Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва республика нуронийларининг Ўзбекистон халқига мурожаати
2024-09-17 19:15:00 / Yangiliklar
Қадрли ватандошлар!
Жонажон Ўзбекистонимиз ўз давлат мустақиллигининг 33 йиллигини кенг нишонлаб, ана шу даврда босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли йўлда эришган ютуқ ва марраларини чуқур таҳлил ва сарҳисоб этиб, янада улкан вазифаларни белгилаб олаётган мана шу шукуҳли кунларда қалбларимизда Ватанга меҳр ва ифтихор, ўз куч ва имкониятларимизга ишонч туйғуси янада кучаймоқда.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва изчил амалга оширилаётган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси амалда қандай улкан натижалар бераётганини ҳар биримиз ўз ҳаётимиз ва фаолиятимизда яққол кўриб, ҳис этиб келмоқдамиз.
Қисқа муддатда мамлакатимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишлардаги тараққиёт суръатлари кескин ўзгариб, янгича сифат ва мазмун касб этиб, беқиёс қудрат ва шиддатга эга бўлиб бормоқда.
Энг муҳими, юртимизда давлат ва жамият таянчи бўлган халқимизга, унинг бунёдкорлик салоҳиятига муносабат тубдан ўзгарди.
Инсон, унинг эркин ва фаровон ҳаёти барча ислоҳотлар марказида турадиган бош мақсадга айланди. Инсон қадрини, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш Конституция ва қонунларимиз даражасида қатъий қоида сифатида мустаҳкамланиб, барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари, раҳбар ходимлар фаолиятининг асосий мезони бўлиб бормоқда.
Иқтисодиётимизга жаҳон миқёсида устувор тенденцияга айланаётган рақамли ва “яшил” технологиялар жадал кириб келмоқда. Мамлакатимизда тадбиркорлик ва ишбилармонлик мисли кўрилмаган даражада ривожланмоқда.
Дунёда ва минтақамизда дўстларимиз ва ҳамкорларимиз кўпайиб, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори муттасил юксалиб бормоқда.
Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси ҳаётимизнинг турли хил соҳаларида илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган амалий натижалар бермоқда.
Ватанимиз ҳар томонлама тараққий этган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсон эркин яшаб, меҳнат қиладиган, замонавий билим ва касб-ҳунарга эга фарзандларимиз ўз бахтини айнан шу заминда топадиган, дунёдаги энг гўзал, тинч ва фаровон мамлакат бўлишини барчамиз орзу қиламиз ва шу мақсад йўлида бутун борлиғимиз билан ҳаракат қилишга тайёрмиз.
Давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган кенг кўламли, оқилона сиёсати, амалга ошираётган ислоҳотлари ана шу эзгу мақсадга қаратилгандир.
Шу йўлда Юртбошимизга камарбаста бўлиш – бу барчамиз интилаётган келажакни, оиламиз, фарзандларимизнинг бахту саодатини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва гаровидир.
Ҳурматли юртдошлар!
Биз сиз, азизларга ана шундай эзгу даъватлар билан мурожаат қилар эканмиз, муҳтарам Президентимиз томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг ажралмас бир қисми сифатида илгари сурилаётган ва кейинги йилларда махсус давлат дастури асосида амалга оширилаётган камбағалликни қисқартириш масаласига алоҳида эътиборингизни қаратмоқчимиз.
Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан юртимиз аҳолисининг муайян қисми ўртасида камбағаллик борлигини эътироф этиб, мамлакатимизда бу муаммони ҳал этишга қарор қилинганини жаҳон ҳамжамиятига эълон қилган эди.
Бу, ҳеч шубҳасиз, халқимизга бўлган юксак меҳр ва ғамхўрлик, Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига кўтариш йўлидаги қатъий ҳаракатларнинг яна бир ифодаси эди.
Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишдек тарихий миссияни зиммасига олган халқимиз етакчиси, аввало бу мақсадлар йўлида аҳолининг кам таъминланган қатлами турмуш шароитини яхшилаш, унинг ҳаётдан рози бўлиб, бахтли яшашини, ўзининг энг олий мақсади қилиб белгилагани миллатимиз бахти эмасми?
Барчамизга маълумки, муҳтарам Президентимиз камбағалликни қисқартириш бўйича муросасиз курашни бошлаган вақтда 7,5 миллион ёки жами аҳолининг 23 фоизи камбағаллик даражасида деб қайд этилган эди.
Камбағал фуқароларни кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни назарда тутувчи қонунчилик асослари яратилди, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Меҳр дафтари” каби мутлақо янги ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ишга туширилди.
Бу йўналишга сарфланаётган маблағлар миқдори йилдан-йилга изчил кўпайтирилди.
Хусусан, 2020 йилда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга 3,7 триллион сўм йўналтирилган бўлса, 2023 йилда 12,3 триллион сўм сарфланди. Сўнгги 3 йилда пенсия ва нафақалар миқдори ҳам 1,5 баравар оширилди.
Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун 35 триллион сўмлик арзон кредит ва 7 триллион сўм субсидия ажратилди, 260 минг гектар ер 800 минг аҳолига даромад топиши учун тарқатилди.
Ўтган даврда аҳолимиз сони 3,7 миллион нафарга кўпайиши билан бирга, камбағалликни белгилаш чегараси ҳам 1,5 каррага кўтарилди.
Самарали ва адолатли ижтимоий сиёсат ҳамда манзилли ва аниқ чора-тадбирлар кўрилиши натижасида шу қисқа фурсатда 3,5 миллион аҳоли етарли даражада даромадли бўлди ва 2023 йил якуни билан камбағаллик даражасининг 11 фоизга тушишига эришилди.
Бу кўрсаткичлар Янги Ўзбекистоннинг бош шиори қилиб “Инсон қадри учун!” деган халқчил тамойил белгилангани, аҳолининг ҳаётини эркин ва фаровон қилиш, одамларни шу азиз юрт равнақи йўлида сафарбар этишдек улуғ ниятни халқимиз нечоғли хайрихоҳлик ва ҳамжиҳатлик билан қарши олаётганининг яққол далолатидир.
Азиз ҳамюртлар!
Куни кеча Ўзбекистон Президенти камбағалликни қисқартириш масаласини яна бир бор ўта жиддий тарзда кун тартибига олиб чиқди. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг энг муҳим масаласи бўлиб қолиши белгиланди.
Бу тарихий қарордир!
Бундан буён аҳоли даромадларини оширишдек эзгу мақсад давлат ҳокимияти органлари масъулларининг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланди.
Биз бугун Янги Ўзбекистон халқига мурожаат қилар эканмиз, шундай саволларни ўртага қўймоқчимиз:
Камбағаллик нима? У қандай пайдо бўлади ва унинг сабаблари нимада? Камбағалликни қандай қилиб енга оламиз?
Камбағаллик фақат қонунлар ва фармонлар чиқариш билан эмас, балки жамиятнинг умуммиллий сафарбарлиги, бирлиги, шундай истак ва интилиш билан яшаши ҳисобига камаяди.
Бундай фалсафий саволдан мақсад шуки, биз токи одамларнинг дунёқараши, ҳаётга муносабатини тўғри шакллантира олмас эканмиз, демак, аждодларимизга хос бўлмаган боқимандалик, ўзибўларчилик каби иллатлар бизни узоқ йиллар камбағалликда ушлаб тураверади.
Ўтган йиллар давомида камбағалликни қисқартиришга тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳам чуқур таҳлил қилинди. Булар орасида барчамизнинг кўз ўнгимизда кенг оммалашаётган, халқимизнинг азалий урф-одатларига ёт бўлган дабдабабозлик, исрофгарчиликлар, кимўзарга тўй-маъракалар ўтказиш, ҳашаматли иморатлар солиш кабиларни келтириб ўтиш мумкин.
Мамлакатимиз аҳолисининг жадал суръатларда кўпаяётгани қанчалар қувонарли бўлса, навқирон авлодни ўқитиш, фарзандларни билимли, ҳаётга тайёр қилиб вояга етказишдек улкан вазифалар ҳам олдимизда кўндаланг турибдики, миллатнинг эртасини ўйлайдиган халқ бу масалаларни чуқур мулоҳаза, ўзаро елкадошлик ва ҳамжиҳатлик билангина ҳал қила олишини барчамиз теран англайдиган вақт келди.
Шундай экан, муҳтарам Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган ҳар бир масала ортида инсон тақдири, унинг эртанги куни, оила фаровонлиги ва пировард оқибатда юрт тинчлиги, ҳалоллик, адолат устуворлиги ва жиноятчиликнинг камайиши тургани айни ҳақиқатдир.
Шундай экан, жамиятда ҳеч бир киши бу ишда бефарқ қараб туришга ҳақли эмас, деб ўйлаймиз! Ҳар бир маҳалла фаоли, мактаблар ва олий таълим соҳаси мутасаддилари ўз фаолиятини адолат нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишлари зарур, деб ҳисоблаймиз.
Биз барча юртдошларимиз – тадбиркорлар, зиёлилар, касаба уюшмалари фаоллари ва нуронийлар, олимлар, ўқитувчи ва устозларни, ижодкор зиёлиларни ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳар томонлама – нафақат моддий, балки маънавий, руҳий елкадош бўлишга чақирамиз.
Биз бу йўлда тадбиркорлар, ишбилармонларнинг ҳар бир қўшган ҳиссасига давлатнинг алоҳида эътибори, имтиёзлари тизими шакллантирилганини, камбағалликда яшаётганларга берилган ҳар қайси кўмакнинг ҳисобда эканини алоҳида таъкидлаган ҳолда, аслида ҳар бир инсон ўз ҳамюртининг биродари ва дўсти, опаси ва акасидек яқин бўлишини англашнинг айни фурсати келганини таъкидлашни истар эдик.
Камбағаллик кулфатдир, у бир одамнинг эмас, жамиятнинг, халқнинг камчилиги, хатоси, эътиборсизлиги, лоқайдлиги ҳосиласидир ва унга қарши кураш барчамизнинг бурчимиз, деган қарашни ҳар бир инсон қалбига сингдиришни мақсад қилиб олишимиз зарур.
Чунки камбағалликда яшаш инсонни ҳаётдан совитади, унинг эртанги кунга умидини сўндиради, уни бефарқ ва мақсадсиз одамга айлантиради.
Бинобарин, бу муаммони бартараф этиш жамиятнинг барча аъзосига дахлдор масаладир.
Азиз юртдошлар!
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар кўлами ва натижалар қанчалик залворли бўлмасин, Давлатимиз раҳбари бу борада бутун халқимизга чақириқ билан чиқмоқда.
Президентимиз камбағалликни қисқартиришни умуммиллий ҳаракатга айлантириш ташаббусини илгари сурмоқда.
Бу масала бўйича махсус “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ишлаб чиқилмоқда.
Халқимиз сайлаган ҳар бир депутат, ҳукумат аъзоси, жойлардаги ҳокимдан тортиб, то маҳалла еттилигига қадар бўлган масъуллар билиб олсинки, Давлатимиз раҳбари томонидан уларнинг фаолияти фақат ва фақат аҳолига яратаётган шароитлар, жойлардаги оддий халқнинг фаровонлиги билан баҳоланади.
Қадрли ватандошлар!
Биз шу азиз юртни чин қалбдан севадиган ҳар бир инсонни шу муқаддас ғоя, олижаноб ташаббус атрофида бирлашишга чақирамиз.
Жамиятимизда йиллар давомида чуқур илдиз олган камбағаллик “касаллиги”ни даволашда, келгуси бир йилда камбағаллик даражасини сезиларли равишда туширишда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, Давлатимиз раҳбари атрофида бирлашайлик!
Энг аввало, камбағалликка тушиб қолган ҳар бир инсонга муносабатимизни ўзгартирайлик! Бундай инсонларни бегона эмас, ўз биродаримиз, фарзандимиз қатори ардоқлайлик, уларга шу муқаддас Ватанга бўлган муҳаббат ҳиссини тарғиб қилайлик, имконимиз борича уларни муносиб яшаш учун рағбатлантирайлик, уларга ҳар жиҳатдан ёрдамлашайлик!
Жамиятимизда камбағалликни кескин камайтириш бўйича муҳтарам Президентимизнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, биз – касаба уюшмалари фаоллари ва республика нуронийлари қуйидаги вазифаларни амалга оширишни белгилаб олмоқдамиз:
биринчидан, маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда хонадонбай юриб, оила аъзоларининг биронтаси даромадли иш билан банд бўлмаган ёки оила боқувчиси ягона бўлгани сабабли оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оилаларнинг рўйхатини тузиш;
иккинчидан, ҳар бир туман ва шаҳарда 10 тадан эҳтиёжманд оилани камбағалликдан чиқариш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш, хусусан, уларнинг соғлиғини тиклаш ва ўқитишдан тортиб, доимий даромадга эга бўлишига қадар кўмаклашиб бориш;
учинчидан, кам таъминланган аҳолини кооперацияларга жалб қилиш, тадбиркорликка ва касбга ўргатиш, иш ўрни яратувчи тадбиркорлар билан ҳамкорлик ўрнатиш орқали ҳар йили 5 мингта янги иш ўрни яратиш;
тўртинчидан, меҳнат қилиб даромадли бўлиш истагини билдирган ёшларни касбга ўргатиш, камида 5 миллион сўм даромад қиладиган иш билан банд қилиш чораларини кўриш;
бешинчидан, ишлашга иштиёқи бўлган, имконияти чекланган аҳоли вакилларининг 5 минг нафарига ногиронлик аравачаси ва бошқа реабилитация воситалари бериб, касалликларини даволашга кўмаклашиш, уларни даромадли касбларга ўргатиш ва камбағалликдан чиқариш;
олтинчидан, бир йилда 5 минг нафар ногиронлиги бўлган болани реабилитация марказларида даволашда кўмаклашиш;
еттинчидан, эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли йигит ва қизлари мамлакатимиз ва хорижий университетларга грант қўлга киритиши учун ёрдам бериш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида ҳар йили 100 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг фарзандини ўқитиб, уларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш;
саккизинчидан, кам таъминланган оилаларнинг 4 минг нафар фарзандини болалар оромгоҳларида бепул соғломлаштириш;
тўққизинчидан, кам таъминланган оилаларнинг 100 нафар фарзандини сув спорти мажмуаларида бепул соғломлаштириш;
ўнинчидан, 1 минг нафар эҳтиёжманд фуқаро ва 1,5 минг нафар ёлғиз нуронийни тизимдаги санаторийларда бепул соғломлаштириш;
ўн биринчидан, 10,5 минг нафар нуронийнинг саломатлигини тиклаш учун спорт комплексларига абонемент харажатларини қоплаб бериш;
ўн иккинчидан, ҳар йили Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалардан
37 минг нафарининг ҳолидан хабар олиш, уй-жой шароитларини яхшилаш;
ўн учинчидан, нуроний ва эҳтиёжманд 200 минг нафар фуқарони юртимизнинг сўлим гўшаларида дам олишларини ташкиллаштириб, шу ерда уларга тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш бўйича мотивацион семинарлар ташкиллаштириш.
Ҳурматли ватандошлар!
Бу эзгу йўлда қайси касбу кор эгаси, қайси миллат ва элат фарзанди бўлмасин, ҳеч ким четда қолмаслиги керак!
Шу мақсадда барчамиз бирлашиб, юртимизни обод ва фаровон мамлакатга айлантирайлик!
Зеро, “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!”