Чилонзор тумани ҳокимлигининг расмий логотипини яратиш бўйича очиқ танлов ташкил этиш тўғрисида НИЗОМ
2026-11-20 14:00:00 / Yangiliklar
Чилонзор тумани ҳокимлигининг расмий логотипини яратиш бўйича очиқ танлов ташкил этиш тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Чилонзор тумани ҳокимлигининг расмий логотипини яратиш бўйича очиқ танловни ташкил этиш, ўтказиш, иштирокчиларнинг ишларини баҳолаш, ғолибни аниқлаш ва мукофотлаш тартибини белгилайди.
2. Танловнинг мақсади – Чилонзор туманининг тарихи, маданий мероси, ҳудуднинг ўзига хослиги, аҳоли ҳаёти, замонавий тараққиёти ва истиқболларини акс эттирувчи, содда, эсда қоларли ва турли ахборот воситаларида фойдаланишга мос логотип яратиш.
3. Танлов очиқлик, тенглик, холислик, рақобат, шаффофлик ва муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилиш принциплари асосида ўтказилади.
4. Танловда иштирок этиш ихтиёрий ва бепул ҳисобланади.
5. Танлов логотипи Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби, Давлат байроғи ва бошқа давлат рамзларини алмаштирмайди. Логотип давлат органининг расмий муҳри ёки қонунчиликда белгиланган ҳужжат реквизитлари ўрнида қўлланилмайди.
2-боб. Танлов ташкилотчилари ва танлов комиссияси
6. Танлов ташкилотчиси Чилонзор тумани ҳокимлиги ҳисобланади.
7. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш учун танлов комиссияси (кейинги ўринларда – комиссия деб юритилади) тузилади. Комиссия таркибига туман ҳокимлиги, халқ депутатлари туман Кенгаши, тегишли соҳалар бўйича мутахассислар, дизайнерлар, маданият ва санъат вакиллари ҳамда заруратга кўра бошқа мутахассислар киритилиши мумкин.
8. Комиссия таркиби, вазифалари ва иш тартиби ташкилотчининг тегишли ҳужжати билан белгиланади.
9. Комиссия аъзолари танлов иштирокчилари билан манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлса, бу ҳақда маълум қилиши ва манфаатлар тўқнашувига оид қонунчилик талабларига мувофиқ ҳаракат қилиши шарт.
10. Комиссия танлов материалларини қабул қилиш, дастлабки техник текширув, баҳолаш, натижаларни расмийлаштириш ва ғолибни эълон қилиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлайди.
3-боб. Танлов иштирокчилари ва ишларга қўйиладиган талаблар
11. Танловда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ижодий мутахассислар, дизайнерлар, талабалар, жамоалар ва юридик шахслар иштирок этиши мумкин.
12. Иштирокчи бир ёки бир нечта (3 тадан кўп бўлмаган) мустақил логотип вариантини тақдим этиши мумкин. Бироқ ҳар бир иш алоҳида расмийлаштирилади.
13. Логотип қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
- Чилонзор туманининг ўзига хослигини ифодалаши;
- оригинал ва мустақил ижодий ечимга асосланиши;
- содда, тушунарли ва эсда қоларли бўлиши;
- рангли ва оқ-қора кўринишда ҳам аниқ англашилиши;
- турли ўлчамларда, шу жумладан рақамли платформалар, босма маҳсулотлар, ташқи белгилар ва расмий тақдимотларда ишлатишга мос бўлиши;
- амалдаги қонунчиликка, жамоат ахлоқига ва учинчи шахсларнинг ҳуқуқларига зид бўлмаслиги.
14. Давлат рамзларидан фойдаланиш, бошқа ташкилотлар логотиплари ёки ҳимояланган белгиларни қўллаш масалалари қонунчилик талаблари асосида ҳал этилади. Учинчи шахсларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузувчи ишлар танловдан четлаштирилиши мумкин.
15. Танлов иши қуйидаги материалларни ўз ичига олиши керак:
- логотипнинг график тасвири;
- логотип ғояси ва рамзларининг мазмуни ҳақида баён;
- рангли ва оқ-қора вариантлар;
- логотипни кичик ва катта ўлчамларда қўллаш намунаси;
- иштирокчининг исми-шарифи ёки ташкилот номи, алоқа маълумотлари;
- иш муаллифнинг ўзи томонидан яратилгани ва учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари бузилмагани ҳақидаги тасдиқ.
16. Ишлар электрон шаклда PNG, JPG ёки PDF форматларида қабул қилинади. Ғолибдан логотипнинг таҳрирланадиган векторли асл файли ҳам талаб қилинади.
4-боб. Танловни эълон қилиш ва ўтказиш муддатлари
17. Танлов туман ҳокимлигининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида, шунингдек бошқа очиқ ахборот манбаларида эълон қилинади.
18. Танлов эълонида танлов мақсади, иштирок шартлари, материалларни тақдим этиш тартиби, қабул қилишнинг охирги санаси, баҳолаш мезонлари, мукофот миқдори ва ташкилотчининг алоқа маълумотлари кўрсатилади.
19. Танловга ишлар эълон қилинган кундан бошлаб камида 30 календарь кун давомида қабул қилинади.
20. Ишларни қабул қилиш усули ва электрон манзили танлов эълонида кўрсатилади. Иштирокчиларнинг шахсий маълумотлари қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади.
21. Комиссия қабул қилинган ишларнинг техник талабларга мувофиқлигини текширади. Техник талабларга жавоб бермайдиган ишлар бўйича четлаштириш сабаби қайд этилади.
5-боб. Ишларни баҳолаш ва ғолибни аниқлаш
22. Танлов ишлари холислик ва ошкоралик асосида комиссия томонидан баҳоланади.
23. Баҳолаш 100 баллик тизимда қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:
|
Баҳолаш мезони |
Энг юқори балл |
|
Чилонзор туманининг ўзига хослиги ва мазмуннинг ифодаланиши |
25 |
|
Оригиналлик ва ижодий ёндашув |
20 |
|
График сифат ва эстетик ечим |
20 |
|
Турли муҳитларда қўллаш имконияти |
15 |
|
Соддалик ва эсда қоларлилик |
10 |
|
Ғоянинг асосланганлиги ва баёни |
10 |
|
Жами |
100 |
24. Ҳар бир комиссия аъзоси баҳолашни мустақил амалга оширади. Якуний натижа комиссия аъзолари берган баллар асосида ҳисобланади ва баённома билан расмийлаштирилади.
25. Энг юқори якуний балл тўплаган иштирокчи танлов ғолиби деб топилади.
26. Икки ёки ундан ортиқ иштирокчининг якуний баллари тенг бўлган тақдирда, комиссия йиғилишида очиқ овоз бериш орқали ғолиб аниқланади. Овоз бериш натижалари баённомада акс эттирилади.
27. Комиссия танлов талабларига жавоб берадиган муносиб ишлар мавжуд эмас деб топса, танловни ғолибсиз деб эълон қилиш тўғрисида асослантирилган қарор қабул қилиши мумкин.
6-боб. Танлов натижаларини эълон қилиш ва мукофотлаш
28. Танлов натижалари комиссия баённомаси билан расмийлаштирилади.
29. Танлов ғолиби ва унинг иши туман ҳокимлигининг расмий ахборот манбаларида эълон қилинади.
30. Танлов ғолибига 10 000 000 (ўн миллион) сўм миқдорида мукофот пули берилади.
31. Мукофот пули Чилонзор тумани маҳаллий бюджетининг 2026 йил 3-чорак даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан, Бюджет кодекси талабларига риоя этган ҳолда тўланади.
7-боб. Логотипдан фойдаланиш ва интеллектуал мулк ҳуқуқлари
32. Танловда иштирок этиш иштирокчининг муаллифлик ҳуқуқларини автоматик равишда ташкилотчига ўтказмайди.
33. Ғолибнинг логотипидан фойдаланиш ҳуқуқлари, уни қайта ишлаш, тарқатиш, кўпайтириш ва бошқа шаклларда қўллаш ғолибга ажратилган мукофот пули тўлаб берилгандан сўнг тўлалигича мулк ҳуқуқи асосида ҳокимликка ўтади.
34. Ғолиб танлов ташкилотчисига логотипнинг векторли асл файлини ва уни тўғри қўллаш учун зарур бўлган техник маълумотларни тақдим этади.
35. Логотипни Чилонзор тумани ҳокимлигининг расмий логотипи сифатида жорий этиш масаласи халқ депутатлари Чилонзор тумани Кенгашининг қарорига мувофиқ ҳуқуқий расмийлаштириш ишлари якунланганидан кейин амалга оширилади.
8-боб. Очиқлик, эътирозлар ва якуний қоидалар
36. Танлов ҳақидаги маълумотлар, қабул қилиш муддатлари, баҳолаш мезонлари ва натижалар очиқ эълон қилинади.
37. Танлов иштирокчилари натижалар бўйича асослантирилган эътирозларини мазкур Низомнинг 29-бандига мувофиқ эълон қилингандан сўнг танлов эълонида кўрсатилган тартибда 3 кун муддатда тақдим этиши мумкин. Эътирозлар комиссия томонидан белгиланган муддатда кўриб чиқилади.
38. Танлов билан боғлиқ низолар амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
39. Ушбу Низомда назарда тутилмаган масалалар амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ҳал этилади.
