Наркотик ва психотроп моддалар муомаласи учун жавобгарлик кучайтирилди
2026-06-19 10:00:00 / OCHIQ MA'LUMOTLAR
Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 10 февраль куни қабул қилиниб, Сенат томонидан 2026 йил 18 май куни маъқулланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 11 июнь куни имзоланган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг, шунингдек кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддалар қонунга хилоф равишда муомалада бўлишининг ортиб бораётганлиги, бунинг натижасида эса аҳоли саломатлиги ва генофондига жиддий хавф юзага келаётганлиги бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни такомиллаштириш заруриятини юзага келтирди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига, Жиноят-процессуал кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлганлиги учун жавобгарликни белгиловчи нормаларни тизимлаштириш ва такомиллаштириш билан боғлиқ, шунингдек қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга, бошқа қонун ҳужжатлари билан мувофиқлаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди:.......
6) 73-модда тўртинчи қисмининг «г» банди «гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказганлик, ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этганлик, гиёҳвандлик воситаларининг, психотроп моддаларнинг ёки уларнинг аналогларининг ёхуд кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига ҳомийлик қилганлик, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик» деган сўзлар билан тўлдирилди;
8) 127-модда қуйидаги таҳрирда баён этилиши белгилаб қўйилди.
«127-модда. Вояга етмаган шахсни жиноят содир этишга жалб қилиш
Вояга етмаган шахсни жиноят содир этишга жалб қилиш, —
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади»;
12) Махсус қисм олтинчи бўлимининг номи қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«ОЛТИНЧИ БЎЛИМ. ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИГА, АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ВА ГЕНОФОНДИГА, ЖАМОАТ ТАРТИБИГА ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР» деб номланди.
18) XIX бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«XIX боб. Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар»;
21) 273-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«273-модда. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш
Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар кўп бўлмаган миқдорда содир этилган бўлса, —
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар озгинадан кўпроқ миқдорда содир этилган бўлса, —
беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 270, 271, 274 — 2768-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ жойларида;
г) таълим ташкилотларида, уларнинг ҳудудида ёки талабаларнинг (ўқувчиларнинг) ётоқхоналарида, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ёхуд талабалар (ўқувчилар) томонидан ўқув, спорт ёки жамоат тадбирларини ўтказиш учун фойдаланиладиган бошқа жойларда, шунингдек уларга туташ ҳудудларда;
д) вояга етмаган шахсга нисбатан;
е) телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, —
етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар:
а) ўта хавфли рецидивист томонидан;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар:
а) кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб икки ёхуд ундан ортиқ давлат ҳудудида ёки телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, —
ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган қилмишларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини топширса, жазодан озод қилинади»;
22) 274-модда:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«274-модда. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёхуд бундай восита ёки моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш»;
23) 275-модда номи ва биринчи қисмининг диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«275-модда. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ишлаб чиқариш ёхуд улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш
Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ишлаб чиқариш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёхуд жўнатишнинг белгиланган қоидаларини бузиш»;
24) 276-модда:
номи ва биринчи қисмининг диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«276-модда. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар
Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиш, ташиш ёки жўнатиш»;
иккинчи қисми диспозициясининг «б» банди қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«б) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 270 — 275, 2761 — 2768-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан содир этилган бўлса»;
учинчи қисмидаги «гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни» деган сўзлар «гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини» деган сўзлар билан алмаштирилди;
25) XIX боб қуйидаги мазмундаги 2761 — 27613-моддалар билан тўлдирилди:
«2761-модда. Ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш
2762-модда. Бангихона ташкил қилиш ёки сақлаш
2763-модда. Гиёҳвандлик воситаларининг, психотроп моддаларнинг ёки уларнинг аналогларининг ёхуд кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига ҳомийлик қилиш
2764-модда. Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш
2765-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш
2766-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш
2767-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш
2768-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳисобланмайдиган алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш
2769-модда. Таносил ёки ОИВ касаллигини (ОИТСни) тарқатиш
27610-модда. Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш
27611-модда. Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш
27612-модда. Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий жиҳозларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш
27613-модда. Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш
26) саккизинчи бўлим:
қуйидаги мазмундаги атама билан тўлдирилди:
«Ғайриқонуний нарколаборатория — гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни, шунингдек гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ёки уларнинг аналогларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки қайта ишлаш учун махсус ташкил этилган, бунинг учун зарур бўлган кимёвий моддалар, асбоб-ускуналар ва техник воситалар билан жиҳозланган ҳар қандай кўчар ёки кўчмас мулк объекти».
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Жиноят ишлари бўйича
Шароф Рашидов туман судининг раиси З.Р.Худайбердиев
