Ғузор тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Мусурмон Бўриевнинг туман аҳлига мурожаати
2026-02-10 14:25:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Ассалому алайкум ҳурматли Ғузор тумани фуқаролари ва туманимизга ташриф буюрган меҳмонлар!
Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 5 январь куни “2026 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-2-сон қарорлари қабул қилинди.
Мазкур қарор билан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш, содир этиладиган қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва комплекс чора-тадбирлар билан манзилли бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини янада ошириш долзарб вазифа сифатида белгиланди.
Ғузор туманида мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги, Прокуратура, Ички ишлар бўлими ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг қўшма қарори тасдиқланди.
Шунингдек, илмий-амалий ёндашувлар ва таҳлиллар асосида 2026 йил биринчи ойида тумандаги 47 та маҳаллаларда ҳавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, қолаверса, ўтган 2025 йилда жиноят содир этилган ҳар бир маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштиришнинг самарали тизимини шакллантиришга қаратилган режалар белгилаб олиниб, туман ва маҳаллалар кесимида манзилли чора-тадбирлар “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди ҳамда ижро учун масъуллар белгиланди.
Тумандаги криминоген вазияти оғир маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича самарали тизимни йўлга қўйиш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган манзилли ишларни ташкил этиш мақсадида 6 та маҳалла яъни Қовчин, Апарди, Қоракўл, Тинчлик, Бўстон ва Эскибоғ маҳаллаларига тумандаги маъсул раҳбарлар номма-ном бириктирилди.
Шу билан бирга, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тадбирлари амалга оширилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, уларга доир маълумотлар “маҳалла еттилиги”га тақдим этилиши натижасида бугунги кунга қадар 416 нафар фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб ижобий ҳал этилди ва қўшма хулосалар тузилди.
Бундан ташқари спиртли ичимликка ружу қўйган 13 нафар шахслар томонидан келгусида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда тиббий кўрикдан ўтказилиб, 9 нафари белгиланган тартибда мажбурий даволаниш учун вилоят наркалогия шифохонасига ётқизилиши таъминланди.
Тумандаги ҳуқуқ тартибот ва бошқа масъул идоралар билан ҳамкорликда аҳоли орасида олиб борилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари натижасида 37 дан зиёд хонадонлар ва 20 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари Қўриқлаш бўлими томонидан техник қўриқловга олинишига эришилди. Шунингдек, кўп қаватли уйларнинг кириш-чиқиш йўлаклари олдига 20 та “ТАШВИШ ТУГМА”лари ҳам ўрнатилди.
Шу ўринда сиз азиз фуқаролардан, келгусида ўғирлик ва бошқа турдаги жиноятларни олдини олиш, шунингдек, ўз хонадонларингиз ҳамда бошқа мол-мулкларингизни хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тумандаги Қўриқлаш бўлимининг техник қўриқлов пултига уланишингизни тавсия этаман.
Бугунги кунда техник қўриқлаш объектига уланган барча турдаги объектлардан бўладиган чақирувларга Қўриқлаш хизматининг махсус автопатрул гуруҳи ходимлари қисқа вақтларда яъни 3-5 дақиқа оралиғида етиб бориши тизими йўлга қўйилган.
Тумандаги маҳаллаларда, жамоат жойлари ва яшаш хонадонларида хавфсиз муҳит яратиш, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига ҳар қандай тажовузларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига замонавий рақамли технологиялар ва техник воситаларни кенг жорий этиш мақсадида маҳаллаларнинг кириш-чиқиш жойлари, кўп қаватли уйлар, савдо марказлари, бозорлар ҳамда мактабларга жами 76 та замонавий турдаги видеокузатув камералари ўрнатилди.
Қолаверса, тумандаги масъул раҳбарлар ташаббуси билан маҳаллаларда 7 та “намунавий хавфсиз йўлак”ларни ташкил этилиши таъминланди.
Муҳтарам юртбошимизнинг 1-сон қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилган ҳамкорликдаги чора-тадбирларимиз натижасида жорий йилнинг биринчи ойи якуни бўйича таҳлилларга кўра, криминоген вазияти оғир маҳаллалар тоифасида бўлган Қовчин, Апарди, Тинчлик маҳаллаларсида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар салмоғи камайишига эришилиб, “Сариқ” тоифага ўтказилишига эришилди.
Ҳурматли фуқаролар ҳуқуқ тартибот ва бошқа масъул идоралар билан ҳамкорликда эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, айрим турдаги жиноятлар салмоғи ошганлигини кузатишимиз мумкин.
Биргина мисол тариқасида, жорий йил биринчи ойи давомида қайд этилган жами 52 та жиноятар қайд этилиб шуларнинг 39 таси ёки 75 фоизини ахборот технологиялари воситасида яъни содда қилиб айтганда кибермаконда содир этилган жиноятлар ҳиссасига тўғри келишини кўришимиз мумкин.
Ушбу жиноятларнинг содир этилиш сабаб ва омилларини таҳлил қилганимизда фуқароларимиз осон ва мумай даромад орттириш мақсадида интернетдаги моддий ёрдам, онлайн кредит, ютуқли ўйин ғолиби каби алдовлар билан юборилган сохта ҳаволаларга киришлари, телефон қўнғироқларида ўзини банк ходими сифатида таништирган нотаниш шахсга “СМС кодни” беришлари ёки онлайн дўконлар орқали “сотувчи” ёки “харидор” сифатида фирибгарлар тузоғига тушишлари оқибатида банк пластик карталаридаги пул маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Ушбу мурожаатим орқали сиз азиз фуқаролардан, ижтимоий тармоқлар ҳамда электрон почта манзиллари орқали юборилган шубҳали ҳаволаларга кирмасликни, онлайн дўконлар орқали маҳсулотни қабул қилмасдан ёки кўрсатилмаган хизмат учун олдиндан тўловни амалга оширмасликни ҳамда шахсий маълумотларни бегона шахсларга тақдим этмасликни ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирмасликни сўраб қоламан.
Бундан ташқари, тахлиллар шуни кўрсатмоқдаки 1 ой давомида содир этилган 3 та ўғирлик жиноятларининг 1 таси Чорва ва 2 таси Телефон ўғирлиги жиноятлари ташкил этмоқда.
Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиқиб фуқароларимиздан, қаровсиз қолаётган хонадонларини қўриқлаш пултига улатиш ёки кузатув камералари ўрнатиш чораларини кўриш, йирик ва майда шохли чорва молларини, автотранспорт воситаларини қаровсиз ва очиқ ҳолда ташлаб кетмаслик ва энг асосийси телефон ва қимматбаҳо буюмларини олиб юришда эхтиётсизлик орқали тушириб қуймаслигини сўраб қоламиз.
Бу билан Сиз ўз мулкингиз хавфсизлигини таъминлаган ва жиноятларни олдини олишга ҳиссангизни қўшган бўласиз.
Ҳурматли тумандошлар!
Мурожаатим сўнгида сизларни огоҳликка чақирган ҳолда аҳоли хавфсизлигига турли хатарлар бўйича, шунингдек бошқа шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар тўғрисида маълумотлар бўлса 102-қисқа рақами орқали ёки “ишонч телефон”ларимизга мурожаат қилишингизни сўраймиз. Албатта хабар берганларнинг шахсига доир маълумотлар сир сақланишига кафолат берамиз.
Мусурмон Бўриев, Ғузор тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи.
