Қанча шонинг бўлса – Ватанни кўтар!
2025-11-20 11:35:00 / Yangiliklar

Ўтмиши дарёдан ҳам қадимийроқ бўлган, тўзонлару тўфонлар ичида бовлиқдай эшилиб, ниҳоят 1963 йилда вилоят сифатида ташкил топган бўлса ҳам, фароғат топмаган Сирдарёда 2016 йилга қадар пахта тозалаш, дон ва ёғ-мой корхоналаридан бошқа биронта саноат иншооти йўқ эди-да, ахир! Йўқ эди, ҳатто тузукроқ қўрғон ҳам. Шундай ғариб ва кўримсиз эди шимолдан Қозоғистон Республикаси, шарқдан Тошкент вилояти, жанубдан Тожикистон Республикаси ва ғарбдан Жиззах вилоятига туташиб кетган, қарийб 4,3 минг километр майдонни эгалловчи қутлуғ маконнинг рангу рафтори.
Сўнгги 7-8 йилда асар ҳам қолмади машъум қуроқ манзаралардан. Ўзгарди. Тамомила ўзгариб кетди ўзбекнинг қадимий воҳаси. Илдизи 3000 минг йилдан ҳам узоқ замонларга туташ Сирдарё заминига бобо қуёш бошқача нур соча бошлади гўё. Дарё ҳайратларга кўмилди, даштларида жийдалар гуллади, қизғалдоқлар хандон отди, бўтакўзлар солланди қирғоғу соҳилларида.
Таниб бўлмай қолди Гулистон, Янгиер, Бахт, Ширин деган кўримсиз шаҳарларни. Осмонўпар бинолар, кўркам боғлар, йирик корхоналар пайдо бўлди. Минглаб саноат, қишлоқ хўжалиги иншооти қурилди, кўплаб савдо ва бошқа тармоқларга доир манзиллар «қамишдан белни боғлаб», ишга тушди.
Мўъжизалар мўъжизаларга уланди, аждодлар ҳатто хаёл ҳам қилолмаган ишлар юз бераверди. «Сирдарёга инвестиция киритмайсизми?» десанг, лабини жийирадиган дунёнинг бадавлат сармоядорлари миллион-миллион долларларни белбоққа тугиб, «Қайдасан, Сирдарё!» дея отга миндилар. Биргина Саудия Арабистонининг «ACWA Power» ва Туркиянинг «Cengiz Enerji компаниялари 1,14 миллиард доллар олиб келди. Шу маблағ эвазига қуввати 1,7 минг МВт бўлган генерация фойдаланишга топширилди. Натижада қурилиш материаллари, кимё, озиқ-овқат соҳалари ривожланиб, вилоятда саноат ҳажми 19,3 триллион сўмдан ошди.
Мактабгача таълим ташкилотлари 2017 йилдаги 155 тадан 1 147 тага, умумтаълим мактаблари 296 тадан 340 тага етди. Аҳолини марказлашган ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 64 фоиздан 88 фоизга ошди. 2 минг километр йўл таъмирланди, пахта ҳосилдорлиги 18,4 центнердан 40 центнерга, ғалланики 47 центнердан 74 центнерга етди, фойдаланишдан чиққан 34 минг гектар майдон қайта ўзлаштирилди...
Шунча замонлар, давру давронлар ўтса ҳам, шу вақтгача нега ҳеч қандай силжиш бўлмаган эди улуғ воҳада? Ахир ер ўша, сув ўша, чўл ўша, одамлар ўша-ўша эди-ку!
Умуман, нима учун айрим мамлакатлар асрлар бўйи бийдай чўлга ўхшаб қақраб ётади-ю, баъзилари ёмғирдан кейинги гулзордай яшнаб кетади? Мана, мисол учун Жанубий Корея, Сингапур ёки Хитой. Бу давлатлар сўнгги 60, 70 йилда самовий шиддат билан юксалди. Жанубий Корея нафақат дунёдаги энг бой мамлакатларга тенглашди, балки Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг фахрли аъзолари қаторига қўшилди. Ёрдамга муҳтож давлатдан халқаро ёрдам кўрсатувчи давлатга айланди. Жанубий Корея каби қолоқ бўлган Бурунди, Гватемала эса... Хитой-чи? Булардан ҳам ғариброқ бўлган Хитой қандай қилиб дунёни лол қолдирмоқда? Жавоб оддий: Дэн Сяопин бошлаган ислоҳотлар! Бу инсон шахснинг жамият камолидаги ўрни нақадар бетимсол эканини ўзининг ақлу тафаккури билан исботлади. Дэн Сяопин томонидан 1970 йилларда илгари сурилган сиёсат иқтисодий карахт гигантни озодликка чиқариб юборди. Мамлакатда бозор юритиш ечимлари қўллаб-қувватланди, тадбиркорликка кенг йўл очилди. Худди Президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келиши билан Ўзбекистон заминида улуғвор эврилишлар бошланиб кетгани каби...
Гарчанд Президентга мамлакатдаги аҳвол беш қўлдай аён бўлган эса-да, у киши халқ ишонч билдирган кунданоқ қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар юрди, яна ўрганди, яна изланди, яна қийнади ширин жонини. Қайта-қайта борди вилоятларга, туманларга, қишлоқларга, овулларга. Ўн олти марта ташриф буюрди Сирдарёнинг ўзига. Ўтар-қайтардаги тўхтаб ўтишлар бу ҳисобга кирмайди. Сон-саноқсиз кашфиётларга асос солинди ташрифлар жараёнида.
Шу ўринда кашфиёт иборасига озроқ изоҳ бериш лозим кўринади. Одатда кашфиёт деганда дарров илму фан оламида яратилган ихтиролар келади хаёлимизга. Қолаверса, оламда бир-биридан сирли, ўрганилмаган жумбоқлар, яратилмаган ихтиролар ҳали кўп. Фақат топиш керак уларни. Ҳамма гап шунда. Шундан бошланади энг чуқур жойларда беркиниб ёки кўмилиб ётган захираларни кашф этиш ҳам. Ичингда мудраб ётган имкониятларни уйғотиш ҳам ҳеч қайси кашфиётдан кам эмас аслида.
Турли сабабларга кўра, чанг-қум босган ёхуд чала қолган соҳалар саноқсиз эди Сирдарёда. Аммо кўмилган хазиналар қопқасини очиб, вилоятни мамлакат тараққиётида етакчи ҳудудлардан бирига айлантириш имкониятлари мўл эди. Уйғотиш, ишонтириш, янгилик яратишга чорлаш зарур эди одамларни. Тўққиз эмас, тўқсон марта ўлчаб, бир марта кесадиган шарқона ақл-идрок талаб қилинарди бундай пайтда карвон етакчисидан.
Худойим суйган бандасига муносиб кўради улуғ салоҳиятни. «Эл бошига кун тушса, эл яратган эр келар» деган ҳикмат бежиз дунёга келмаган экан. Давлат раҳбари томонидан Ўзбекистон деган катта рўзғорнинг муаммолари ипидан игнасигача чуқур таҳлил қилинганидан кейин «Янги Ўзбекистон» дарёларининг бугунидан то Учинчи Ренессанс уммонига бориб қуйилишигача бўлган мукаммал дастур яратилди. Ҳар бир ҳудудда, жумладан, Сирдарёда ҳам нималарга эътибор қаратиш зарурлиги аниқ-тиниқ белгиланди. Бу режаларни амалга ошириш учун қанча куч, маблағ, инвестиция, хуллас, юртни қалқитиш учун нимаики керак бўлса, ҳамма-ҳаммаси аниқ-тиниқ ҳисоб-китоб қилинди.
Шу тарзда вилоят тарихи зарварақларида янги саҳифалар очила бошлади, янги ташаббуслар қанот чиқарди. Қуюқ тумандан сўнг қуёш чарақлаб нур таратгани каби манзаралар юз бера бошлади Сирдарёда.
Биргина Ховос шаҳарчасидаги ўзгаришларнинг ўзи катта-катта достонларга муносиб мавзу бўлади.
Тарихдан аёнки, Фарғона, Чоч ва Сўғдга борадиган савдо йўлининг чорраҳасида жойлашгани туфайли Ховос қўрғони милоддан олдинги IV асрларда ҳам юксак мавқега эга бўлган. «Ҳавас қилса арзийдиган жой экан», деганлар Соҳибқирон бобомиз Амир Темур Ховосни. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдураҳмон Жомий, Хожа Аҳрор Валийларнинг излари бор бу қадим тупроқда. Афсуски, фахрланса арзигулик шундай манзил ҳам 7-8 йил аввал кўримсиз аҳволга тушиб қолган эди.
Президентимиз 2019 йил 19 февраль куни вилоятга ташрифи чоғида Ховосга бориб, сўнгги эллик йил давомида биронта кўп қаватли уй тугул, ҳатто каптархона ҳам қурилмаган қўрғон билан, эски, тор ва зах уйларда яшаётган одамларнинг турмуш тарзи билан танишади. Шу аснода шаҳарчанинг янги бош режаси тасдиқланиб, «Мирзачўл тажрибаси» асосида бунёд этиладиган Янги Ховосга тамал тоши қўйилади. Қўрғонча учун катта йўлнинг ўнг қанотидан 42 гектар ҳудуд ажратилади. Лойиҳага мувофиқ, у ерда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг бинолари, Давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, тураржойлар, мактаблар, истироҳат боғи, хотира майдони, кинотеатр, кутубхона, масжид, бозор, савдо маркази ва маиший хизмат шохобчалари қурилиб, йўл инфратузилмаси ривожлантирилиши, аҳоли ва транспорт учун қулайликлар яратилиши белгиланади.
Орадан уч ой ўтар-ўтмас, ўша йил 7 май куни, Президент топшириқларининг ижроси доирасида, Вазирлар Маҳкамасининг Ховос тумани марказини ривожлантиришга оид алоҳида қарори қабул қилинди. Шу тариқа 27 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Ховос тарихида янги давр бошланди.
Беш ой ўтиб, 2019 йилнинг 18 июлида Президент яна Ховосга келди. Бу пайтда махсус ажратилган ҳудудда 760 та квартирадан иборат 30 та кўп қаватли ва 150 та бир қаватли уйларни қуриш ишлари жадал давом этаётган эди.
Бугун Ховосга қадами етган киши турнақатор уйларда порлаб турган чироқларни, замонавий майдончаларда яйраб ўйнаётган болаларнинг шодон кулгиларини, санъат ва мусиқа мактаби томондан эшитилаётган дилбар оҳангларни, кафтдек текис йўлакларда суҳбатлашиб бораётган оқсоқолларнинг юз-кўзларидаги севинчларни кўриб, қалби қувончга тўлади.
Фақат Ховос эмас, Президент ташрифлари вилоятнинг ҳамма туман ва шаҳарларида бир-биридан ҳавасли ўзгаришлар юз беришига асос бўлмоқда.
7-8 йил аввал кўп қаватли тураржой бинолари атрофини зах, ертўлаларини пашша-чивин босиб ётадиган Гулистон шаҳрининг «яра»лари ҳам ана шундай ташрифлардан кейин тузалди. Кентда «Буюк келажак» мавзеси, «Гулистон сити» шаҳарчаси дунёга келди. Ўзбекистон ва Мустақиллик кўчалари оралиғида маданий марказ барпо этилди, замонавий амфитеатр қурилди, улар атрофдаги маъмурий бинолар билан жозибали уйғунлик касб этди. Китоб дўкони олдида сўлим хиёбон барпо этилиб, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди.
Янгиер шаҳрининг қайта бунёд этилишига эса Президентнинг 2017 йил 17 майдаги ташрифи сабаб бўлди. Шундан сўнг ташкил этилган «Янгиер» кичик саноат зонасида бир йилнинг ўзида жами қиймати 106 миллион долларга тенг бўлган 125 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада вилоятда тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш йўлга қўйилди, бир неча минг иш ўрни яратилди. Хусусийлаштирилган, аммо ишлатилмай бўш ётган қатор корхона ва объектларда ҳам давлат раҳбарининг ташрифларидан сўнг ривожланиш фасли бошланди.
Сирдарё туманидаги «sirdarya golden fruits» масъулияти чекланган жамияти, мева-сабзавотчилик логистика маркази, Мирзаобод ва Сайхунобод туманларида улкан иссиқхоналар, Гулистон туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, гуручни қайта ишловчи корхоналар ишга тушди. «agro eco teхnology» масъулияти чекланган жамияти томонидан сабзавот ва дуккакли ўсимликлар етиштириш йўлга қўйилиб, унаби боғи ташкил этилди. «sirdaryo-mega-luks», «Идеал аср» каби йирик корхоналар, «Poly тex Sirdaryo» кластери, «sirdaryo universal oyna» масъулияти чекланган жамияти ва яна ўнлаб йирик лойиҳалар ҳам Президент ташрифларининг бир-биридан ширин меваларидир. Бу лойиҳалар миқёсини тасаввур қилиш учун биргина «sirdaryo universal oyna» масъулияти чекланган жамиятининг бўй-бастига кўз ташлайлик. 2018-2020 йилнинг ўзида корхонада 501 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Ўша йиллари мамлакатимиз фармацевтика саноатига ҳар йили 4 миллион долларлик шиша флаконлар импорт қилинар эди. Марказий Осиёда битта саналган ушбу корхонада юздан ортиқ турдаги шиша идишлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Бу эса юртимиздаги фармацевтика корхоналарига айни маҳсулотни етказиб бериш имкониятини кенгайтирди.
Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида сирдарёлик сайловчилар билан бўлган учрашувида «Мен қайси вазифада ишлашимдан қатъи назар, Сирдарёдан қадамим ҳам, кўнглим ҳам ҳеч қачон узилган эмас. Вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий ривожига, мавжуд муаммоларни ечишга озми-кўпми ҳиссам қўшилаётган бўлса, мен буни ўзим учун катта бахт деб биламан», деган камтарона эътирофининг амалдаги исботи, эҳтимол, мана шулар бўлса керак.
Ҳеч эсимдан чиқмайди. 2023 йилнинг апрелида халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлди. Мен ҳам иштирок этгандим ўша мажлисда.
...Президент залга ҳар доимгидек ўктам қадамлар билан кириб келди. Авваллари турли йиғинларда, учрашувларда Шавкат Мирзиёевни кўп кўрганман, албатта. Ўша кун, назаримда, нимадандир ташвишланаётгандек туюлди менга.
Бир оздан кейин Юртбошимизнинг ўзлари ошкор қилдилар – у кишини безовта қилган ташвиш Сирдарё кўчаларидаги қаровсизликлар экан.
– Мен бугун Тошкентдан Гулистонгача поездда, темир йўл вокзалидан буёғига машинада келдим, – деди Президент. – Йўлларнинг ачинарли аҳволи қаттиқ ташвишга солди мени. Бундай йўлларда юрганлар дардини кимга айтади?
Эътироз Йўл қурилиш ва Транспорт вазирликларига қаратилган эди.
Вазирларнинг жавоблари Президентимизни мутлақо қониқтирмади:
– Бу йўлларда менинг ёшлигим ўтган, ҳар қадами менга таниш. Талабалигимда Янгиердан Зомингача пиёда кетганмиз. Ҳаммаёқ ўйдим-чуқур, чанг-лой бўлиб ётарди. Бугун ўтган аср эмас-ку! Қабул қилинган қарор бўйича бу йўлларни таъмирлаш икки йил аввал охирига етган бўлиши зарур эди.
Вазирлар ва тегишли масъуллар зиммасига вилоятдаги барча катта-кичик йўлу кўприкларни тузатиш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.
– Тўғри, сўнгги 6 йилда Сирдарёда катта ўзгаришлар юз берди, – давом этди Президентимиз. – 30 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 6 минг 640 та янги корхона ишга туширилди. Бу орқали 55 мингта янги доимий иш ўрни яратилди. 17 мингта оила камбағалликдан чиқарилди. Тадбиркорлар сони 2 баравар кўпайиб, 7 мингдан 15 мингга етди. Умуман, Сирдарёда саноат йўқдан бор бўлди, десак, бу ҳам ҳақиқат. Бу ерда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, фармацевтика, чарм ва озиқ-овқат саноати каби янги тармоқлар пайдо бўлди.
Давлат раҳбари Сирдарёда ҳали фойдаланилмай ётган катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлаётганида, кўнглидаги ташвишлар янаям очиқроқ аён бўлиб бораверди. Билмас эканман, Сирдарёда сув бошқа вилоятларга нисбатан сероб, экин майдонлари эса аҳоли жон бошига Хоразм ва Навоийга қараганда 2 баравар, Самарқанд, Андижон, Фарғона ва Наманганга нисбатан 3 баравар кўп экан. Ҳосилдорлик-чи?.. Хоразмда ғалланинг ҳар гектаридан 100-120 центнерлаб дон етиштириляпти. Сирдарёда эса унинг ярмичаям эмас. Фарғона водийсининг айрим қишлоқларида ердан тўрт мартагача ҳосил олинади. Сирдарёда эса бир марта, шуям чала-чулпа. Фарғоналиклар томорқаси тугул йўл ёқалари-ю, экин майдонларининг уватларигача бир қарични ҳам бўш қолдирмай узум, ошқовоқ, тарвуз, қовун, ҳеч бўлмаса, ялпизу райҳон экади. Сирдарёда эса гектар-гектар майдонлар, катта-катта томорқалар йиллаб бўш ётади. Сабабини сўрасангиз, ернинг ёмонлигига тўнкашади. Лекин Президент куюниб қайта-қайта таъкидлаганидек, қарамасанг, ҳайдамасанг, ўғит бермасанг, ариқ-зовурларни тозаламасанг, ер қандай қилиб яхши бўлади?
– Сирдарёни инновацион ҳудудга айлантирмасак, вилоятда ривожланиш бўлмайди. Биз вилоятга қайси давлат тажрибасини олиб келиш ҳақида кўп ўйладик ва охири Хитойда тўхтадик, – давом этди Президент. – Тан олиш керак, охирги йилларда Хитой саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиётда мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. Хитойнинг илм, инновация, муҳандислик, электротехника, работо-техника ва IT йўналишларида тажрибаси жуда катта. Энг асосийси, Хитой бизга транспорт-логистика жиҳатидан энг яқин йирик бозорлардан.
Ўша йиғилишда Сирдарёни саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт бўйича «Илғор инновациялар ҳудуди»га айлантириш зарурлиги, Инновацион ҳудудда вилоят ва туман раҳбарлари аҳоли ва тадбиркорларга шароит яратиш бўйича қандай чора-тадбирларни амалга ошириши зарурлиги ҳам аниқ-тиниқ кўрсатиб берилди.
Сирдарёнинг инновацион ҳудудга нақадар муносиблигининг яна бир сабаби, Президент таҳлил қилиб берганидек, бу вилоят бир вақтнинг ўзида 2 та қўшни давлат – Қозоғистон ва Тожикистон билан қулай траспорт коридорига эгалиги ҳамда мамлакатимизнинг энг йирик истеъмол бозори ҳисобланган Тошкент шаҳрига яқин жойлашганидир. Сирдарёдек инновацияни юксалтиришга ўнғай вилоят республикамизда йўқ. Қолаверса, яна бир яқин қўшнимиз бўлмиш Хитойда бир неча юз миллиард долларлик озиқ-овқат ва текстиль бозори мавжудки, бу ҳам вилоятда инновацияга эътиборни кучайтириш ва тезлаштириш шартлигини тақозо қилади.
Кўплаб савол-жавоблар ва топшириқлардан сўнг Президент Сирдарё аҳолиси фаровонлигини янада оширишга қаратилган 5 та янги ташаббусни эълон қилди. Нафақат вилоят, айни чоғда, мамлакат боғларига ҳам мусаффо ҳаволар олиб киргувчи бу ташаббусларнинг ҳар бири аҳамиятига кўра, тарихийликка дахлдор эди.
Ана шундай янгиликлардан кейин кун тартибидаги ташкилий масалага ўтилди.
Ўрни келганда таъкидлаш жоиз, Президент вилоятнинг аввалги раҳбари, ҳозир Президент маслаҳатчиси вазифасини бажараётган Ғофуржон Мирзаевнинг ҳокимлик фаолиятига юқори баҳо берди. «Мирзаев сизни ҳам тиндирмади, ўзиям тинмади, - деди Президент. – Энг муҳими, одамларда «бўлар экан-ку» деган ишонч уйғонди».
Сессия тугагач, Президент Гулистон шаҳридаги қарийб минг киши меҳнат қилаётган «omonmedfarm» корхонаси фаолияти билан танишиб, шу ерда 6 та янги корхонани ишга тушириш маросимида иштирок этди. Кейин оташин шеърлари билан халқимиз кўнглидан «ҳақиқат ва адолат жарчиси» сифатида жой олган шоира Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабига борди.
...Мактабга кираверишда шоиранинг ҳайкали бор. Табиатни жонидан севган шоира лолақизғалдоқдан қўзиқулоққача, бойчечакдан туятовонгача, янтоқдан саксовулгача чаппар уриб ётган Боёвут дашларига боқиб, тўя олмай, ҳавас билан тикилиб тургандай.
Президентимиз ҳайкал пойига гул қўяётганида шоиранинг:
Қон аслан ёруғлик. Ёруғлан, тиз чўк.
Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.
Қанча қонинг бўлса, Ватан учун тўк,
Қанча шонинг бўлса – Ватанни кўтар!
– деган ҳайқириғи шаҳру қишлоқлар оша дашту далаларда акс-садо бераётгандек туюлди.
Ўша куни давлат раҳбари ўқувчилар, муаллим ва зиёлилар билан дилдан қилинган самимий суҳбатларида «Мен Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева билан худди ака-укалардек жуда қадрдон эдим», дедилар. «Бу ижодкорлар яратган асарларни қайта-қайта ўқийман, мутолаа қиламан. Абдулла аканинг биргина «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» шеърини қаранг, қанча мазмун-маъно, ҳикмат, Ватанга муҳаббат бор шу битта шеърнинг моҳиятида. Бугун бизга ана шундай миллатпарвар шоирлар керак. Ҳозир ижод мактабини қурдик. Бинолар гўзал, замонавий, ўқиш-ўрганиш учун ҳамма шароит мужассам. Энди мазмун ҳам шаклга муносиб бўлиши керак. Бундай даргоҳларда таълим олаётган ёшларнинг кўзлари ёниб туриши керак. Ватан учун, миллат учун, халқ учун куйиб-ёнадиган фидойилар керак бугун Ватанга», деган сўзлари ёшлар қалбига мангу муҳрланди.
Шавкат Мирзиёевнинг адабиётга, ижод аҳлига бўлган меҳру муҳаббати нақадар бепоён эканига яна бир карра гувоҳ бўлдим ўша куни. Карвонбошимизнинг сўзлари, орзу-истакларга йўғрилган тилаклари, Ватан ва Миллат келажагига бўлган меҳру муҳаббати ҳамон онгу шууримга нур сочиб тургандек туюлади. Фахру ифтихорга кўмиламан. Она диёримизни гуллаб-яшнашига доир тарихий ташаббусларидан кўнглим Туркистон тоғлари янглиғ кўтарилиб кетаётгандек бўлади.
Уч йилдан зиёдроқ вақт ўтди ўшандан буён. Энди ундан буёғини айтар бўлсам, шу уч йилгинада қилинган ишлар ҳам лофи билан уч асрда қилинганидан кам эмас. Санасанг саноқ, таърифласанг қоғоз оз. Шул боис ўтаётган 2025 йилнинг ўзидаги ва келгусидаги режаларга доир рақамларнинг айримларини тилга олиш билан чегараланамиз.
Марҳамат, ўқинг. Сирдарёликлар 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигини барқарор иқтисодий ўсиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, аҳоли бандлиги ва ижтимоий ҳаётдаги ислоҳотлар билан қарши олдилар. Сўзда эмас, амалий ҳаракатда намоён бўлаётган бундай ютуқларни энг аввал солиқ тушумларида яққол кўриш мумкин. Зеро, иқтисодни тушунадиганлар солиқ тушумларини барқарорлик пойдевори, дейдилар. Жорий йилнинг биринчи ярмида уларнинг ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 139 фоизга ўсди. Агар 2024 йилнинг 1-ярмида 758 миллиард сўм солиқ тушумлари тушган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 1 триллион 53 миллиард сўмга етди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ярим йилда 106,3 фоизга бажарилди. Йил якунига қадар бу кўрсаткич 107,5 фоизга кўпаяди.
Янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга тушиши, хусусан, Мирзаобод, Сайхунобод ва Гулистон шаҳарларидаги саноат зоналарида кичик корхоналарнинг фаолият бошлаши натижасида ишлаб чиқариш ҳажми соҳада йил якунигача 107 фоизга етказилади. Иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган хизматлар ҳажми ярим йилликда 6,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114 фоизга ошган бўлса, мазкур кўрсаткич йил якунида 115 фоизга етказилади.
6-7 ойда тадбиркорлик субъектлари сони 771 тага кўпайди. Ҳудудларда ихтисослашувга эътибор кучайди. Сардобада мева-сабзавотни қайта ишлаш, Ховосда маиший техника, Гулистонда текстиль маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ҳам 141 фоизга ошиб, 416 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ховосда хитойлик инвесторлар иштирокида полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш заводи, Сайхунободда электр жиҳозлари ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди. Экспорт ҳажми 150 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 123 фоизга ўсганини англатади. Йил бошида 11,3 фоизни ташкил этган камбағаллик даражаси, 1 июлга келиб, 7,1 фоизга камайган бўлса, кўрсаткич йил адоғига бориб 5,3 фоизгача тушади.
Энди икки жумла томорқа ҳақида. Томорқа деганда яқинларгача ўт босган қаровсиз ҳовлилар келарди одамнинг кўз олдига. «Янги Ўзбекистон» ислоҳотлари бу соҳага бўлган муносабатларни ҳам тамоман янгилади. Аҳолида шахсий томорқадан фойдаланиш маданияти ўзгарди. Бу нафақат оила бандлигини таъминлади, балки қўшимча даромад манбаларини яратди.
Сайхунобод тумани «Ўзбекистон» маҳалласида яшовчи Камол Муҳаммадиев 2020 йилда 25 сотих майдонга Олтиариқ тажрибаси асосида узум экишни йўлга қўйиб, ўтган йилнинг ўзида 8 тонна маҳсулот олди. Совуткичда сақлаш орқали декабрь-январь ойларида 300-400 миллион сўм соф даромад эгасига айланди. Сирдарё тумани «Бахмал» маҳалласида истиқомат қилувчи Дилафрўз Бойбўтаева 30 миллион сўм кредит олиб, 6 сотих ерда «Қора шаҳзода» навли атиргул кўчатлари етиштиришни йўлга қўйди. Бу йил у 30 минг дона атиргул сотиб, 60 миллион сўм даромад олди.
Бундай юзлаб мисоллар аҳолининг меҳнатсеварлиги, тадбиркорлик руҳи ва замонавий ёндашувларини намоён этмоқда. Мақсад – ҳар бир фуқаро муносиб ҳаёт кечиришига, ҳар бир хонадон даромад манбаига эга бўлишига эришиш ва ҳар бир маҳаллани фаровонлик манзилига айлантиришдир.
Давлат раҳбарининг вилоятга кўрсатаётган алоҳида эътибори натижасида жорий йилнинг ўзида Сирдарё вилояти тараққиётига доир иккита муҳим ҳужжат – «Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасини янги ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорлари қабул қилингани эса вилоят иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётида янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжатлар асосида 1080 гектар ер майдони махсус саноат зоналарига ажратилди. Уларда жорий йил якунига қадар қиймати 2 миллиард доллар бўлган 62 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Натижада 20 мингта янги иш ўрни яратилади.
Саноат инфратузилмасини ривожлантириш билан бирга ҳудуддаги инвестиция муҳити фаоллашди. Август ойида ўтказилган «Сирдарёда бизнес қилинг!» инвестиция форумида Россия, Хитой, Қозоғистон, Венгрия ва Тожикистон элчихоналари вакиллари, 10 та ҳамкор ҳудуд ва 200 га яқин хорижий инвесторлар, шунингдек, 600 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар иштирок этдилар.
Ичимлик сув ва оқова сув тизимини яхшилаш вилоятдаги энг оғир масала эди. Муаммони ҳал қилиш учун барча давлат дастурлари доирасида 161,6 километр ичимлик сув, 36,5 километр оқова сув тармоқлари ва 94 та сув иншоотини қуриш ҳамда реконструкция қилиш белгиланганди. Бугунги кунда 134,4 километр ичимлик, 52 километр оқова сув тармоқлари ва 52 та сув иншоотида амалий ишлар бажарилди.
Илгари кунига фақат 9 соат сув бериладиган Гулистон шаҳрини 24 соат узлуксиз ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида Президент қарори билан 35 миллиард сўм ажратилди, 64 километр сув тармоқлари тортилди ва 2 та сув иншооти реконструкция қилинди. Яқин кунларда Гулистон ва атроф туманлар тўлиқ сув билан таъминланади.
Гулистон шаҳри қаторида Боёвут туманининг «Қаропчи» ва «Янги авлод», Гулистон туманининг «Зарбдор», «Ишонч» ва «Мевазор» маҳаллалари ҳам узлуксиз ичимлик сув билан таъминланади. Ховос ва Боёвут туманларида эса 32 минг нафар аҳолининг 35 йиллик орзуси ушалди. У ерларга илк бор «Зомин сув» марказлашган тизими орқали обиҳаёт етиб келди.
Гулистон шаҳридаги 51 та кўп қаватли уйнинг 1 173 та хонадони канализация тизимига уланди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан ажратилган 1 миллиард сўм маблағ воситасида Гулистон ва Янгиер шаҳарлари ҳамда Оқолтин ва Сайхунобод туманларидаги 81 та кўп қаватли уйнинг ертўла қисмидаги оқова сув тизимлари янгиланди. Ҳозир Гулистон шаҳридаги Шимолий сув иншоотидан Янгиер шаҳригача катта ҳажмли 33 километр сув тармоғи қурилмоқда.
Аҳолини доимий электр ва газ билан таъминлаш йўлида бажарилган ишлар бундан-да зиёд. 6-7 ой орасида узунлиги 151 километр бўлган янги электр тармоқлари қурилди. Ховос туманидаги 30 йил давомида қаралмаган «Пахтакор», «Қаҳрамон», «Бўстон», «Ўзбекистон тўкинчилиги» ва «Обод турмуш» маҳаллаларида 16 километр электр узатиш тармоғи тўлиқ янгиланди.
Вилоят миқёсида 858 километр электр тармоқлари ва 334 та трансформатор мукаммал таъмирланди. 30 та маҳаллада 25 минг аҳолининг турмуш шароити яхшиланди. Муҳими, 28 миллион куб метр табиий газ тежалди. Бу нафақат иқтисодий, балки экологик самарадорлик ҳамдир.
Йўлинг равон бўлмаса, овулингга қуш ҳам учиб келмайди. Абгор аҳволдаги 300 километр йўл 6 ой ичида тузатилиб, асфальтланди. Яна 36 километр ички йўлга шағал тўшалди. 78 та маҳаллада 300 мингдан зиёд аҳоли учун қулай ҳаракатланиш имконияти яратилди. Сайхунобод туманининг «Ўрикзор» маҳалласида 35-40 йилдан буён ўйдим-чуқур бўлиб ётган йўллар илк бор асфальт-бетон билан қопланди.
Йил якунига қадар вилоятда яна 376 километр йўл, жумладан, 356 километр ички йўл ва 3 та кўприк таъмирланиши режалаштирилган.
* * *
...«Яна-яна»ларни яна ва яна давом эттириш мумкин. Ютуқлар оз эмас. Сирдарёни обод қилиш учун бир тану бир жон бўлиб, тер тўкаётганларнинг шиддат-шижоати эса ҳаммасидан баланд, ҳаммасидан ҳавасли. Шундай лаҳзаларда, беихтиёр яна оташқалб, дилбар шоира опамиз Ҳалимахоним Худойбердиеванинг:
– Қанча шонинг бўлса – Ватанни кўтар! – деган ҳайқириғи шаҳру қишлоқлар оша дашту далаларда акс-садо бераётгандек туюлаверади. Ва сен ҳам қандай қилиб шоиранинг даъватларига қўшилиб кетганингни сезмай қоласан:
– Қанча шонинг бўлса – Ватанни кўтар!
Абдусаид КЎЧИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси





