Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда хотин-қизларнинг фаол иштироки муҳим аҳамият касб этмоқда
2026-08-07 09:15:00 / Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбир Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўтказилди.
Форумда Дин ишлари бўйича қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари мутасаддилари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар “Тарғибот гуруҳлари” раҳбарлари, республика “Тарғибот гуруҳи” аъзолари, давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича масъул вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида мамлакатимизда ижтимоий-маънавий ва диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини кенгайтириш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Форумнинг асосий мақсади — жамиятда, хусусан, хотин-қизлар ўртасида соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий ва маънавий саводхонлигини ошириш, турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, шунингдек, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича самарали ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштиришдан иборат экани таъкидланди.
Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Юнусова таъкидлаганидек, мазкур форум хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, диний-маърифий барқарорликни таъминлаш, тарғибот ишлари сифатини ошириш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Форум доирасида мутахассислар томонидан хотин-қизлар ўртасида аниқланган хавф омиллари ва уларнинг профилактикаси, бузғунчи ғояларга мойилликнинг олдини олиш, талаба қизларда соғлом дунёқараш ва мафкуравий иммунитетни шакллантириш, виртуал макондаги ахборот хавфларини англаш ва уларга қарши самарали ёндашувлар мавзуларида маърузалар қилинди.
Шунингдек, иштирокчилар хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, билим ва касбий салоҳиятини ошириш, қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда барча соҳаларда тенг имкониятлар яратиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Форум иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда Андижон вилоятидаги қатор маҳаллаларга ташриф буюриб, “Маҳалла еттилиги”, маҳаллалар ҳузуридаги “Тарғибот ва қайтарув” гуруҳлари фаолияти, хотин-қизлар билан манзилли ишлаш тизими ҳамда ҳудудда тўпланган илғор тажрибалар билан яқиндан танишдилар.
Тадбир якунида ҳамкор вазирлик, қўмита ва ташкилотлар томонидан хотин-қизларни турли мафкуравий таҳдидлардан асраш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, гендер тенглиги тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Форум доирасида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган фаол тарғиботчилар рағбатлантирилди.
Мазмунан бой ва амалий аҳамиятга эга бўлган мазкур форум иштирокчиларнинг билим ва тажрибасини ошириш, хотин-қизлар билан ишлаш самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашга хизмат қилди.




