Ғузор тумани прокурори Рустам Сайфиевнинг туман халқига мурожаати
2026-02-03 00:00:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Ассалому алайкум ҳурматли туманимиз фуқаролари!
Барчамизга яхши маълумки, сўнги йилларда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилиб, ҳуқуқбузарликларни содир этишга сабаб бўлаётган ижтимоий-маиший муаммоларни ижтимоий профилактика чоралари тизими орқали ҳал этиш ҳамда алоҳида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида самарали чора - тадбирлар амалга оширилди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда “Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда, Муҳтарам Президентимизнинг 2026 йилнинг 5 январь куни “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сонли Қарори қабул қилинди.
Ушбу Қарорда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда Ғузор тумани прокуратураси ходимлари алоҳида жонбозлик кўрсатиб, аввало аҳолига яқин бўлиб, қонун ва адолат устуворлигини, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш фаолиятимизни асосий мезони сифатида белгилаб олдик.
Қадрли тумандошлар!
Амалга оширилган ишлар ва кўрилган чораларга қарамай, жорий йилнинг ўтган даврида туманда умумий жиноятлар сони 131 тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 109 тага ошган.
Афсуски, яратиб берилаётган кенг имкониятларга қарамасдан айрим шахслар ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш, фуқароларни алдаш ва бошқа воситалар орқали уларнинг мол - мулкини эгаллашга уринишмоқда.
Айниқса, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш – фирибгарлик ва ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш – ўғирлик жиноятлари кўплаб учрамоқда.
Ўтган даврда, туманимизда 17 та фирибгарлик, 14 та ўғирлик ҳолатлари содир этилиб, жиноят ишлари қўзғатилгани бунинг яққол исботи. Сўнги йилларда бу тоифадаги жиноятлар бир неча баравар кўпаймоқда. Шу сабабли, туманимиз аҳолисидан фирибгарлик ва ўғрилик қурбони бўлмаслик учун, интернет ижтимоий тармоқлари орқали келаётган турли хил хабарлардан эҳтиёт бўлишларини ҳамда пул-олди берди ва бошқа масалаларни нотариал идоралар орқали амалга оширишларини сўраб қоламиз.
Шунингдек, йўлларда автомобиллар сони кундан - кунга ортиб, ҳайдовчиларнинг масъулиятини оширмоқда. Бироқ, айрим ҳайдовчилар йўл белгилари, йўл қоида-
ларига риоя этмасдан ўзбошимчалик билан тезликни оширгани ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ фуқароларга автомашинани бошқаришга ноқонуний рухсат бергани натижасида ўлим билан боғлиқ йўл - транспорт ҳодисаси содир этилганлиги аянчли, албатта!
Шу сабабли, келгусида ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб масалалар борлигини барчамиз яхши тушунамиз.
Азиз Ғузорликлар!
Албатта, туманда жиноятчилик ва коррупциянинг олдини олишда, умуман барча соҳаларда қонунийликни таъминлашда, энг аввало, маҳалла аҳли, ёшлар ва нуроний ташкилотлар фаолларига, турли меҳнат жамоаларидаги жонкуяр ва ватанпарвар инсонларга, уларнинг амалий ёрдами ва ҳамкорлигига таянамиз.
Агарда ҳар бир фуқаро туманимизни жиноятдан, корруп-циядан ҳоли, тинч ва хавфсиз ўлкага айлантиришга ўз ҳиссасини қўшса, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, биргаликда курашсак кўзланган мақсадга албатта эришамиз.
Бугунги кунда жуда кўп масалаларда иш услубларимиз ўзгариши зарур, бунинг устида қатъий ишлаяпмиз. Президентимиз талаб қилаётганларидек, жиноятларнинг оқибатлари эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузарликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб халқ билан биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Бунинг учун, ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарлик омилларини аниқлашга эътиборимизни кучайтирамиз, жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан учрашувлар ўтказиб, “фуқаробай” иш тизимини жорий қиламиз.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларни ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода “жиноятчиликка қарши иммунитет”ни болаликдан шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Қонунларга қатъий риоя этиш, ўзгалар ҳуқуқи, шаъни ва қадр қимматини, мол - мулки дахлсизлигини ҳурмат қилиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, жамиятда юриш - туриш қоидаларига риоя қилиш, ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини ҳам доимо ёдда тутишимиз зарур.
Азиз тумандошлар, келинг, барчамиз шу йўлда муҳтарам Президентимизга елкадош бўлиб, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган жамиятни биргаликда барпо этайлик !
Рустам Сайфиев, Ғузор тумани прокурори.
