“Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!”
2026-03-24 10:30:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда Янгийўл шаҳрининг барча маҳаллаларида халқ сайиллари, маданий-маърифий тадбирлар кенг кўламда ташкил этилиб, яшариш ва янгиланиш фасли умумхалқ байрамига айланмоқда.
Айниқса, шаҳримиз марказида “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” деган бош ғоя асосида ўтказилган байрам тадбири барчага унутилмас шодумонлик бағишлади. Тадбир аввалида шаҳар ҳокими Р.Райимов сўзга чиқиб, йиғилганларни қутлуғ айём билан самимий муборакбод этиб, шарқона йилбоши юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ҳамда барча соҳалар ривожи учун қут-баракали бўлишини тилади.
Шундан сўнг, байрам саҳнасида намойиш этилган миллий рақслар, жажжи болажонларнинг чиқишлари, эл ардоғидаги санъаткорларнинг куй-қўшиқлари ҳамда ранг-баранг шоу дастурлар томошабинларга кўтаринки кайфият улашди. Наврўз сайиллари давомида миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналаримизнинг бетакрор жозибаси яна бир бор намоён бўлиб, бу улуғ айёмнинг инсон қалбини эзгуликка, меҳр-оқибат ва бирдамликка чорловчи руҳияти яққол сезилди.









