Фурқат туманида адаптив спорт мусобақалари ғолиблари муносиб тақдирланди
2026-04-23 11:55:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Фурқат туманида «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилган адаптив спорт мусобақаларининг туман босқичи ўз якунига етди. Мусобақа якунларига бағишланган тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур спорт байрами нафақат ғолиблик учун беллашув, балки иштирокчи ёшларнинг букилмас иродаси, матонати ва ҳаётга бўлган чексиз меҳрининг ёрқин намойишига айланди. Мусобақада иштирок этган ҳар бир спортчи ўз интилиши билан жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда барчага ўрнак бўлди.
Тақдирлаш маросимида туман хокими Э. Асронқулов, туман ИИБ бошлиғи Д.Рахмонов ҳамда туман фахрийси уста Мухамадали Юнусовлар иштирок этиб, мусобақа ғолиблари ва совриндорларини шахсан қутлади. Сўзга чиққанлар ёшларнинг спортдаги ютуқлари билан фахрланишини билдириб, давлатимиз томонидан имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилишини таъкидладилар.
Тадбир давомида мусобақа ғолиблари ва совриндорларига диплом, медаллар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Бу каби тадбирлар ёшлар қалбида келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва уларнинг спортдаги ютуқларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Фурқат тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
