ОДАМ САВДОСИ - УМУМЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ МУАММО
2025-04-11 01:00:00 / Yangiliklar

XXI асрнинг дастлабки йиллари илм-фан ва техника ривожининг шиддатли тус олганлиги, ахборот алмашинуви тизимининг тубдан такомиллашганлиги билан инсоният тарихида ўзига хос давр бўлди. Бу жараёнда дунё мамлакатлари халқаро муносабатларда минтақавий хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий, илм-фан, таълим соҳаларида ҳамкорлик қилиш, умуминсоний қадриятлар билан ботиқ муаммоларни биргаликда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Бунинг натижасида мамлакатлараро миграция жараёнлари бирмунча фаоллашди, фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, туризм ва шу каби турли мақсадларда бошқа давлатларга чиқиши, эркин фаолият олиб бориши учун имкониятлар янада кенгайди. Ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда айрим трансмиллий жиноятларнинг ортиши ҳам кузатилмоқда. Одам савдоси ҳам ана шундай жиноятлардан биридир.
Одам савдоси - инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига тахдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳамда гирдобига асосан ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.
Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясини таъминлаш асосий қадриятга айланган ушбу даврда бу мудҳиш иллат ноқонуний қурол савдоси, гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний муомаласи каби оғир оқибатларни келтириб чиқаради.
оғлиқ жиноятлардан жабрланган. Уларнинг 1283 нафарини эркаклар, 166 нафарини аёллар, 28 нафарини вояга етмаганлар ташкил этган.
Таҳлиллар мамлакатимиз фуқароларини фоҳишалик билан шуғуллантириш учун асосан Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Россия, Таиланд, Туркия, Ҳиндистон, Исроил, Малайзия, Жанубий Корея, Япония ва Коста-Рика давлатларига, мажбурий меҳнат ёки хизмат кўрсатиш учун эса Қозоғистон ва Россияга олиб чиқиб кетилаётганлигини кўрсатмокда.
Президентимиз И.А. Каримов ташаббуси ва ғоялари асосида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида, аввало, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш, юртимиз аҳолисини ҳар қандай тахдид ва хавф-хатардан асраш, инсон ҳуқуқ ва эр-кинликларини самарали ҳимоя қилиш каби улуғ мақсадлар мужассамдир.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, ҳуқуқий демократик давлатда инсон тинч, осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун, биринчи навбатда, унинг хавфсизлиги таъминланиши, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, қадр-қиммати, ҳаёти ва соғлиғи ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилинган бўлиши шарт.
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг жамиятимизга олиб келиши мумкин бўлган салбий оқибатларини чуқур англаган ҳолда, ўтган йиллар мобайнида республикамизда бундай жиноятларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Аввало, бу даврда одам савдоси жиноятларига барҳам беришнинг норматив-ҳуқуқий базаси шакллантирилди. Давлатимиз одамларнинг яширин трафикига қарши курашиш ва унинг қурбонларини ҳимоя қилишга қаратилган асосий халқаро ҳужжатларга қўшилди.
Яқин тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бу борада норматив-ҳуқуқий база деярли мавжуд эмас эди. 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Жиноят кодексида илк бор одам савдосига қарши курашиш мақсадида бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Жумладан, Жиноят кодексининг 135-моддаси шахснинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялаш ва одам савдоси жиноятларининг олдини олишга қаратилган эди. Ҳозир Жиноят кодексининг ушбу моддаси янада такомиллаштирилди.
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган қилмиш эканлигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республи-каси бундай салбий кўринишларга қарши курашиш бораси-да халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратди.
Давлатимиз 2003 йил 12 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1950 йилда қабул қилинган "Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида"ги Конвенциясига қўшилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган "Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида"ги Конвенция, шунингдек, одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча протокол ҳам ратификация қилинди.
Шу билан бирга, мустақиллик йилларида хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик (шу жумладан, одам савдоси)нинг хавфли кўринишларига қарши кураш ҳақида 29 та шартнома ва келишувлар имзоланган.
Шу йилнинг 17 апрелида "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш, одам савдосидан жабрланганларни ҳимоялашда муҳим босқич бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 8 июлдаги "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-911-сонли Қарори билан юқоридаги қонун нормалари амалга татбиқ этилди. Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашишни самарали ташкил этиш мақсадида 2008-2010 йилларга мўлжалланган Миллий Режа тасдиқланиб, тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноят қурбонларини ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари комплекс характерга эга эканлиги инобатга олиниб, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини мувофикдаштириш мақсадида одам савдосига қарши курашиш бўйича республика Идоралараро комиссияси тузилди.
Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика Идоралараро комиссиясининг биринчи йиғилишида комиссия фаолияти билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий масалалар ҳал қилиниб олинди. Хусусан, комиссиянинг иш режаси, одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссияларнинг намунавий Низоми тасдикланди.
Жойларда ҳам одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссияларнинг фаолияти тўлиқ йўлга қўйилиб, уларда ташкил этилган ишчи гуруҳлари ўз фаолиятини олиб бормокда.
Миллий дастурга мувофиқ, одам савдосига қарши курашиш борасида қонунчиликни такомиллаштириш ишлари изчил давом эттирилмокда.
Ҳозирда "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"-ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига шарҳ ва бу соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда.
Одам савдосига қарши курашишда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ушбу иллатнинг хавфли ва оқибатлари ҳақида тушунтириш олиб бориш, фуқароларни бу борадаги вазиятдан огоҳ этиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис комиссия фаолиятида тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмокда. Комиссия таркибига кирувчи барча вазирлик ва идоралар томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, бу мавзуда давра суҳбатлари ўтказилиши юзасидан аниқ чора-тадбирлар.белгилаб олинди.
Бугунги кунда ушбу мавзуга бағишланган давра суҳбатлари, конференциялар, илмий-амалий анжуманлар ўтказиб келинмокда. Аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида фойдаланиш учун қулай бўлган ўқув, услубий қўлланмалар, буклетлар нашр этилиб тарқатилмокда.
Одам савдоси жиноятларининг хавфи ва оқибатларидан огоҳ этувчи, бундай иллатга қарши курашга чорловчи плакатлар, банерлар тайёрланиб, аҳоли гавжум жойларда, автомобиль, темирйўл, ҳаво транспорти бекатларида, чегара-ўтиш постларида ўрнатилмокда.
Хусусан, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда "Одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноятлардан жабрланган шахсларга ёрдам кўрсатишнинг механизмларини такомиллаштириш масалалари" мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда республика Идоралараро комиссиясининг аъзолари, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Бундан ташқари, комиссия ташаббуси билан фуқароларнинг одам савдоси билан боғлиқ ҳолатлар, унинг олдини олиш чоралари ҳақидаги тегишли маълумотларни исталган вақтда олишларини таъминлаш мақсадида Ички ишлар, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари ва Давлат божхона қўмитасида "Ишонч телефонлари" ташкил қилинди.
Қайд этиш лозимки, республикамизда бу борадаги криминоген вазият таҳлили одам савдосига қарши курашиш, унга имкон берадиган шарт-шароитларни бартараф этиш, оқибатларини мумкин қадар енгиллаштириш юзасидан бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлигини кўрсатади.
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ҳақида бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бироқ, бу тоифадаги жиноятларга қўл урган шахсларнинг 40 фоизини аёллар ташкил этганлиги жойларда маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари, ҳокимликлар ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа мутасадди идораларнинг бундай салбий ҳолатларга қарши ҳамкорликда, фаол иш олиб боришларини тақозо этади.
Одам савдоси каби жиноий фаолиятни амалга ошириш услубларининг таҳлили, аксарият ҳолларда, фуқаролар мажбурий меҳнат ёки фоҳишалик билан шуғуллантириш мақсадларида фойдаланиш учун республикамиз ҳудудидан яширин равишда олиб чиқиб кетилаётганлигини кўрсатмокда.
Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш бугунги кундаги долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунининг 10-моддасида одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни нормал турмуш тарзига қайтариш мақсадида амалга оширилиши ва мазкур шахсларга юридик ёрдам бериш, уларни психологик, тиббий, касбий реабилитация қилиш, уларни ишга жойлаштириш, уларга вақтинчалик тураржой беришни ўз ичига олиши белгилаб қўйилди.
Республика Президентининг "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорида эса одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасаларни ташкил қилишга қаратилган аниқчора-тадбирлар белгиланди.
Албатта, ташкил этиладиган бундай муассасалар одам савдосидан жабрланганларни нормал турмушга қайтариш, уларнинг жамиятнинг тенг ҳуқуқли, эркин аъзоси эканлигини ҳис этиб яшашига эришишда муҳим восита бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат ва эъзозга лойиқ. Инсоний қадриятларни топташга уринган ҳар қандай шахсга қонун олдида жавобгарлик муқаррардир.
Ш.Эшимов
Жиноят ишлари бўйича Арнасой туман суди раиси Жиноят ишлари бўйича
М.Эрназаров
Арнасой туман суди тергов судьяси
