Хориждаги фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир янги қадам: Жиноят-процессуал кодексига киритилган муҳим ўзгартишлар
2025-07-11 13:10:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Хориждаги фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир янги қадам: Жиноят-процессуал кодексига киритилган муҳим ўзгартишлар
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар нафақат мамлакат ичида, балки хорижда ҳам ўз ҳуқуқий муҳофазасига муҳтож бўлган фуқаролар манфаатларини таъминлашни мақсад қилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Шу мақсадда, 2024 йил 4 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1009-сонли Қонун ҳуқуқий муносабатларда янги босқични бошлаб берди.
Халқаро ҳамкорликда янги имкониятлар
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси айрим хорижий давлатлар билан озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланган шахсларни мажбурий даволашни ўз ҳудудида амалга ошириш мақсадида халқаро шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу янгилик хорижий давлатларда жазо ўтаётган ёки мажбурий тиббий чораларга дучор бўлган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, уларни ўз ватанида жазо муддатини ўташ имконияти билан таъминлашга хизмат қилади.
Суд қарорларини тан олиш ва ижро этиш тартиби
Қонун билан хорижий давлат судлари томонидан чиқарилган қарорларни тан олиш ва ижрога қаратириш, шунингдек, бундай қарорлар асосида шахсларни қабул қилиш ва юбориш тартиби аниқ меъёрлар асосида белгиланди. Бундан ташқари, мазкур жараёнларда иштирок этувчи шахсларнинг процессуал мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.
Ижтимоий реабилитацияга хизмат қилувчи ташаббус
Мазкур қонун хориждаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан бирга, уларнинг ўз юртига қайтиб, белгиланган жазони шу ерда ўташи орқали ижтимоий реабилитация жараёнини жадаллаштиришга йўналтирилган. Бу эса инсонпарварлик тамойилларига асосланган ҳолда жиноятга оид жазо сиёсатида янги ёндашувни ифода этади.
Хулоса ўрнида
Янги қонун нафақат миллий қонунчилигимизни халқаро ҳуқуқ меъёрларига мослаштириш, балки давлатнинг ўз фуқароларига нисбатан масъулиятли муносабатини намоён этишининг амалий ифодаси сифатида хизмат қилмоқда. У хориждаги фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишда давлатнинг кафолатларини мустаҳкамлаб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга яна бир қадам яқинлашганимизни кўрсатади.
Қўшкўпир тумани прокурорининг катта ёрдамчиси 1- даражали юрист Болтоев Миркамол Бектемирович
