Гулистон туманини ривожлантириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш ҳамда туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар
2026-10-03 11:30:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар ва ижтимоий тармоқ кузатувчилари!
Бугунги брифингда Гулистон туманини ривожлантириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш ҳамда туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтаман.
Аввало, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш борасидаги ишларга тўхталсам.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-49-сонли қарорига мувофиқ, туманда камбағаллик ва ишсизлик даражаси юқори бўлган “Ибрат”, “Дўстлик”, “Бирлашган”, “Алишер Навоий”, “Шарқ ҳақиқати”, “Бўёвут” ва “Чортоқ” маҳаллалари “оғир” тоифага киритилган.
Ушбу маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида ҳар бир маҳаллага
3 миллиард сўмдан, жами 21 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Мазкур маблағлар ҳисобидан 22,75 километр ички йўлларга бетон ва асфальт қопламаси ётқизилди, 8,15 километр пиёдалар йўлаклари қурилди. Шунингдек, 1,7 километр ички ариқлар бетонлаштирилиб, суғориш тизими яхшиланди.
Шунингдек, туман марказидаги Дўстлик маҳалласида жойлашган 8 та кўп қаватли уйда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг атрофида пиёдалар йўлаклари қурилиб, 4 та янги ҳожатхона барпо этиш режалаштирилган.
Энди туман иқтисодиётининг янги драйверларини шакллантириш, хусусан, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталсам.
Гулистон туманида туризм салоҳиятини ривожлантириш мақсадида Сирдарё дарёси бўйидаги “Соҳилобод” ва “Аҳиллик” маҳаллалари ҳудудида жами 285 гектар майдонда “Экотуризм” мажмуасини ташкил этиш ишлари бошланди.
Ушбу ҳудуд бўйича Малайзиянинг APUDG компанияси томонидан мастер-режа ишлаб чиқилди.
Мастер-режага кўра, ҳудуд 135 гектар табиат, 85 гектар ўрмон ва 65 гектар дам олиш, савдо ва хизмат кўрсатиш зонасига ажратилган.
Шунингдек, ҳудудда 24 та лот ташкил этилиб, уларда меҳмонхона, экопарк, пикник зоналари, кемпинг ва ўтовлар, балиқ овлаш масканлари, қайиқда сузиш ва сув саёҳати хизматлари, кафе-ресторанлар ҳамда бошқа туризм объектларини ташкил этиш режалаштирилган.
Мастер режага мувофиқ “Соҳилобод” маҳалласи инфратузилмасини яхшилаш учун 7,4 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Бу маблағлар ҳисобидан 2,2 километр йўлга асфальт қопламаси ётқизилди, 2,2 километр пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилди, 80 та кўча чироғи ва 20 та ўриндиқ ўрнатилди.
Айни пайтда ҳудудда электр таъминотини яхшилаш, чиқинди қутилари ва бошқа инфратузилма объектларини ўрнатиш ишлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, “Аҳиллик” маҳалласи ҳудудидаги Сирдарё дарёсининг ўнг ўзани бўйида жойлашган 10,9 гектар майдонда экотуризм ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш учун республика бюджетидан 12,1 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, маҳалладан дарё бўйигача олиб борувчи 4 километр йўл асфальтланди.
Мазкур ҳудудда 10 та лот ташкил этилиб, 10,9 гектар майдон тўлиқ аукционга чиқарилди ва бугунги кунга келиб, барча лотлар тадбиркорлар томонидан сотиб олинди.
Энг муҳими, ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида туманда туризм ва хизмат кўрсатиш соҳалари кенгайиб, янги иш ўринлари ва тадбиркорлик имкониятлари яратилади.
Биз Гулистон туманининг табиий ва иқтисодий имкониятларидан самарали фойдаланиб, уни замонавий, жозибадор ва аҳоли учун қулай туристик ҳудудга айлантириш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз.
Эътиборларингиз учун раҳмат!
