Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоевнинг Наврўз байрами муносабати билан туман халқига байрам табриги
2025-03-21 06:55:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Бугун жонажон юртимизга гўзаллик ва нафосат, яшариш ва янгиланиш, меҳр ва оқибат байрами – Наврўзи олам кириб келмоқда.
Шундай қутлуғ кунда бутун Янгиобод аҳлини бугунги улуғ айём – Наврўз байрами билан самимий табриклайман.
Бугунги файзли кунда барчангизга тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, бахту саодат ва улкан ютуқлар тилайман. Наврўзи олам элимиз, оилаларимиз ва барча-барчамиз учун қутлуғ келсин!
Азиз Янгиободликлар!
Айни кунларда юртимиз бўйлаб катта шодиёналар билан нишонланаётган халқ сайлларида «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган эзгу ғоя мужассамдир.
Негаки, Наврўз нафақат яшариш ва янгиланиш айёми, балки, у ҳар қандай гина ва низоларни унутиш, тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш, аҳиллик ва бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бебаҳо бойлик эканлигини улуғлаши билан бирга, Ватанга наф келтириш, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишдек ниятларни рўёбга чиқариш шодиёнаси бўлганлиги билан ҳам қадрлидир.
Шу боис қут-барака ва мурувват каби хусусиятларни ўзида мужассам этган бу гўзал баҳор айёмини барчамиз орзиқиб кутамиз ва хурсандчлиик билан байрам қиламиз. Бу байрамда одатимизга айланиб кетган қадриятлар - бир-бирига меҳр кўрсатиш, беморлар, кўнгли ярим инсонларга беминнат ёрдам бериш, табаррук кексаларимизнинг дуосини олиш каби ота-боболаримизнинг удумларини давом эттиришга интиламиз.
Қадрли дўстлар!
Кириб келаётган Наврўз ўзининг буюк қудрати билан табиатни уйғотмоқда. Амалга ошираётган ислоҳотларимиз эса жамиятни, халқимизнинг онгу тафаккури, беқиёс салоҳиятини уйғотмоқда.
Дарҳақиқат, “Атроф муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб ном олган ушбу йилимизнинг мазмун-моҳиятида аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишдек эзгу мақсад, халқимиз ва келажак авлод учун кенг имкониятлар яратишдек устувор вазифа турибди.
Ҳозирги кунда туманимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар айни шу улуғ мақсадга — ҳар кунимиз Наврўз бўлишига, яъни, эл-юртимиз ҳаётининг обод ва фаровон бўлишига қаратилгани барчамизга аёндир. Биз шу йўлда ўз олдимизга улкан вазифаларни қўйдик ва уларни албатта сизлар билан бирга амалга оширамиз.
Қадрли тумандошлар!
Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг, эзгу ўзгаришларнинг барчасига тинч ва осуда ҳаётимиз сабабчи эканлигини ҳам алоҳида таъкидламоқчиман.
Албатта, осойишта ҳаёт сабаб улкан режаларни амалга ошириш учун ҳаракат қиляпмиз, байрамларимизни қувонч билан қаршилаяпмиз. Янги умидлар билан кириб келаётган шарқона янги йилимизда ҳам кўзлаган мақсадларимизга албатта етамиз. Яратганнинг ўзи бизни мана шундай эзгу умидларимиздан айирмасин.
Наврўзи олам ҳар бир инсон, ҳар бир оилага тинчлик-хотиржамлик, яхшилик ва файзу барака олиб келсин! Фидойи деҳқон ва фермерларимизнинг, барча меҳнаткашларимизнинг омадини берсин, эккан ниҳолларимизнинг илдизи бақувват, ҳосилимиз мўл, хирмонларимиз баланд бўлсин, ишларимиз бароридан келсин. Хонадонларимиздан тинчлик-хотиржамлик, файзу барака аримасин!
Азизлар! Сизларни яна бир бор баҳор ва хурсандчилик айёми билан чин юракдан табриклаб, табаррук оталаримиз, мунис оналаримизнинг умрлари узоқ, ака-ука, опа-сингилларимизнинг кўнгилларидаги пок ниятлари ижобат бўлишини тилайман.
Юртимиз тинч ва осойишта, халқимиз доимо соғ-омон бўлсин!
Наврўзи олам барчангизга муборак бўлсин!
