🟢Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги — обод маҳалла ва ҳамжиҳатлик тимсоли
2026-08-01 09:10:00 / Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимиз бўйлаб кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ана шундай эзгу ташаббуслар доирасида "Долзарб — 40 кунлик" шиори остида ҳар ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари Ромитан туманида оммавий ҳашарлар юқори уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Ҳашарларда туман ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла еттилиги, ёшлар, нуронийлар ҳамда фаол фуқаролар бирлашиб, маҳаллаларни янада обод ва кўркам қилиш йўлида бир ёқадан бош чиқармоқдалар.
Тадбирлар давомида маҳалла кўчалари, ички йўллар, ариқ ва зовурлар тозаланиб, йўл ёқалари ҳамда аҳоли гавжум ҳудудлар тартибга келтирилмоқда. Дарахтлар оқланиб, манзарали ва мевали кўчатлар ўтқазилмоқда, яшил ҳудудлар парвариш қилиниб, санитария ва экологик тозаликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, маҳалла гузарлари, болалар майдончалари, зиёратгоҳлар ва қабристонлар атрофини ободонлаштириш, аҳоли яшаш муҳитини янада файзли ва шинам қилишга қаратилган ишлар ҳам изчил давом этмоқда.
Бундай умумхалқ ҳашарлари нафақат маҳаллаларнинг ташқи қиёфасини янада чиройли қилади, балки аҳоли ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва Ватанга дахлдорлик туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
Ромитан туманида "Долзарб — 40 кунлик" доирасида амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар Мустақиллигимизнинг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш, маҳаллаларни янада обод ва фаровон қилиш ҳамда аҳоли учун қулай ҳаёт муҳитини яратиш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Обод маҳалла — фаровон ҳаёт, ҳамжиҳат халқ эса юрт тараққиётининг энг катта кучидир.









