Ғузор тумани ҳокимлиги

Ғузор тумани - 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилган. Умумий ер майдони 2,7 минг км2. Чегара узунлиги 326,7 км.
Аҳолиси 222 минг нафар (01.01.2025 ҳолатида). Хонадон сони - 42,1 минг. Асосан, ўзбеклар, шунингдек, тожик, татар, рус ва бошқа миллат вакиллари ҳам яшайди.
Чегарадош ҳудудлар—шимолдан Қамаши, Чироқчи, шарқдан Деҳқонобод, ғарбдан Қарши ва Нишон туманлари, жанубдан Туркманистон республикаси билан чегарадош.
Туман маркази — Ғузор шаҳри. Туманда 51 та маҳалла фуқаролар йиғини, 5 та шаҳарча ва 86 та қишлоқ аҳоли пунктлари мавжуд.
(Гулшан, Эскибоғ, Чақар, Жарариқ, Яккадарахт, Ёнқишлоқ, Гулистон, Истиқбол, Дўлтали, Тошгузар, Чугуртма, Файзиобод, Мевазор, Дўстлик, Наврўз, Шерали, Даштобод, Янгиҳаёт, Пачкамар, Чорвадор, Обиҳаёт, Омон ота, Халкабод, Янгиобод, Батош, Мўминобод, Апарди, Бўстон, Хумдон, Авғонбоғ, Ярғунчи, Мустақиллик, Чаноқ, Зарбдор, Қовчин, Совлиғар, Шакарбулоқ, Янгикент, Совбоғ, Тинчлик, А.Темур, Обод, Меҳнатобод, Чўмичли, Тенгдош, Қоракўл, Жонбулоқ, Эшонқудуқ, Буюк карвон, Пахтазор, Хўжагузар маҳалла фуқаролари йиғини).
Табиати — Ғузор тумани Қашқадарё вилоятининг жануби-шарқида, Қашқадарёнинг ўрта оқимида. Ғузордарё ҳавзаси, Ғузор адирлари ва тоғ олди қия текисликларида жойлашган. Ҳисор тоғларининг энг чекка жануби-ғарбидаги тармоқлари бўлган Лангар — қораэл тоғларининг ўртача баландлиги 800–850 метр. Пачкамар сув омбори соҳилларидаги бу паст тоғлар Шимоли-шарқдан жануби-ғарбга йўналган, ён бағирлари ясси бўлиб, мутлақ баландлиги 430–750 метр бўлган Ғузор адирларига туташиб кетган. Адирлар замини тўртламчи давр лёссимон жинслари билан қопланган, ости шағал ва конгломерат қатламларидан ташкил топган.
Ғузор тумани ва унга туташ Қамаши, Қарши ва Нишон туманларига яқин ҳудудда катта захирага эга бўлган газли ва газ конденсатли ётқизиқлар Ўзбекистондаги нефтгазли регионнинг энг бой Ҳисор олди ҳудудини ташкил этади.
Иқлими континентал. Ўртача йиллик температура 16°. Январнинг ўртача температураси 1,9°, энг паст температура —23°. Июлнинг ўртача температураси 26,6°, энг юқори температура 46°. Ўртача йиллик ёғин 285 мм. Ёғиннинг асосий қисми баҳор ва қиш фаслларида ёғади. Вегетация даври 272 кун.
Туманнинг шимолий чеккасидан Қашқадарё оқиб ўтади. Шунингдек, Ғузордарё ва унинг ирмоқлари — Катта Ўра-дарё ва Кичик Ўрадарёдир. Туман ҳудудида Пачкамар сув омбори қурилган. Тупроқлари оч ва типик бўз тупроклар.
Ёввойи ўсимликлардан текисликларда, асосан, қорамашоқ, қўнғирбош, қорашўра, чалов, нўхатак, истаран, коврак, янтоқ, юлғун, тоғли қисмида наъматак, дўлана ва бошқа ўсимликлар ўсади.
Ёввойи ҳайвонлардан тулки, бўри, қуён, кийик, чиябўри, паррандалардан чумчуқ, қарға, бедана, каклик, чил, калхат, бургут; кемирувчилардан сичқон, каламуш; судралиб юрувчилардан турли заҳарли ва заҳарсиз илонлар, эчкемар, калтакесаклар, сув ҳавзаларида сазан, лаққа, қорабалиқлар учрайди.
