“Коррупция – тараққиётга таҳдид, уни олдини олиш бутун бир жамиятимизнинг иши
2025-11-10 08:15:00 / Korrupsiyaga qarshi kurashish

Коррупция-ҳар қандай давлат ва жамиятда тараққиёт оёғига солинган кишан. Ҳа, коррупция бугунги кунда тараққиётга тўсиқ бўлувчи энг жиддий глобал муаммолардан бирига айланиб бўлди. Унинг турли шакллари ва юзага келиш сабаблари мавжуд. Айтиш жоиз бўлса ўтган йиллар давомида юртимизда коррупция билан боғлиқ жуда кўп шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Кўпгина шахслар давлат органлари ходимлари бўла туриб, мансаб ваколатини суистеъмол қилган.
Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан бу соҳада мунтазам равишда таҳлил ва ўрганишлар амалга оширилмоқда. Бугун ривожланган давлатлар тажрибаси ҳам шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, бу орқали ҳалол рақобат муҳитини шакллантириб, аҳолига сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулот ва хизматларни тақдим этиш тараққиётнинг муҳим омилларидан ҳисобланади. Бу борада мамлакатимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йиллар мобайнида ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилди.
Жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида иштирок этган Президентимиз Шавкат Мирзиёев юртимизда коррупциядан ҳоли муҳит яратиш бўйича қилинган ишларга баҳо бериб, келгусида амалга ошириладиган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Йиғилишда Юртбошимиз ўз нутқида коррупция ислоҳатлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини таъкидлаб ўтди. Энг муҳими, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилди. Айниқса, бу борада оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсири ортиб бораётганлиги ҳам тилга олиб ўтилди. Дарвоқе, ана шу йиғилишда коррупция жиноятларининг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир этилаётганлиги қайд этилди. Шу боис, энди Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланиши ва уларга вилоят халқ депутатлари кенгаши раислари бош бўлиши айтиб ўтилди. Шунингдек, фикри тоза, коррупцияга тоқатсиз янги авлодни тарбиялаш мақсадида таълим масканларида ҳалоллик ғояларини сингдириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.
Хулоса қилиб айтганда бугун биз Коррупция бўйича тўхталиб ўтар эканмиз, бу борада қадимги юнон файласуфи Аристотелнинг қуйидаги фикрини келтириб ўтишни лозим топдик. "Ҳар қандай давлат тизимида -қонунлар ва бошқа фармойишлар орқали ишни шундай ташкил қилиш керакки, унда мансабдор шахсларнинг ноқонуний йўл билан бойишига йўл қўймаслик лозим". Дарҳақиқат шундай. Барчамиз ҳамжиҳатликда иш тутсак, орамизда коррупция содир этилишига йўл қўйилмайди.
Навбаҳор тумани ҳокими Рашидов Алишер Абдуразоқович
