ЯШНОБОД ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ ТУМАН АҲОЛИСИ ВА ТАДБИРКОРЛАРИГА МУРОЖААТИ
2026-09-12 23:55:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли туманимиз аҳолиси, қадрли тадбиркорлар ва ишбилармонлар!
Давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ишсизликни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш туман ҳокимларининг энг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган.
Муҳтарам Президентимизнинг Тошкент шаҳри Олмазор туманига ташрифлари давомида ҳудуддаги ҳар бир кўча, маҳалла, мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан менга ҳам муҳим талаб қўйилди:
“Ҳар бир туман ҳокими қайси кўчада, қачон, нима ўзгаришини маҳаллий кенгашда ҳимоя қилиб, аҳолига эълон қилиши керак. Ана шунда одамлар ҳар бир лойиҳа вақтида топширилиши ва сифатини ўзи талаб қилиб олади”.
Ушбу топшириқ асосида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларини белгилаб олдим.
Шунинг учун бугун қуруқ ҳисоботлар эмас, балки ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча ва ҳар бир оиланинг реал муаммоларини ҳал этишга қаратилган аниқ режаларимизни сизларнинг эътиборингизга тақдим этмоқдаман.
БИРИНЧИ. ОЧИҚ ҲАҚИҚАТ ВА ҲАЛ ЭТИЛИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН МУАММОЛАР
Биз бугун олдинга силжиш учун, аввало, туманимиздаги реал ҳолат ва мавжуд камчиликларни очиқ тан олишимиз керак.
Туманда бозорлар, савдо нуқталари ва хизмат кўрсатиш объектлари кўп бўлишига қарамасдан, замонавий савдо комплекслари мавжуд эмас.
Шунингдек:
-
сўнгги йилларда кўп қаватли уйлар кўплаб қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса-да, уларга кўчиб келган аҳолини ижтимоий инфратузилма — мактаб, боғча ва тиббиёт муассасалари билан таъминлаш ишлари бугунги талаб даражасида эмас;
-
“Уччинор”, “Товкентепа”, “Ташисти”, “Жарбоши”, “Хилол”, “Арғин”, “Боғбон”, “Моҳирлар” маҳаллаларида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари тўлиқ якунланмаган, оқова сув тармоқлари ҳам етарли даражада мавжуд эмас;
-
туманда 5 мингдан зиёд ўрта махсус маълумотли мутахассисларга талаб мавжуд бўлса-да, мавжуд техникум ва касб-ҳунар марказларида бугунги меҳнат бозори талаб қилаётган замонавий касб йўналишлари етарли эмас;
-
Яшнобод тумани ҳокимлиги ва давлат идоралари бўлинмаларининг турли ҳудудларда жойлашгани фуқаролар ва тадбиркорларнинг ортиқча оворагарчилиги ҳамда вақт йўқотишига сабаб бўлмоқда. Бу эса аҳолининг кайфиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бу камчиликларни очиқ тан оламан.
Уларни бартараф этиш учун мавжуд барча имконият ва ресурсларни сафарбар этиб, шахсий масъулиятни тўлиқ ўз зиммамга оламан.
ИККИНЧИ. ИНФРАТУЗИЛМА ВА ОБОДОНЛАШТИРИШ
Маҳаллаларда ободонлаштириш, санитария ҳолатини яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва хавфсиз муҳит яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади.
Бу йил дастурга киритилган “Қорасув”, “Алимкент” ва “Оҳангарон шоҳ” кўчалари ҳамда Қорасув каналини ободонлаштириш ишлари билан чекланиб қолмаймиз.
Ишлар Мирзо Улуғбек, Мавлоно Риёзий, С. Машҳадий–Олтинтепа, Махтумқули, Паркент, Ависозлар, Бирлашган ва Бешариқ кўчаларида ҳам бошланади.
Ушбу йўналишда:
-
15,3 км йўл қопламаси ва пиёдалар йўлаклари қурилади;
-
510 та ёритиш мосламаси ва 20 та хавфсизлик камераси ўрнатилади;
-
биринчи қаватлардаги 225 та савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ягона архитектура ва ташқи кўринишга келтирилади;
-
750 минг квадрат метр ҳудуд кўкаламзорлаштирилади;
-
500 та ўтириш жойи ташкил этилади;
-
6 та яшил боғ ва 1 та сунъий кўл барпо этилади;
-
8 та 24/7 режимида фаолият юритувчи гастрономик кўча ташкил этилади;
-
130 та тадбиркорлик субъекти учун янги имкониятлар яратилади.
Ҳар бир кўча бўйича масъул ҳоким ўринбосари, пудратчи ташкилот номи, ишларнинг бошланиш ва якунланиш санаси маҳалланинг эълон тахтасига очиқ жойлаштирилади.
Туманнинг 67 та маҳалласида Олмазор туманидаги “Қичқириқ” маҳалласи намунасида манзилли дастур асосида ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Ҳар бир лойиҳа маҳалла фаоллари иштирокида муҳокама қилинади.
“Долзарб 40 кунлик” доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари давом эттирилади. Асосий эътибор куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни беталофат ўтказишга қаратилади.
Энергетика ва коммунал инфратузилманинг барқарор ишлаши, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш учун шахсан жавоб бераман.
Шунингдек, ноқонуний қурилмаларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳлар фаолияти доимий давом эттирилади.
УЧИНЧИ. ИҚТИСОДИЙ ЎСИШ, ИНВЕСТИЦИЯ ВА ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ
Камбағалликни қисқартириш бўйича 1 211 та камбағал оиладаги 844 нафар ҳамда 275 та камбағаллик чегарасидаги оиладаги 191 нафар фуқароларнинг даромадларини ошириш чоралари кўрилади.
Жами 1 035 нафар фуқаронинг даромад манбасини яхшилаш мақсад қилинган.
Шу билан бирга:
-
6 129 нафар ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилади;
-
6 828 та ўзини ўзи банд қилиш лойиҳаси амалга оширилади;
-
154 та оилавий тадбиркорлик лойиҳаси ривожлантирилади.
Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларини нотурар жойга ўтказмасдан, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолиятига мослаштириш учун имконият яратилади. Туманимизда бундай салоҳиятга эга 7 мингта квартира мавжуд.
Тадбиркорлар учун гаровсиз кредит лимити 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмга оширилди.
Туманда 2 та йирик замонавий савдо комплекси қурилиши бошланади. Уларда 1 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолиятини йўлга қўйиши ва 2 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Шу йилнинг ўзида 8 та банк билан ҳамкорликда 600 нафар янги тадбиркор фаолияти йўлга қўйилиб, 2,5 мингта иш ўрни яратилади.
Туман маъмурий маркази
“Уччинор” маҳалласида туман ҳокимлиги захирасида бўш турган 1 гектар ер майдонида Туман маъмурий маркази барпо этилади.
Туман ҳокимлиги ва давлат идоралари бўлинмаларининг мазкур маъмурий марказга кўчирилиши натижасида бўшайдиган бинолар белгиланган тартибда оммавий савдоларга чиқарилади.
Шунингдек, тумандаги айрим ташкилотларга тегишли, тўлиқ қувватда ишлатилмаётган 15 та давлат объекти бўш ер сифатида эмас, балки тайёр лойиҳа кўринишида савдога чиқарилади.
Туман иқтисодиётига жами 800 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилади. Бундан ташқари, 37,7 миллион долларлик алоҳида инвестиция режаси орқали қўшимча қиймат яратилади.
Йил якунига қадар:
-
саноат ишлаб чиқариш ҳажми 40,2 триллион сўмга етказилади;
-
саноатда ўсиш суръати 110 фоиз таъминланади;
-
хизматлар ҳажми 27 триллион сўмга етказилади;
-
хизматлар соҳасида ўсиш суръати 117,4 фоиз таъминланади.
Бу натижалар орқали туманимизни йил якунига қадар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришни мақсад қилганмиз.
Туманимизнинг ички салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, уни Тошкент вилояти аҳолисини янги яратилаётган ва мавжуд бўш иш ўринлари ҳисобига иш билан таъминлашга хизмат қиладиган марказга айлантирамиз.
Бунинг доирасида вилоятдан 5 минг нафар ишсиз фуқаро жалб қилиниб, тумандаги 60 та корхонага ишга жойлаштирилади.
Йил якунига қадар ушбу йўналишда 5 минг нафар инсонни барқарор даромад манбаи билан таъминлаш вазифасини шахсан ўз зиммамга оламан.
ТЎРТИНЧИ. ТАЪЛИМ, ЁШЛАР ВА ИЖТИМОИЙ ИНФРАТУЗИЛМА
“Қалқон” маҳалласи ҳудудида 360 ўринли янги мактабгача таълим ташкилоти қурилиши бошланади.
“Боғбон” маҳалласида 200 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, маҳалланинг боғчага бўлган эҳтиёжи қопланади.
Шунингдек, аҳолиси зич маҳаллаларда йил якунига қадар манзилли дастур асосида 1 та давлат ва 2 та хусусий боғча лойиҳасини амалга ошириш бошланади.
Бундан ташқари, 373-, 421-, 557- ва 558-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги 15 та ёпиқ гуруҳ таъмирланиб, қўшимча 450 та ўрин яратилади.
Ёшлар учун замонавий касб-ҳунар таълими
Ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш мақсадида йил якунига қадар 5 та соҳа йўналишида 200 ўринли замонавий касб-ҳунар ўқув курслари очилади.
Талабалар учун шароитлар
Бугунги кунда туманимизда 9,1 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 120 та талабалар турар жойида ва қарийб 1 минг нафари ижарада яшаётганини инобатга олган ҳолда, талабаларнинг яшаш ва ўқиш шароитлари билан шуғулланадиган алоҳида тизимни бир ой ичида йўлга қўямиз.
Ушбу тизим доирасида ҳудудларни тоза сақлаш, китоб-кафелар ташкил этиш, маданий тадбирлар ўтказиш ва талабалар учун зарур инфратузилмани шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
БЕШИНЧИ. ЗАМОНАВИЙ БОШҚАРУВ ВА ШАХСИЙ МАСЪУЛИЯТ
Ҳар бир мурожаат бўйича “мурожаатдан — натижагача” тамойили жорий этилади.
Вазиятлар маркази, сунъий интеллект ва рақамли мониторинг тизимлари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда, ҳар бир мурожаат ва лойиҳанинг ижросини реал вақт режимида шахсан назорат қиламан.
Раҳбарларнинг шахсий масъулияти кучайтирилиб, ҳар бир топшириқ ижроси бўйича ҳафталик ва ойлик натижадорлик таҳлиллари йўлга қўйилади.
Юқорида қайд этилган ҳар бир объект бўйича масъул шахс ва аниқ муддат очиқ эълон қилинади.
Белгиланган кун ва соатда маҳаллий Кенгаш йиғилишида ушбу режалар ижроси бўйича биринчи ҳисоботни бераман. Муддати ўтган ҳар бир объект бўйича кечикиш сабабларини шахсан тушунтираман.
2026 йил якунига қадар белгиланган мақсадларга эришишни, 2027 йилда эса иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва экология соҳаларида 262 миллион долларлик 45 та янги лойиҳани амалга ошириб, бошланган ишларни янги босқичга олиб чиқишни кафолатлайман.
МУРОЖААТЛАРИНГИЗ — БИЗ УЧУН НАЗОРАТ ВОСИТАСИ
Азиз тумандошлар!
Туманда ташкил этилган Вазиятлар марказига 24/7 режимида ўз мурожаатларингиз, таклиф ва муаммоларингизни юборишингизни сўрайман.
Телефон: 1076
Telegram канал/бот: Yashnobod_Vaziyatlar_markazi_bot
Ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмайди. Мурожаатдан унинг аниқ натижасигача бўлган жараён назорат қилинади.
АЗИЗ ТУМАНДОШЛАР ВА ҲУРМАТЛИ ИШБИЛАРМОНЛАР!
Юқорида белгиланган ҳар бир мақсад ортида туманимиз фаровонлиги ва халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи мужассам.
Барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этган ҳолда, туманимизни камбағаллик ва ишсизликдан батамом холи ҳудудга айлантириш ҳамда эришилган натижаларни барқарор сақлаб қолишга қатъий ваъда бераман.
Ишончим комилки, сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз, ҳалол меҳнатингиз ва кучли жамоатчилик назорати билан биз кўзланган марраларга албатта эришамиз.
Яшнобод туманини пойтахтимизнинг энг илғор, обод ва намунали ҳудудларидан бирига айлантирамиз.
Туманимизнинг фаровон келажаги ва юксалиши йўлида барчамиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилайлик!
Ҳурмат билан,
Яшнобод тумани ҳокими
Б. Раҳманкулов








