Янги Наманган туманида замонавий туғруқ комплекси барпо этилмоқда
2026-09-23 12:20:00 / Янгиликлар
Янги Наманган туманининг “Чаманзор” маҳалласида “DENTAFILL MEGA PHARM” МЧЖ томонидан замонавий гинекология маркази ва туғруқ комплекси қурилмоқда. Қиймати 7 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида 70 та янги иш ўрни яратилади.

Марказда аёллар онкологик касалликлари ва бепуштликни даволаш йўналишларида замонавий тиббий технологиялардан фойдаланилади. Шунингдек, Германиядан келтириладиган тиббий ускуналар билан жиҳозланиши режалаштирилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 60 нафар беморга хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.
Аҳамиятлиси, марказда оналар ва чақалоқлар учун “чиллахона” ташкил этилиб, туғруқдан кейинги даврда зарур парвариш ва тиббий кузатув йўлга қўйилади.
Туман ҳокими объектда бўлиб, қурилиш ишларининг бориши билан танишди ва масъулларга лойиҳани сифатли ҳамда белгиланган муддатларда амалга ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.
Янги Наманган тумани ҳокимлиги ахборот хизмати






