Jarayon
2026-08-31 09:50:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

МУСТАҚИЛЛИК — ЭНГ УЛУҒ ВА ЭНГ АЗИЗ НЕЪМАТ!
Ассалому алайкум, қадрли тумандошлар!
Аввало, барчангизни мамлакатимиз ҳаётидаги энг улуғ, энг қутлуғ ва энг азиз айём — Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Ушбу қутлуғ сана муносабати билан сизларга, сизлар орқали муҳтарам нуронийларимизга, азиз оналаримизга, фидойи юртдошларимизга, ёшларимизга ва барча оила аъзоларингизга мустаҳкам соғлик, хотиржамлик, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Мустақиллик — бу, аввало, халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш, миллий қадриятларимиз, тилимиз, динимиз ва бой тарихимизни асраб-авайлаш имкониятидир. Шу боис истиқлол байрами ҳар бир юртдошимиз қалбида чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотади.
Ўтган 35 йил давомида жонажон Ўзбекистонимиз шарафли ва машаққатли тараққиёт йўлини босиб ўтди. Айниқса, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари мамлакатимизнинг янги тараққиёт босқичига кўтарилишига мустаҳкам замин яратмоқда.
Бугун Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиб бораётган, иқтисодий салоҳияти, инвестициявий имкониятлари, илм-фани, маданияти ва инсон капитали билан юксалаётган замонавий давлат сифатида дунё эътиборини қозонмоқда.
Энг муҳими, бу улкан ўзгаришлар юртимизнинг чекка ҳудудлари, маҳалла ва қишлоқларигача кириб бориб, инсонларнинг кундалик ҳаётида ўзининг амалий ифодасини топмоқда.
Минг шукрки, бугун Навбаҳор тумани аҳли ҳам ана шу эзгу ва тарихий жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида ўз меҳнати, ташаббуси ва бунёдкорлиги билан юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Айни кунларда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя асосида туманимизда Мустақиллик байрами кенг нишонланмоқда. Байрам олдидан зиёратгоҳ ва қабристонлар, маҳаллалар, кўча ва хиёбонларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, юртимизнинг янада файзли ва обод қиёфаси яратилди.
Қадрли тумандошлар!
Мустақиллик йилларида, айниқса сўнгги даврда Навбаҳор туманида ҳам ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, таълим, тиббиёт, маданият, спорт, қурилиш, ободонлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий даврда ушбу мақсадлар учун 300 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилиб, 24 та таълим, 6 та тиббиёт ҳамда 3 та маданият ва спорт объекти барпо этилмоқда ва янгиланмоқда.
Шунингдек, 135,9 километр автомобиль йўли, 18,2 километр пиёдалар йўлаги, 76 километр сув тармоғи қурилмоқда. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 33 та трансформатор подстанцияси, 78,2 километр электр тармоғи ва 16 километр ташқи ёритиш тармоғи яратилмоқда.
Бу рақамлар шунчаки статистика эмас.
Уларнинг замирида — инсон манфаати, халқ розилиги, маҳаллалар ободлиги, фарзандларимиз таълими ва келажаги, юртдошларимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишдек эзгу мақсадлар мужассам.
Янги мактаблар ва қўшимча ўқув бинолари барпо этилаётгани, тиббиёт муассасалари таъмирланаётгани, йўллар обод бўлаётгани, ичимлик суви ва электр таъминоти яхшиланаётгани — бу ўзгаришларнинг ҳар бир хонадон ва ҳар бир маҳалла ҳаётидаги амалий ифодасидир.
Туманда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий жараёнлардаги фаоллигини ошириш, жойлардаги энг долзарб муаммоларни халқнинг ўзи билдирган таклифлар асосида ҳал этиш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2026 йил 1-мавсуми доирасида тумандаги 38 та маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролардан 91 та таклиф келиб тушди. Шундан 66 та таклиф овоз бериш босқичига ўтказилди.
Овоз бериш натижаларига кўра, жами 42 789 та овоз билдирилиб, аҳолининг фаол иштироки натижасида 7 та лойиҳа, умумий қиймати 10 миллиард 709,6 миллион сўм бўлган ташаббуслар ғолиб деб топилди.
Эътиборлиси, ғолиб лойиҳаларнинг барчаси умумтаълим мактабларини таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва таълим учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилган.
Бу — Навбаҳор аҳлининг фарзандлар келажагига бефарқ эмаслигининг, таълим ва тарбияни энг устувор вазифа деб билишининг ёрқин намунасидир.
Туманимиз ҳаётида қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилаётган натижалар ҳам алоҳида таҳсинга сазовор.
2026 йил ҳосили учун 175 нафар фермер хўжалиги томонидан 7 219 гектар майдонда етиштирилган ғалладан давлат эҳтиёжлари ва биржа савдолари учун белгиланган 24 минг 625 тонна дон топшириш режаси атиги 25 кунда ортиғи билан бажарилди.
Бу натижа билан Навбаҳор тумани вилоятда ушбу маррага биринчи бўлиб эришган туманлардан бири бўлди.
Албатта, бу юксак кўрсаткич замирида ерга меҳр билан ёндашган фермерларимиз, моҳир агрономлар, фидойи механизаторлар ва мавсум давомида сидқидилдан меҳнат қилган минглаб инсонларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати мужассам.
Айниқса, «Ҳазрат ота», «Худойқул бобо», «Боқий истиқбол», «Янгиқўрғон Сардори», «Абдураҳмон Фурқат», «Мужассам», «Тошкент», «Қамар ёғдуси», «Мамат Мўмин орзуси», «Янги йўл майсаси» каби илғор фермер хўжаликлари жамоалари алоҳида эътирофга лойиқ.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган барча меҳнаткаш ва фидойи инсонларга самимий миннатдорлик
билдираман.
Қадрли навбаҳорликлар!
Бугун биз Мустақилликнинг 35 йиллигини катта шукроналик ва юксак ишонч билан қарши олмоқдамиз.
Олдимизда янада улуғ мақсадлар, янги марралар ва катта вазифалар турибди. Уларни амалга оширишда энг катта кучимиз — халқимизнинг бирдамлиги, аҳиллиги, меҳнатсеварлиги ва Ватанга бўлган чексиз муҳаббатидир.
Ишончим комилки, биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, Навбаҳор туманининг янада обод ва фаровон келажагини биргаликда бунёд этамиз.
Яна бир бор барчангизни Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллик қутлуғ байрами билан чин қалбимдан муборакбод
этаман!
Барча эзгу ниятларимиз ижобат бўлсин!
Яратганнинг ўзи юртимизни турли бало-қазолардан асрасин. Халқимизга тинчлик-осойишталик, юртимизга тараққиёт ва фаровонлик, ҳар бир хонадонга файзу барака, меҳр-оқибат ва бахт-саодат ато этсин!
Жонажон Ватанимизда тинчлик ва осойишталик, хонадонларимизда файзу барака ҳеч қачон аримасин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон, Ўзбекистонимиз буюк ва барқарор бўлсин!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз навбаҳорликлар!
Ҳурмат билан,
Навбаҳор тумани ҳокими
Рашидов Алишер Абдуразоқович
