ЙИЛ БЎЙИ ҚИЛИНГАН МЕҲНАТИНГИЗНИ ҚАДРЛАНГ, ПАХТАДАН ЮҚОРИ ҲОСИЛДОРЛИККА ЭРИШИНГ!
2026-09-09 18:15:00 / Yangiliklar

Ғузор туман фермерлари кенгашининг фермер хўжалик раҳбарларига М У Р О Ж А А Т И
Ҳурматли фермер хўжалиги раҳбарлари!
Бугун ўта масъулиятли паллага кирдик. Пахта далаларимизда йил давомида уюшқоқлик билан олиб борилган агротехник тадбирлар натижасида катта пахта хирмони учун етарли ҳосил яратилди.
Уни қисқа муддатларда сифатли ва тўлиқ йиғиб олиш учун барча имкониятларни сафарбар этишга чақирамиз.
Пахта терими мавсуми даврида фермер хўжаликларига яратилган имконият ва имтиёзлардан кенг фойдаланиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон фермерлари кенгашининг тавсияларини инобатга олиб, ишларни тўғри ва оқилона ташкил этиш муҳим.
Бу борада туман фермерлари кенгашлари тажрибали устоз фермерлар билан биргаликда ўзининг беминнат ёрдамини аямайди.
Шу кунларда айрим жойларда кузатилаётган ҳали тўлиқ етилмаган, вазн тўплаш жараёнидаги пахтани териб олиш ҳолатларига умуман йўл қўйиб бўлмаслигини яна бир бор эслатишни лозим деб ҳисоблаймиз. Шошқалоқлик билан теримни эрта бошлаш йиллик меҳнат самарасига салбий таъсир қилади.
Ғўзада яшил барглар ва етилаётган кўсаклар мавжуд бўлса, дала ҳали теримга тўлиқ тайёр эмас. Шу боис дефолиация ва десикация тадбирларини агротехник талаблар асосида, ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ҳосилнинг тўлиқ етилиши учун зарур шароитни яратиш муҳим.
Пахта далангизда тўғри агротехнологияга риоя қилинса, гектаридан қўшимча 10–20центнергача пахта олиш имконияти мавжудлигини мутахассислар таъкидлашмоқда.Шунда гектаридан мўлжалланган 50-60 центнер ўрнига 70-80 центнер ҳосил олишга пухта замин яратасиз.
Азиз фермерлар!
Шу билан бирга, дефолиация ва десикациядан кейин далаларни «пахтанинг вазни ошади» деган мақсадда суғориш нотўғри ёндашув ҳисобланади.
Бу ғўзанинг қайта кўкаришига, янги барглар чиқаришига ва ҳосилнинг етилиш жараёни кечикишига олиб келиши мумкин. Теримга тайёрланган далаларда агротехник талабларга қатъий риоя қилиш зарур бўлади.
Ҳар бир фермер ва кластер учун бу жараёндаги асосий вазифа — даланинг ҳолатини тўғри баҳолаш, ҳосил тўлиқ етилмасдан теримга шошилмаслик ва мавжуд имкониятдан самарали фойдаланишдир.
Ҳар бир гектар, ҳар бир кўсак ва ҳар бир центнер ҳосил — йил давомидаги меҳнатнинг натижасидир.
Мўл ҳосил фақат уни етиштириш билан эмас, балки уни ўз вақтида ва сифатли йиғиб олиш билан ҳам яратилади.
Йиллик меҳнат самарасини шошқалоқликка бой бермайлик — ҳар бир даладан юқори ҳосил олиш учун агротехник талабларга тўлиқ амал қилайлик.
Миришкор ва фидоий фермерлар!
Қуйидаги тадбирларга риоя қилган ҳолда ишларни амалга оширинг!
Биринчидан, далангизни яна бир бор кўздан кечириб, пахта далаларини тўлиқ пишириб, теримга пухта тайёрланинг;
Иккинчидан, дефолиация ва десикация қилинмаган майдонларингизни сифатли ташкил этинг;
Учинчидан, Десикациядан кейин далаларни асоссиз суғормаслик;
Тўртинчидан, ҳосил тўлиқ етилиб, зарур агротехник тадбирлар якунланмасдан теримни бошламанг;
Бешинчидан, ғўзапоя ҳали тўлиқ қуримаган ва ўсимликда яшил барглар мавжуд бўлган далаларга теримга тушишга йўл қўйманг ҳамда далангиз теримга тайёрлигига ишонч ҳосил қилганингизда теримга тушинг;
Олтинчидан, теримга тайёр далангизни асло суғорманг;
Еттинчидан, пахта териш машиналари билан теришда далаларни шай ҳолатга келтиринг, зарур тайёргарликни кўринг;
Саккизинчидан, пахта йиғим теримига меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этган ҳолда ташкил этишингизни ҳамда ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланманг.
Қадрли фермерлар!
Пахта хомашёсини қабул қилиш жараёнида нохолис муносабат бўлганда асоссиз чегирмалар қўлланилганда Кенгаш мутахассислари манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Сизнинг мурожаатингизни кўриб чиқиб, ишончли тарзда ҳимоя қилади.
Барчангизни мавсумни юқори уюшқоқлик билан ташкил этиб, йил давомида қилинган машаққатли меҳнатингизни қадрлаб, пахтанингизни тўлиқ пиширгандан кейин териб олишга чақирамиз.
Бу орқали Сиз ўз харажатларингизни қоплаб, юқори даромад олишга эришинг.
Хирмонингизга барака тилаймиз, азиз фермерлар.
Ғузор туман фермерлари кенгаши
