўлга киритди.
Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 5 фоиздан,
40 фоизга, халқаро ва миллий сертификатлари ўтган йилги
5 фоиздан 17 фоизга ошди.
2024-2025 ўқув йилида 10 минг 879 нафар Сирдарёлик битирувчиларнинг 3 минг 222 нафари (30 фоиз) Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирди ва Республикада ўқишга кириш бўйича ўтган йилги 13-ўриндан 4-ўринга кўтарилдик. Ушбу натижаларга эришишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган устоз ва таълим фидойиларига бутун вилоятимиз халқи номидан миннатдорчилик билдираман.
Шу ўринда барча ўқитувчи ва мураббийларни ҳам бошланаётган янги ўқув йили ва “Билимлар куни” билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Қадрли бугунги тантанамиз иштирокчилари!
Юртимизда спортга берилаётган юксак эътибор, спортнинг оммавийлигини ошириш ДАВЛАТ СИЁСАТИ даражасига кўтарилиши туфайли, вилоятимизда ҳам ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида уларни спортга кенг жалб қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Хабарингиз бор, куни кеча футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубогида Янгиер шаҳрининг “Абдураҳмон Жомий” маҳалласи ёшлари Республикада тенгсиз эканлигини кўрсатиб, биринчи ўринни қўлга киритди.
Ушбу ғалаба билан ғолиб жамоани, уларнинг устозларини
ва маҳалла аҳлини самимий табриклайман.
Бугун “Гулистон марказий ўйингоҳи”да қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш ишлари якунланиши билан тез орада катта футболни Гулистонга қайтариш чоралар кўрилишини Сизларга мамнуният билан билдираман.
Миллионлар ўйинининг вилоятимизга қайтиши – соғлом авлод ва оммавий спорт сари муҳим қадамдир.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, “Янги Ўзбекистон”ни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган муносиб ҳиссаси, кўп йиллик самарали хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун
14 нафар юртдошларимиз Муҳтарам Юртбошимиз томонидан давлат мукофотлари, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган юртдошларимизни самимий табриклаймиз!
Ҳурматли Сирдарёликлар!
Мустақиллик – энг аввало, эркин ҳаёт, тинчлик
ва тараққиёт демакдир. Биз бу неъматни асраб-авайлашимиз, унинг мазмун-моҳиятини ҳар бир хонадон, ҳар бир оила ва ҳар бир инсон ҳаётида янада намоён этишимиз лозим.
Шу улуғ байрам арафасида Сизларга чуқур миннатдорчилик билдириб, юртимиз тараққиёти йўлидаги фидокорона хизматларингиз учун раҳматлар айтаман.
Барчангизни яна бир бор, Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллик байрами билан чин юракдан табриклаб, Сизларга сиҳат-саломатлик, янги-янги ютуқлар, оилавий хотиржамлик, фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш насиб этсин!
Байрамингиз муборак бўлсин!


