Ғузор тумани прокурори Рустам Сайфиевнинг туман аҳлига мурожаати
2025-09-04 10:50:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Ассалому алайкум, ҳурматли туманимиз фуқаролари!
Барчамизга яхши маълумки, сўнги йилларда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилиб, ҳуқуқбузарликларни содир этишга сабаб бўлаётган ижтимоий-маиший муаммоларни ижтимоий профилактика чоралари тизими орқали ҳал этиш ҳамда алоҳида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида самарали чора - тадбирлар амалга оширилди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда “Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда айниқса аҳоли тинчлиги ва осойишталиги, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз маҳалла” каби тамойилларга қатъий амал қилган ҳолда, қонун устувор бўлган муҳитни яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Қадрли тумандошлар!
Шуни таъкидлаш жоизки, барча идора ва ташкилотлар ҳамда халқимиз билан биргаликда барча соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Амалга оширилган ишлар ва кўрилган чораларга қарамай, жорий йилнинг ўтган даврида туманда умумий жиноятлар сони 154 тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11 тага ёки 7,6 фоизга ошган.
Афсуски, яратиб берилаётган кенг имкониятларга қарамасдан айрим фуқароларнинг бепарволиги оқибатида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасдан ҳаракатланганлиги натижасида одамлар ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари учрамоқда.
Хусусан, туманда жорий йилнинг ўтган даврида 17 та йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ жиноятлар содир этилиб, уларнинг 6 таси бевосита одам ўлими боғлиқлиги ачинарли ҳолатдир.
Ҳурматли туманимиз аҳли!
Бугунги кунда транспорт воситаларининг кўпайиб бораётганлиги, автотранспорт воситаларидан фойдаланишда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик, тезликни меъёридан ошириб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш натижасида йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиб, фуқароларнинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига олиб келмоқда.
Шу сабабли, туманимиз аҳолиси ва йўл ҳаракати иштирокчиларидан йўлларда белгиланган қоидаларга қатъий амал қилиб, транспорт воситаси бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ҳамда вояга етмаган фарзандларингизни транспорт воситасини бошқаришига, ўзингиз ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймаслигингизни сўраймиз.
Азиз Ғузорликлар !
Албатта, туманда жиноятчилик ва коррупциянинг олдини олишда, умуман барча соҳаларда қонунийликни таъминлашда, энг аввало, маҳалла аҳли, ёшлар ва нуроний ташкилотлар фаолларига, турли меҳнат жамоаларидаги жонкуяр ва ватанпарвар инсонларга, уларнинг амалий ёрдами ва ҳамкорлигига таянамиз.
Агарда ҳар бир фуқаро туманимизни жиноятдан, корруп-циядан ҳоли, тинч ва хавфсиз ўлкага айлантиришга ўз ҳиссасини қўшса, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, биргаликда курашсак кўзланган мақсадга албатта эришамиз.
Азиз тумандошлар, келинг, барчамиз шу йўлда муҳтарам Президентимизга елкадош бўлиб, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган жамиятни биргаликда барпо этайлик !
Ғузор тумани прокурори
Рустам Сайфиев.
