Jarayon
2026-09-02 09:55:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

“Билимлар куни” байрами муносабати билан табриги
Ассалому алайкум, муҳтарам устозлар, азиз ўқувчилар, қадрли ота-оналар ва ҳурматли байрам иштирокчилари!
Аввало, барчангизни, шунингдек, бутун юртимиз аҳлини Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” эзгу ғояси остида ўтказилаётган бугунги “Билимлар куни” – “Биринчи қўнғироқ” байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
Бугунги кун – айниқса, мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган азиз болажонларимиз учун унутилмас ва ҳаяжонли кун. Қўнғироқнинг жаранглаши – шунчаки янги ўқув йили бошланганидан дарак эмас. Бу – янги орзулар, янги мақсадлар, янги изланишлар ва янги ғалабалар сари очилган эшикдир.
Шу маънода, бугун мактаб остонасига қадам қўяётган биринчи синф ўқувчиларини алоҳида қутлайман. Азиз фарзандлар, бугундан бошлаб сизларнинг ҳаётингизда янги ва ёрқин саҳифа бошланмоқда. Сизларга пухта билим олиш, устозларингизнинг ўгитларига қулоқ тутиш, Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиб камол топишингизни тилайман.
Ҳурматли устозлар!
Бугунги кунда юртимизда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликни ҳар биримиз чуқур ҳис этмоқдамиз. Муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида замонавий таълим масканларини барпо этиш, уларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг касбий маҳорати ва нуфузини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Навбаҳор туманида 37 та умумтаълим мактаби фаолият кўрсатиб, уларда 1 969 нафар педагог 18 209 нафар ўқувчига таълим-тарбия бермоқда.
Энг муҳими, таълим соҳасига киритилаётган инвестиция ва яратилаётган имкониятлар ўзининг амалий натижасини бермоқда.
Агар кейинги йилларда амалга оширилган ишларга назар ташласак, бу борадаги ўзгаришлар кўламини яққол кўришимиз мумкин.
2016 йилга қадар атиги 11 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, кейинги йилларда 32 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.
Жумладан, 2026 йилнинг ўзида “Ташаббусли бюджет” маблағлари ҳисобидан 23-мактабда 60 ўринли қўшимча бино, 34-мактабда ошхона ва фаоллар зали барпо этилди.
Йил якунига қадар 1-, 11- ва 29-мактабларда спорт майдонлари қурилиши, 15-, 16-, 26- ва 31-мактабларда эса мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Инвестиция давлат дастури доирасида 1-мактабда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, “Ислом тараққиёти” банки маблағлари доирасида 9 та мактабда мукаммал таъмирлаш ва қўшимча бинолар қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 6 699 та ўқувчи ўрни замонавий ҳолатга келтирилиб, қўшимча бинолар ҳисобига яна 1 636 та янги ўқувчи ўрни яратилади.
Буларнинг барчаси – фарзандларимизга муносиб таълим олиши учун яратилаётган шароитларнинг амалий ифодасидир.
Қадрли юртдошлар!
Таълимдаги ислоҳотларнинг энг асосий мезони – бу, албатта, натижадир.
2016 йилда тоифали педагоглар улуши бор-йўғи 10 фоизни ташкил этган бўлса, бугун ушбу кўрсаткич 72 фоизга етди.
Илгарилари мактабларга хорижлик мутахассисларни жалб қилиш амалиёти деярли мавжуд бўлмаган бўлса, бугун туманимиз мактабларида 16 нафар хорижий мутахассис фаолият юритмоқда.
2016 йилда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 22 фоиз бўлган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 62 фоизга етди.
Яна бир қувонарли жиҳат – фарзандларимизнинг билим ва салоҳиятини тасдиқловчи миллий ҳамда халқаро сертификатлар сони кескин ортмоқда. Агар 2016 йилда бундай сертификатга эга ўқувчилар деярли бўлмаган бўлса, бугун уларнинг сони 2 000 нафарга яқинлашди.
Айниқса, 2025–2026 ўқув йилида битирувчиларимизнинг 903 нафари, яъни 75 фоизи, қарийб 1 600 та миллий ва халқаро сертификатни қўлга киритди. Бу натижа ўтган йилларга нисбатан қарийб 5 баробар юқоридир.
Бу – фарзандларимизда билимга, изланишга ва юксак мақсадларга интилиш тобора кучайиб бораётганининг ёрқин далилидир.
Азиз устозлар ва ўқувчилар!
Бугун таълим сифати фақат мактаб билан чекланиб қолаётгани йўқ. Фарзандларимизнинг мактабгача таълим билан қамрови ҳам сезиларли даражада ошди.
2016 йилда туманда бор-йўғи 12 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлган бўлса, бугун давлат, хусусий, оилавий ва давлат-хусусий шериклик асосидаги ташкилотлар сони 143 тага етди.
3–7 ёшли болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови эса 31 фоиздан 78 фоизга кўтарилди.
Шунингдек, мактабларимиз кутубхона фонди ҳам йил сайин бойиб бормоқда. 2016 йилда бадиий адабиётлар фонди 12 минг нусхани ташкил этган бўлса, бугун бу кўрсаткич 63 807 нусхага етди.
Бу рақамлар ортида битта буюк мақсад – китобхон, билимли, мустақил фикрлайдиган ва юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш мақсади мужассам.
Фарзандларимизнинг фанларга бўлган қизиқиши ва иқтидори ҳам ўз самарасини бермоқда. Сўнгги 10 йилда фан олимпиадаларининг вилоят босқичида 60 га яқин битирувчимиз ғолиб бўлди. Уларнинг 12 нафари Республика босқичида юқори натижаларни қўлга киритди.
Мактабларда хорижий тилларни ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш тизими йўлга қўйилди.
Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган фарзандларимиз ҳам таълим жараёнидан четда қолаётгани йўқ. Илгари имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган 40 нафар ўқувчига якка тартибда таълим берилган бўлса, бугун 29 нафар ўқувчи инклюзив таълимга жалб этилди.
17 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилди, 2026 йилда яна 8 та мактабда ушбу тизимни жорий этиш режалаштирилган.
Буларнинг барчаси таълимда замонавий ёндашувлар, тенг имконият ва сифатли натижага бўлган эътибор тобора кучайиб бораётганидан далолат беради.
Муҳтарам устозлар!
Биз таълим соҳасидаги ютуқлар ҳақида гапирар эканмиз, бу натижаларнинг ортида турган инсонларни – фидойи ва заҳматкаш ўқитувчиларимизни алоҳида эътироф этишимиз керак.
Сўнгги 10 йилда туманимизда 38 нафар педагог тармоқ ва давлат мукофотларига сазовор бўлди. Уларнинг 33 нафари тармоқ, 5 нафари давлат мукофотлари билан тақдирланган.
Бугун Президентимиз томонидан яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётган 20 нафардан ортиқ ўқитувчи 1 000 доллар миқдорида ойлик маош олиб келмоқда.
Бу – ўқитувчи меҳнатига, унинг билим ва маҳоратига берилаётган юксак эътиборнинг амалий натижасидир.
2026 йилда “Йил ўқитувчиси” танловининг Республика босқичида 20-мактаб ўқитувчиси Сайдуллаева Марҳабо Мамадиёр қизи юқори натижа қайд этди.
Шунингдек, 2025–2026 ўқув йилида 5 нафар педагог Туркия Республикасига малака ошириш учун юборилди.
Бундай натижалар барчамизга фахр ва ғурур бағишлайди.
Азиз ўқувчилар!
Сизлар – юртимизнинг эртанги куни, Навбаҳор туманининг келажаги, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт авлодисиз.
Бугун сизларга яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланинг. Китоб ўқинг, илм ўрганинг, замонавий касбларни эгалланг, хорижий тилларни пухта ўзлаштиринг. Энг муҳими, ўз олдингизга катта мақсадлар қўйинг.
Чунки бугунги билимли ва салоҳиятли ёш – эртанги куни юртига хизмат қиладиган мутахассис, олим, тадбиркор, шифокор, муҳандис, ўқитувчи ва Ватан ҳимоячиси бўлиб етишади.
Муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан айтганда: “Биз учун энг катта бойлик, энг катта ишонч ва таянч – бу ўсиб келаётган ёш авлоддир”.
Дарҳақиқат, фарзандларимиз тақдири, уларнинг таълим-тарбияси ва келажаги учун барчамиз бирдек масъулмиз.
Айниқса, бугунги глобаллашув даврида ёшлар қалби ва онги учун турли ғоялар, ахборотлар ва таъсирлар кураши кучайиб бораётган бир пайтда, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ, Ватанга муҳаббат ва халққа садоқат руҳида тарбиялаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Биз фарзандларимизга шундай таълим ва тарбия беришимиз керакки, улар нафақат бугунги кун талабларига, балки эртанги куннинг мураккаб ва юксак талабларига ҳам муносиб жавоб бера оладиган авлод бўлиб вояга етсин.
Қадрли байрам иштирокчилари!
Бугунги “Биринчи қўнғироқ” – янги ўқув йилининг бошланиши билан бирга, янги орзулар ва янги марраларнинг ҳам бошланишидир.
Шу фурсатдан фойдаланиб, барчангизни Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан яна бир бор самимий муборакбод этаман!
Янги ўқув йили барчангиз учун улкан муваффақиятлар, янги ғалабалар ва эзгу натижалар йили бўлсин!Азиз ўқувчиларимизга мустаҳкам соғлиқ, зукколик ва ғайрат, устозларимизга куч-ғайрат, сабр-тоқат ва касбий зафарлар, ота-оналаримизга хотиржамлик ва фарзандларининг камолидан бахт-саодат тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз фаровон, фарзандларимиз бахтли бўлсин!
Янги ўқув йили муборак бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!
Ҳурмат билан,
Навбаҳор тумани ҳокими
Рашидов Алишер Абдуразоқович
