Ислоҳотлар натижасини халқимизга биргаликда етказайлик!
2026-10-12 09:00:00 / Yangiliklar

Ислоҳотлар натижасини халқимизга биргаликда етказайлик!
Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамкасблар!
Бугун мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Уларнинг асосий мақсади — инсон қадрини улуғлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш ва ҳар бир ҳудудда янги имкониятлар яратишдир.
Қашқадарё вилоятида вилоят ҳокими Муротжон Азимов раҳбарлигида ушбу ислоҳотларнинг амалий натижаларини таъминлаш, аҳоли бандлигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш ва ҳудудларни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Китоб туманида эса туман ҳокими Рустам Гафуров раҳбарлигида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, маҳаллаларни ободонлаштириш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, тадбиркорлик ва бандликни таъминлаш, янги лойиҳаларни амалга ошириш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.
Ана шу жараёнларни халқимизга тўғри ва таъсирчан етказишда бизнинг — ахборот хизмати вакиллари, журналистлар ва блогерларнинг масъулияти катта.
Биз фақат амалга оширилган ишларни хабар қилиб қўймаслигимиз, балки унинг ортидаги инсон манфаатини, яратилган имкониятни ва аниқ натижани кўрсата олишимиз керак.
Янги йўл — аҳоли учун қулайлик.
Янги корхона — янги иш ўрни.
Янги лойиҳа — янги имконият.
Инсоннинг муаммоси ҳал этилса — бу энг муҳим натижа.
Шу боис ҳар бир постимиз, ҳар бир видеоролигимиз ва ҳар бир ахборотимизда аниқлик, холислик, инсон манфаати ва натижа устувор бўлиши зарур.
Мен барча ҳамкасбларимизни ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва амалий натижаларини халқимизга содда, тушунарли ва таъсирчан тарзда етказишга чақираман.
Келинг, муаммони ёритиш билан бирга — унинг ечимини ҳам кўрсатайлик.
Ютуқни санаш билан чекланмай — унинг ортидаги инсон меҳнатини намоён қилайлик.
Ёшларимизга яратилаётган имкониятларни кенг тарғиб қилайлик.
Зеро, бугун айтилган ҳар бир сўз, тайёрланган ҳар бир контент одамларнинг фикри, ишончи ва ҳаракатига таъсир қилиши мумкин.
Шу боис барчангизни Китоб туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларини халқимизга биргаликда етказишга чақираман.
Келинг, ахборот имкониятларимиздан халқимиз манфаати, ёшларимиз келажаги ва Китоб туманининг тараққиёти йўлида самарали фойдаланайлик!
Биргаликда Китобдаги ўзгаришларни кўрсатамиз, биргаликда халқимизда эртанги кунга ишончни мустаҳкамлаймиз!
Қаҳрамонжон Оқилов,
Китоб тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари — туман ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси.
