ЯЙЛОВ ХЎЖАЛИКЛАРИНИ БОШҚАРИШНИНГ ЯНГИ ТИЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛДИ
2025-03-19 20:15:00 / Jamiyat

Яйловлар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлиб, минтақамизда экологик мувозанатни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, чорвачиликни ривожлантириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини яхшилашда асосий табиий манбалардан бири ҳисобланади.
Шу сабабли яйловларнинг табиий шароити, контурлари, тупроғи, улардаги ўсимликлар хилма-хиллиги, миқдори ва сув билан таъминланиш даражасини яхшилаш талаб этилмоқда.
Республиканинг 21 млн гектар (умумий ер майдонининг
47 фоизи) майдонини эгаллаган яйловларнинг 50-70 фоизи турли даражада инқирозга учраган, 11 млн гектар яйловнинг табиий равишда ем-хашак ҳосил қилиш салоҳияти пасайиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган.
Яйловларда чорва молларини алмашлаб боқиш тизими жорий этилмаганлиги ва чорва моллари сонининг кескин ортганлиги боис яйлов ерлари катта босим остида қолган. Бунинг оқибатида озуқабоп ем-хашак ўсимлик турлари сийраклашиб, йўқолиб кетиш даражасига етган.
Бугунги кунда 4,2 млн гектар яйловда геоботаник тадқиқотлар ўтказилиб, деградацияга учраган майдонларнинг хариталари тайёрланган ҳамда 420 минг гектар деградацияга учраган яйловларни қайта тиклаш ва яхшилаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бугунги кунга қадар, соҳага оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6 та Фармони,
33 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 56 та қарори қабул қилинди.
Шунингдек, соҳани ривожлантиришда фан, таълим ва илмнинг ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаган ҳолда маҳсулот етиштириш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва реализация қилишнинг “Хўжаликдан дастурхонгача” тамойили асосида механизм йўлга қўйилди ҳамда олдин бўлмаган вертикал бошқарув тизими ташкил этилди.
Бунда, чорва молларининг наслини яхшилаш, озуқа базасини янада мустаҳкамлаш, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш, наслчилик-селекция ишлари, ҳудудларда эпизоотик осойишталик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича илмий асосланган инновацион услубларни жорий этишда илмий ёндашувлар асосида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2025 йил 30 январдаги ПФ-15-сонли Фармони чорвачилик соҳасини янада ривожлантириш ва яйловларни деградациядан чиқариш ва мавжуд яйловлардан самарали фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди.
Мазкур Фармон билан яйловларни бошқаришга оид вазифа ва функцияларнинг Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига берилганлиги соҳада ягона вертикал бошқарув тизимини амалга оширишга имкон яратди. Бир неча йиллардан буён Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тасарруфида фаолият юритиб келаётган Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ва Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳам эндиликда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тасарруфида фаолият юритиши белгиланди.
Бундан ташқари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилиб унга яйлов ерларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, ўсимликлар табиий плантацияларини яратишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, яйловларда ўсимликлар уруғчилигини ривожлантириш, яйлов ерларини ижарага беришни ташкил этиш, шартномавий муносабатларни мониторинг қилиш, қоракўл зотининг генофондини сақлаш, такрор кўпайтириш ва такомиллаштириш, селекция-наслчилик режаларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда инфратузилмаларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби бир қатор вазифалар юклатилди.
Ветеринария қўмитаси муассислигида давлат муассасаси шаклида Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё яйлов хўжаликлари, Қўмита Марказий аппаратида эса Яйлов хўжалигини ривожлантириш бошқармаси ташкил этилди.
Шунингдек, яйлов ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни муҳофаза қилиш, қоракўлчилик, тери ва жун саноати соҳаларини янада ривожлантириш бўйича республика комиссияси ташкил этилиб Комиссияга қуйидаги вазифалар юклатилди.
- Жумладан: яйлов ерларидан самарали ва оқилона фойдаланишни ташкил этиш, қоракўлчилик соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ушбу йўналишдаги тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, қоракўлчилик соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш ҳамда бу борадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қаратилган чоралар кўриб бориш, қоракўлчилик соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда яйлов озуқабоп экинлар уруғчилигини ривожлантиришга доир чора-тадбирларни белгилаш, соҳа фаолиятини илмий асосда йўлга қўйиш, илмий-тадқиқотлар, инновацион ишланмалар ва селекция-наслчилик ишлари натижаларини амалиётга кенг кўламда жорий этилишини таъминлаш, яйловларни бошқариш ва мониторинг қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш ҳамда соҳага доир амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш кабилардир.
Фармон билан ҳудудий яйлов хўжаликлари яйлов ерларини бошқариш ва улардан фойдаланиш, ўзларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган яйловларни ижарага бериш соҳасида ўрмон хўжаликлари учун белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлардан фойдаланиши, шунингдек, яйловлар чорвачилик ва бошқа хўжаликларга Республика комиссиясининг қарорига асосан тўғридан-тўғри ижарага берилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Муҳтарам Президентимизнинг мазкур Фармонлари билан яна бир муҳим тизим жорий этилди. Яъни, яйлов ерлари учун ижара тўловлари ҳамда электрон онлайн аукцион савдолари натижаларига кўра яйловларга ижара ҳуқуқини олиш учун тўланадиган маблағлар оператор харажатлари чегириб ташланган ҳолда Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармасига ўтказилиб, унинг алоҳида ҳисоби юритилади. Жамғармага келиб тушган маблағлар эса яйловларни деградациядан чиқариш, яйлов уруғчилигини ривожлантириш ва бу борадаги илмий-тадқиқот ишлари кўламини кенгайтиришга йўналтирилиши белгиланди.
Мазкур Фармон чорвачилик хўжаликлари учун ҳам бир қатор имтиёзларни тухфа этади. Жумладан, яйловлар 49 йилгача ижарага берилиши, ҳудудий яйлов хўжаликларининг доимий фойдаланишдаги яйлов ер майдонлари солиқ солинадиган базага киритилмаслиги белгиланди.
Барчамизга маълумки бир неча йиллардан буён яйловларни ҳисобини юритиш бўйича ягона механизм йўқ эди. Қабул қилинган Фармон билан яйлов ер майдонларига доир автоматлаштирилган «E-yaylov» электрон платформаси жорий этилиши белгиланди. Эндиликда мазкур платьформага Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Кадастр агентлиги, Ўзгидромет ва «Ўзбеккосмос» агентлигининг яйлов ер майдонларига доир автоматлаштирилган ахборот тизимлари интеграция қилинади ва ягона маълумотлар базаси яратилади.
Шунингдек, 2025-2027 йилларга мўлжалланган яйлов ерларини деградациядан чиқариш ва улардан барқарор фойдаланишни таъминлаш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилиши ва мазкур дастурда қуйидагилар назарда тутилиши белгиланди.
Жумладан, яйловлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, сақлаш ва такрор кўпайтириш мақсадида яйлов алмашинувини таъминлаш, ер эгалари томонидан яйловларда қимматли озуқабоп ўсимлик турларидан бўлган изен, терескен, қуйровуқ, камфоросма, чўғон, эркак ўт, саксовул экилишини ташкил қилиш, яйлов ерлари бўйича яйловлар алмашинишининг календарь режаси ва чорва молларини ўтлатишнинг энг кўп йўл қўйиладиган фойдаланиш нормаларини тасдиқлаш ва мониторинг қилиш тизимини жорий этиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ижара ҳуқуқини аукцион орқали сотишдан тушган тушумнинг бир қисмини ўсимликларга кимёвий ва биологик ишлов бериш, ўсимликларни ҳимоя қилиш, озуқабоп ўсимликларни етиштириш ва яйлов деградациясининг олдини олиш тадбирларига йўналтириш тизимини жорий қилиш ҳисобланади.
Муҳтарам Президентимиз мазкур Фармон билан шу куннинг ўзида “Чорвачилик ва паррандачиликни қўллаб-қувватлаш, соҳада юқори қўшилган қиймат яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-34-сон қарорни имзоладилар.
Қарор билан 2025-2026 йилларда халқаро донорлардан, шу жумладан, Осиё тараққиёт банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигидан яйловлар деградациясининг олдини олиш ва қоракўлчилик соҳасини ривожлантиришга 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар жалб этилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур Фармон ва Қарорлар мамлакатда яйлов хўжаликларини ривожланишига, чорва молларининг юозуқа базасини мустаҳкамлашга асос бўлиб хизмат қилади. Шу нуқтаи-назардан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига юклатилган вазифалар илмий ёндашувлар ва хорижий тажрибалар асосида амалга оширилиши мақсад қилиб белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати
Сиддиқов Рисқул Эргашбоевич
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати ёрдамчиси
Шахаров Акрам Акбарович
