JARAYON
2026-07-17 16:40:00 / Yangiliklar

Ҳар бир инсоннинг мурожаати ортида унинг ҳаётига дахлдор муҳим масалалар, кундалик ташвишлар ва ечимини кутаётган муаммолар мужассам. Баъзан бу оддий маиший масала бўлиши мумкин, баъзан эса йиллар давомида ҳал этилмаган мураккаб муаммо. Шу боис мурожаатларга бефарқ қарамаслик, уларни чуқур ўрганиб, адолатли ечим топиш давлат органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
⚡️Мурожаат қачон қаноатлантирилган деб ҳисобланади? Албатта, у белгиланган муддатларда кўриб чиқилиб, унда кўтарилган ҳар бир масалага асосли ва аниқ жавоб берилгандагина. Бу жараёнда масъул ходимлардан юксак масъулият, ҳалоллик ва фидойилик талаб этилади. Шу билан бирга, мурожаат қилувчи фуқаролардан ҳам мурожаат маданиятига риоя қилиш, масалани аниқ ва асосли баён этиш муҳим аҳамият касб этади.
✏️Бугунги кунда давлат идоралари раҳбарлари томонидан жойларда сайёр қабуллар ўтказилиши ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Бундай учрашувлар орқали аҳолининг дарди бевосита эшитилиб, муаммолар жойида ўрганилади ва тезкор чоралар кўрилади.
🔘 Бугун 17 июль куни Навбаҳор туманида ҳам ана шундай сайёр қабул ташкил этилди. Туман ҳокими Алишер Рашидов бошчилигида тумандаги "Чорвоқгузар" маҳалласи ва туман фуқаролари учун ўтказилган мазкур шахсий қабулда аҳоли вакиллари фаол иштирок этди.
➡️Қабул давомида 10 нафардан ортиқ фуқаролар ўз мурожаатлари билан иштирок этиб, уларнинг ҳар бири мутасадди раҳбарлар томонидан диққат билан тингланди. Кўтарилган масалалар жойида ўрганилиб, тегишли ташкилотлар масъулларига аниқ топшириқлар берилди. Айрим мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, бошқалари юзасидан амалдаги қонунчилик доирасида ечим топиш чоралари белгиланди.
👍Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бундай сайёр қабуллар нафақат муаммоларни ҳал этиш, балки давлат органлари билан аҳоли ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Одамларнинг дардини эшитиш, уларга бефарқ бўлмаслик, оғирини енгил қилишга интилиш — бу раҳбар кадрлар олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир.
✍️ Аҳоли билан самимий ва очиқ мулоқот қилиш, уларнинг ишончини қозониш орқали жамиятда адолат ва барқарорликни таъминлаш мумкин. Зеро, инсон қадри улуғланган жойда тараққиёт ва фаровонлик бўлади.







