Қўшкўпир тумани ҳудудида жиноятчиликни барвақт олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича туман прокурори Б.А.Матрасуловнинг аҳолига М У Р О Ж А А Т И
2025-06-11 13:35:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Ассалому алайкум азиз юртдошлар !
Бугунги тараққиётимизнинг янги босқичида Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқ фаровонлигини юксалтиришга ишончли хизмат қилмоқда.
Айни дамларда юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилди.
Ҳуқуқбузарликни содир этишга сабаб бўлаётган ижтимоий – маиший муаммоларни ижтимоий профилактика чоралари тизими орқали ҳал этиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш барчамизнинг устувор вазифамизга айланди.
Шу билан бирга, туманимизда жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳуқуқ – тартибот идоралари ҳамкорлигида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифлари давомида таъкидлаганларидек, ҳар бир жиноятнинг илдизигача етиб бориш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш
мақсадида жиноятлар билан “маҳаллабай” ва “соҳабай” ишлашимиз зарур.
Қайд этишим жоизки, кўплаб маҳалла еттилиги аъзолари жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда биз билан елкадош бўлиб, куч – ғайратини аямагани натижасида жорий йилнинг ўтган даврида тумандаги маҳаллаларнинг қарийб 96 фоизида жиноят содир этилмади.
Бироқ, содир қилинган жиноятларнинг қарийб учдан бир қисмини олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар ташкил этди.
Шундан келиб чиқиб, аввало, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш учун биз халқ орасига кириб, унинг жиноят содир этиш эҳтимоли юқори бўлган қисми билан манзилли ишлашни давом эттирамиз.
Ҳурматли юртдошлар !
Кундалик ҳаётимизда содир бўлаётган воқеава ҳодисаларга бефарқ қараш, шунчаки кузатувчи
бўлиб яшаш келажагимизга нисбатан бепарволик эканлигини барчамиз яхши англаймиз.
Ён атрофимизда содир бўлаётган салбий воқеликларни кўриб-кўрмасликка, эшитиб-эшитмасликка олиш зайилида иш тутсак, эртага ўзимиз ҳам, биздан кейинги авлод ҳам бундай бефарқлик қурбони бўлиши мумкин.
Айниқса, кейинги йилларда ахборот техно-логияларининг шиддат билан ривожланиши улар воситасида содир этиладиган жиноятлар таҳдидини ҳам кучайтирмоқда.
Мазкур технологиялар имкониятларидан фойдаланиб, жиноятчилар фуқароларни алдаш, уларнинг мулкини қўлга киритиш каби жиноятларнинг янги усулларини қўлламоқда.
Шу сабабли, бугун барчангизнинг эътиборингизни уяли алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда интернет орқали содир қилинаётган фирибгарлик ва ўғрилик жиноятларига қаратмоқчиман.
Мурожаатим Сизларни бефарқ қолдирмаслигига ишонаман.
Бугунги кунда туманимизда жиноятларнинг тўртдан бир қисмини айнан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир қилинган кибержиноятлар ташкил этмоқда.
Кўплаб фуқароларимиз фирибгарлар тузоғига тушиш орқали, кибержиноятлар қурбонига айланиб қолаётганлиги кузатилмоқда.
Фуқароларимизнинг ахборот технологиялари соҳасида билимсизлиги ҳамда тажрибасизлиги,
уларни фирибгарларни осон ўлжасига айлантирмоқда.
Жумладан, фирибгарлар қуйидаги усуллар билан фуқароларни алдашмоқда ёки чалғитувчи йўллар билан
ўз чангалига олишмоқда:
биринчидан, банк, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа шу каби ташкилотлар ходими сифатида фуқароларга қўнғироқ қилиб, тўловдаги тушунмовчилик, омонатингизга таҳдид бўлаётганлиги, пластик картангизга хавф туғилаётгани каби турли ёлғон сўзларни айтиб, пластик карта ҳақидаги ва бошқа маълумотларни ўзларидан билиб олмоқда;
Шуни доимо ёдда тутинг.
Банк ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Сиздан бу каби маълумотларни сўрамайди.
Сизнинг шахсий варақангиз, пластик картангиз ва омонатларингиз бўйича барча маълумотлар банкларнинг ўзида мавжуд.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундай маълумотларни банк органларидан белгиланган тартибдагина оладилар.
иккинчидан, Telegram мессенджери орқали турли вирус файлларни фуқароларга жўнатиб, ушбу файлларни юклаб олишлари билан жиноятчилар банк пластик карталарни бошқариш ва пулларни ўғирлаб олиш имкониятини қўлга киритмоқда;
Шу сабабли, шубҳали ва нотаниш манзиллардан юборилган турли маълумотлар билан қизиқиб, уларни телефонингизга юкламанг.
учинчидан, Сизга яхши маълумки, бугунги кунда интернет орқали онлайн хизматлар кўрсатиш ва турли маҳсулотларни сотиш тобора оммалашиб бормоқда.
Бундай савдоларда реклама қилинаётган товарларнинг нархи арзонлиги ёки тўлов турининг енгиллиги сабабли, фирибгарлар фуқароларда қизиқиш уйғотиб, бошланғич тўлов сифатида пул ўтказиб олиш орқали, маблағларини қўлга киритмоқда;
тўртинчидан, баъзи фуқароларимизда тез ва осон
бойиш истаги юқори.
Шу боис, уларга интернет тармоқлари орқали дунёга таниқли ва йирик инвесторлар номидан катта фойда ваъда қилинмоқда.
Фуқаролар бунга ишониб, йирик миқдордаги маблағларини ўз қўли билан фирибгарларга ўтказиб бермоқда.
Ҳурматли юртдошлар !
Кибермакондаги, хусусан, банк пластик карта-ларидан пулни фирибгарлик ва ўғирлик йўли билан эгаллаш жиноятлари ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, асосан чет элдан туриб содир этилмоқда, қўлга киритилган пуллар эса, ушбу давлатларга тезкорлик билан олиб чиқиб кетилмоқда.
Бу эса, эгаллаб олинган пулларнинг қайтарилишини, киберфирибгар ва ўғриларнинг шахсини аниқлашни янада қийинлаштирмоқда.
Муҳтарам Президентимиз халқимизнинг бундай жиноятлар қурбонига айланиб қолаётганлигини чуқур англаган ҳолда, жорий йил 30 апрелда “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорни имзоладилар.
Ушбу ҳужжат билан масъул давлат органлари, ташкилотлар, банклар, тўлов тизими операторлари
ва тўлов ташкилотларининг ҳар бирига кибержиноят-ларнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг кибер-маданиятини юксалтиришга қаратилган барча зарур чораларни кўриш бўйича қатъий жавобгарлик юклатилди.
Шундан келиб чиқиб, ушбу турдаги жиноятларгакенг жамоатчилик билан биргаликда бир бўлиб курашмасак, ўйлаган натижага эриша олмаймиз.
Албатта, ҳуқуқ-тартибот органлари жабрланувчи-ларнинг тегишли мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириб, тегишли чораларни кўриб боради.
Лекин халқимиз, айниқса ёшларимизнинг огоҳлиги бундай таҳдидлардан ҳимояланишнинг муҳим воситасидир.
Ишонаман, ўзаро ҳамкорлигимиз кибермакондаги фирибгар ва ўғриларнинг жиноий режаларига чек қўйишга хизмат қилади.
Сизлардан яна бир фирибгарларнинг “осон ечим топадиган” ёлғон ваъдаларига алданиб қолишдан сақланишни, кибермаконда алоқага
чиқаётган ҳар қандай нотаниш шахсларга ишонувчан бўлмасликни, ҳушёрликни оширишни; ва албатта, бундай ҳолатларга дуч келсангиз, зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишингизни сўраб қоламан.
Ҳурматли юртдошлар!
Ишончим комил, агар:
- туманимизда хавфсиз муҳитни таъминлаш ишларига барчамиз бирдек масъулият билан қарасак;
- ўз уйимиз, ўз маҳалламиз, ўз юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигига дахлдорлигимизни чуқур
ҳис қилсак;
- юртимизда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, маънавий - ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга
ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшсак, бугунги таҳликали замонда хонадонимизда, маҳалламизда, юртимизда тинчлик ва осойишталикни сўзсиз таъминлаймиз.
Шу сабабли, барчангизни юртимизни тинч ва обод масканга айлантиришда, Юртбошимизнинг
халқчил доно сиёсатини амалга оширишда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга чақираман!
Азиз юртдошлар !
Қўшўкўпир тумани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари бу борада Сизга ҳамиша энг яқин кўмакчи, ҳуқуқларингиз, мол-мулкингиз ҳимоячиси бўлиб қолаверади.
Ўзингизни, уйингизни, оилангизни ва юртимиз келажагини эҳтиёт қилинг !
